date
views 300

Сайлов кодекси ва 7 та қонунга ўзгартириш киритилади

Сайлов кодекси ва 7 та қонунга ўзгартириш киритилади

«Айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Конституциявий қонун лойиҳасида Сайлов кодексига ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қонунчилик палатаси сайловини аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш таклиф этилмоқда. Жумладан:

а) сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда;

б) Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (номзодлар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда;

в) ягона сайлов округида депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан номзодлар рўйхати асосида тақдим этилиши назарда тутилмоқда;

г) сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси; ҳудудий сайлов комиссиялари; туман ва шаҳар сайлов комиссиялари; халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари сайлов комиссиялари тизимини ташкил этиши белгиланмоқда;

д) партия рўйхатини рўйхатга олиш муддатлари ва тартиботлари белгиланмоқда;

е) партия рўйхатидан депутатликка номзодни чиқариш, партия рўйхати асосида шакллантирилган ва бўшаб қолган Қонунчилик палатаси депутатлари ўрнини тўлдиришга доир нормалар белгиланмоқда;

ж) ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов натижаларини аниқлаш ва депутатлик ўринларини тақсимлаш тартиби белгиланмоқда.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши белгиланмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг, ҳудудий сайлов комиссияларининг, округ ва участка сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда.

Ўзбекистон президентининг такрорий сайлови муддатини қирқ кундан етмиш кунга узайтириш таклиф этилмоқда. Туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар билан тўлдирилмоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонунга ҳам қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Референдум ташкил этиш ва ўтказишда референдум округларини тузиш тартиби бекор қилиниб, мазкур вазифа Қорақалпоғистон Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Марказий сайлов комиссиясига:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари учун мандат намунасини белгилаш;

имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текшириш учун ички ишлар органларининг, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда эксперт гуруҳини тузиш ваколатлари берилмоқда;

туман, шаҳар сайлов комиссияларининг ҳамда участка сайлов комиссияларининг ваколатлари белгиланмоқда;

Ўзбекистон ҳудудида жойлашган референдум участкаларида овоз бериш қутиларини соат 20:00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда;

Марказий сайлов комиссиясининг овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарори устидан Олий судга шикоят қилиш муддатини референдум якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кундан беш кунга қисқартирилмоқда; 

референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирок этиш тартиби белгиланмоқда.

«Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги ҳамда «Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги конституциявий қонунлардан Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича сайланиши тўғрисидаги норма чиқариб ташланмоқда.

«Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонунда сиёсий партиядан кўрсатилган ва Қонунчилик палатасига сайланган депутат фақат шу партия фракциясининг аъзоси бўлиши белгиланмоқда.

Халқ депутатлари кенгашларини сайлаш Сайлов кодексида белгилангани муносабати билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонундаги ҳаволаки норма аниқлаштирилмоқда.

«Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги ҳамда «Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги қонунларда номзодлар рўйхати асосида сайланган депутатлар сайловчилар билан алоқаси улар аъзо бўлган сиёсий партия фракцияси томонидан белгиланиши акс эттирилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сайлов кодекси ва 7 та қонунга ўзгартириш киритилади