10:13 / 24.10.2023
190

Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи расмий саммити Ўзбекистонда бўлиб ўтади

Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи расмий саммити Ўзбекистонда бўлиб ўтади
Фото: Alexandros Michailidis/European Union

Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари илк бор Европа Иттифоқининг барча 27 давлати вакиллари билан бир вақтнинг ўзида учрашди. 23 октябр, душанба куни Люксембургда Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгаши йиғилишидан сўнг ташқи ишлар вазирлари даражасидаги норасмий учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашув 2024 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» биринчи расмий саммитига тайёргарликнинг бир қисмидир, дейилади йиғилиш якунлари бўйича қўшма коммюникеда.

Европа Иттифоқи «Марказий Осиё мамлакатларига глобал муаммоларни қўшма имкониятларга айлантириш учун ҳамкорликни таклиф қилишга тайёр», деди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррел, европаликларнинг Марказий Осиё давлатлари билан стратегик ҳамкорликни «янги босқичга кўтариш» истагини таъкидлаб. Унинг сўзларига кўра, Брюссел Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги ислоҳотларни доимий қўллаб-қувватлашга тайёр.

Йиғилиш иштирокчилари Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича Қўшма йўл харитасини қабул қилди. Боррелга кўра, бу, айниқса, Россиянинг Украинага бўлган тажовузи ва Афғонистонда «Толибон» ҳукмронлиги каби воқеалар нуқтаи назаридан муҳим. «Бугунги учрашув бизни халқаро муносабатларнинг кўплаб тамойиллари, хусусан, БМТ Низомига риоя қилиш, барча мамлакатлар мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш мажбуриятини баҳам кўришимизни тасдиқлади», — деди у.

Йиғилишда, жумладан, Европа Иттифоқининг Россияга қарши жазо чоралари ва уларни четлаб ўтишга қарши кураш муҳокама қилинди. «Европа Иттифоқи санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш муҳимлигини таъкидлади ва иштирокчилар бу йўналишдаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди», дейилади Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатларининг қўшма баёнотида.

Вазирлар 2024 йилда яна учрашишга келишиб олди, Туркманистон вакили эса навбатдаги учрашувни ўз мамлакатида ўтказишни таклиф қилди. Бунгача, 2024 йилнинг 29-30 январ кунлари Брюсселда юқори мартабали амалдорлар, халқаро молия институтлари ва бизнес вакиллари иштирокида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» инвестиция форуми бўлиб ўтади. Форумдан кўзланган мақсад икки минтақа ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан иборат.

Сентябр ойи охирида Берлинда Марказий Осиё давлатлари ва Германия саммити бўлиб ўтди.

Европа Иттифоқи Қозоғистонни 2022 йил январидаги воқеаларни тергов қилишга чақирди

23 октябр куни, шунингдек, Люксембургда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мурат Нуртлеу ва ҳозирда Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган унинг испаниялик ҳамкасби Хосе Мануэл Албарес Буэно раислигида Европа Иттифоқи – Қозоғистон ҳамкорлик кенгашининг 20-йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашув якунлари бўйича матбуот баёнотига кўра, Хосе Мануэл Албарес Россияга санкция қўйилган товарларнинг реэкспорт қилинишини тўхтатиш ва Европа Иттифоқининг жазо чораларини четлаб ўтишга қарши курашиш бўйича кейинги ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлади. Вазирлар дезинформация таҳдидини ҳам муҳокама қилди. «Европа Иттифоқи яна бир бор 2022 йил январ воқеалари бўйича тўлиқ, шаффоф ва мустақил тергов ўтказиш муҳимлигини таъкидлайди», — дея маълум қилди Брюссел.

Бундан ташқари, ЕИ кенгаши вакили давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш зарурлигини таъкидлаб, Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралади ҳамда Қозоғистонни халқаро ҳуқуқ ва қоидаларга асосланган халқаро тартибни қўллаб-қувватловчи принципиал позицияни сақлашга чақирди.

2023 йилда Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг 30 йиллиги нишонланяпти ва улар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми рекорд даражага етди. Қозоғистоннинг асосий савдо шериги ва асосий хорижий инвестор сифатида Европа Иттифоқи бу мамлакатда модернизация ва ислоҳотлар тарафдори, дея билдирди Брюссел. У Қозоғистоннинг Европа Иттифоқининг энергетик хавфсизлигини таъминлашдаги ролини эътироф этди ва бу мамлакатда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини билдирди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият