Франция пойтахти Парижда жойлашган Миллий табиий тарих музейида ноодатий ўғирлик содир бўлди. Actu17 портали тарқатган маълумотга кўра, ҳодиса душанба кечасидан сешанбага ўтар тун содир бўлган ва натижада катта миқдорда моддий зарар етказилган.
Маълум бўлишича, қароқчилар музейга яхшигина тайёргарлик билан киришган. Улар ҳимоя тизимини четлаб ўтишга муваффақ бўлиб, жами олтита олтин қуймасини олиб қочган. Уларнинг умумий баҳоси тахминан 600 минг еврога тенг бўлиб, бу Франциядаги сўнгги йиллардаги энг йирик музей ўғирликларидан бири сифатида қайд этилмоқда.
Ҳозирда воқеа юзасидан тергов ишлари бошланган. Франция суд полициясининг бандитизмга қарши махсус бригадаси бу ишни назоратга олган ва ўғирликни амалга оширган шахсларни топиш учун барча кучлар йўналтирилган. Терговчилар қароқчиларнинг ҳаракатлари жуда аниқ ва режали бўлганини таъкидлашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Миллий табиий тарих музейи Франциядаги энг йирик илмий тадқиқот марказларидан бири ҳисобланади. У ўз ичига турли лабораториялар, кутубхоналар, ботаника боғи ва ҳатто Винсен ҳайвонот боғини ҳам қамраб олади. Шу боисдан, у нафақaт илмий жиҳатдан, балки маданий ва маърифий нуқтаи назардан ҳам катта аҳамиятга эга.
Август ойида ушбу музей киберҳужум қурбони бўлгани ҳақида France Info хабар берган эди. Бир неча ҳафта давом этган бу ҳужум туфайли онлайн тадқиқот ишлари, кутубхона фаолияти ва турли экспертизалар амалга оширилиши қийинлашган. Шу боис ҳозирги ўғирлик воқеаси музейда хавфсизлик тизимлари қай даражада ишлаётгани ҳақида янада кўпроқ саволлар туғдирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!