Швеция ҳукумати таълим тизимида жиддий ўзгаришларни амалга оширишга қарор қилди. 2026 йилнинг кузидан бошлаб мамлакат бўйлаб барча мактабларда ўқувчиларнинг мобил телефондан фойдаланиши тўлиқ тақиқланади. Бу ҳақда «Guardian» нашри хабар тарқатди.
Янги тартиб 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларга тааллуқли бўлади. Қоидага кўра, ҳар бир мактабда дарслар бошланишидан олдин ўқувчилардан мобил телефонлар йиғиб олинади ва фақат дарслар тугагандан кейин уларга қайтариб берилади. Мақсад — ўқув муҳитини янада самарали қилиш ва болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш.
Швецияда қабул қилинган мазкур қарор Европанинг қатор давлатларидаги амалиёт билан уйғун келади. Масалан, Данияда йил бошида ҳукумат комиссияси болалар масканларида ва мактабларда мобил телефонларни чеклашни тавсия этганди. Уларнинг фикрича, 13 ёшгача бўлган болалар ўз смартфони ёки планшетига эга бўлмаслиги керак.
Норвегия эса ўтган йили ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун қатъий ёш чегарасини жорий қилди. Ҳукумат 15 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаб, технология компанияларини «ёш авлод миясига салбий таъсир кўрсатишда» айблади.
2024 йил январь ойида Нидерландияда деярли барча мактабларда смартфонлар тақиқланди. Кейинги тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, бу тартиб ўқув муҳитини сезиларли даражада яхшилаган. Сўровнома иштирокчиларининг 75 фоизи болаларнинг диққатини жамлаш осонлашганини айтган, 28 фоизи эса таълимдаги натижалар анча яхшиланганини қайд этган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!