Янги таҳрирдаги “Адвокатнинг касб этикаси қоидалари” лойиҳаси адвокатлар ва жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўларкан, кун тартибидан тўлиқ чиқариб ташланди. Бу ҳақда янги таҳрирдаги касб этика қоидаларини ишлаб чиқиш учун тузилган ишчи гуруҳ аъзоси Муҳиддин Раҳимов маълум қилди.
“Кеча, 1 ноябр куни Адвокатлар палатасида ишчи гуруҳининг алоҳида йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда “Адвокатнинг касб этикаси қоидалари”нинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ҳамда тафтиш комиссиясининг Низоми каби ҳужжатларни янги таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилди”, – деди адвокат.
Муҳиддин Раҳимов, шунингдек, Kun.uz мухбирининг: “Палата адвокатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи орган бўлса, нега уларнинг сўз ва фикр эркинлигини чекловчи лойиҳани таклиф қилди”, деган саволига жавоб берди.
“Буни (лойиҳани) биз ишлаб чиқмаганмиз. Унинг қаердан келганини ҳеч ким билмайди, масалан, шахсан мен билмайман. Баъзилар адлиядан келди, дейишди, баъзилар раҳбариятдан деяпти, лекин шахсан менга унинг қаердан келгани қоронғи.
Менимча, кун тартибидан олинган ишни яна ковлаш мақсадли эмас. Унинг ижодкори ким, муаллифи ким – суриштириб нима қиласиз. Лойиҳа кун тартибидан олинди, мана шу асосийси”, – деди ишчи гуруҳ аъзоси.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳанинг 55-моддасида қуйидагича тартибни белгилаш таклиф этилганди:
“Адвокат оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларини муҳокама қилмаслик, уларга нисбатан ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материалларни жойлаштирмаслиги лозим”.
Лойиҳа муаллифлари буни қуйидагича изоҳлаган:
“Адвокатлар бугунги кунда ижтимоий тармоқларда фаол ва бу фаоллик аксарият ҳолларда ҳокимият вакилларининг қонуний хатти-ҳаракатларини танқидий муҳокама қилиш, фуқароларда давлатга ва амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ишончсизлик ҳолатини келтириб чиқариш ҳам учрамоқда. Мазкур вазиятлар кескинлашиб, халқнинг ноқонуний митинглар уюштириши, аҳоли тинчлиги бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Шу боисдан, уларнинг ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги хулқ-атвор қоидаларини белгилаб бериш мақсадга мувофиқ”.
Қайд этиш лозим, Ўзбекистонда бирор марта адвокатларнинг интервюлари ёки интернетдаги постлари ортидан ноқонуний митинг бўлгани жамоатчиликка маълум эмас.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг