Фото: Kun.uz
Тошкентда ўтказилаётган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусига бағишланган анжуманда ўзбек тилининг лотин ёзувига асосланган алифбоси ислоҳи масаласи кўтарилди, унга президент маслаҳатчиси Саида Мирзиёева тўхталиб ўтди.
“Бугун мен жуда долзарб масалага тўхталишни истардим. Ўтган йиллар давомида миллий алифбони ислоҳ қилиш масаласида кўплаб фикрлар тингланди, қизғин баҳслар олиб борилди. Аммо бир тўхтамга келинмади. Бир мисолга эътиборингизни қаратсам, лотин ёзувига асосланган алифбомизда ҳатто Ватанимиз номи ҳам сиз мониторда кўриб турганингиздек, турли жойларда турлича ёзилмоқда. Энди сизга савол бермоқчиман, мониторда Ўзбекистон сўзининг қайси шакли тўғри? Кўриб турганингиздек, бир қарашда оддий туюлган имло белгиси бутун бошли давлат ва миллатнинг номи хато ёзилишига сабаб бўляпти.
Мен буни тузатиш зарур бўлган ҳолат деб биламан. Биз бундай масалаларда ҳадеб баҳслашавермай, тезроқ қарор қабул қилишимиз, йўл қўйилган жиддий хатони зудлик билан тузатишимиз муҳим деб ҳисолайман. Чунки гап бизнинг миллатимиз, ғуруримиз, юртимиз номи ҳақида кетяпти.
Тўғри, алифбо ислоҳоти, баҳслар, тортишувлар, кўзда тутилмаган молиявий харажатларни келтириб чиқариши мумкин. Лекин яна бир бор таъкидлайман, гап Ватан ва миллат номини тўғри ёзиш ҳақида кетар экан, бундай баҳс ва тортишувларни бас қилишимиз, алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур деб ҳисоблайман”, – деди Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш масаласи 2019 йилда кўтарилган эди. Шундан бери тилшунос ва турли соҳа олимлари, жамоатчилик томонидан янги алифбони жорий қилиш масаласида баҳслар давом этади. 2023 йил сентябр ойида тилшунослар иштирокида ўтган анжуманда алифбодаги 4 ҳарфни: O‘ o‘ — Õ õ, G‘ g‘ — Ğ ğ, Ch ch — C c, Sh sh — Ş ş алмаштириш масаласи таҳлил қилинганди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг