Ўтган ойда ижтимоий тармоқларда эркаклар билан боғлиқ суицид ҳолатлари ҳақида бир нечта хабарлар тарқалди. Статистик маълумотларга қаралса, суицид аёлларга қараганда эркакларда деярли 3 баробар кўп учрайди.
Суицидлар масаласида 15 йилдан буён шуғулланиб келаётган психолог Шоира Исоқованинг айтишича, эркаклар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари оилада болаликдан берилаётган тарбиядаги нотўғри ёндашувларга бориб тақалади. Чунки оилада бола тарбияси кўп ҳолатда оналар зиммасига тушади, ўғил боланинг кучли шахс сифатида оладиган фазилатларини шакллантириш учун эса унга отанинг эътибори керак.
“Бизда кўпинча оталар кўчаники, улар кўча ишларини бажариши керак деган тушунчалар бор. Айнан ўғил бола тарбиясида отанинг ўрни беқиёс. Унинг ҳар битта сўзи ўғилнинг шахс сифатида камолотга етишида жуда катта рол ўйнайди. Ўғил тарбиялаётган оналар унинг ҳаётида, дўстлари даврасида бўлаётган муаммоларда қутқарувчи вазифасини бажаради. Унинг шу муаммодан ўзи чиқиб кетишига йўл бермайди. Бу эса охир-оқибат ўғил болаларнинг жамиятда ўз ўрнини топа олмаслигига, иродасизликка, ўзига бўлган ишончнинг пасайишига, ҳаётдаги қийинчиликлар олдида ўзини йўқотиб қўйишига ёки мутлақо ўз йўлини топа олмаслигига олиб келади.
Қизлар тарбиясида эса бошқача ёндашилади. Улар бегона хонадонга боришини ҳисобга олиб, ҳар томонлама “қуроллантириб” тарбиялаймиз. Аммо ўзига ишончи паст, кучсиз, иродасиз, мустақил фикрига эга бўлмаган болалар эртага жамиятда турли муаммоларга дуч келганда ўз йўлини топа олмай қолади. Ва мана шу жараёнда суицидиал тенденциялар пайдо бўлади.
Биз ўғил болаларни кичиклигидан “Ўғил бола йиғламайди” деган тушунчалар билан тарбия қиламиз. Аслида ўғил бола ҳам йиғлаши, ўз ҳиссиётлари, кечинмалари, муаммоларини кўрсатиши мумкин. Буни ичга ютиш – босим остида қолиш инсон камолотида таъсир кўрсатади дейди у.
Инсон қайси ҳолатларда суиқасд ҳақида ўйлайди?
Шоира Исоқованинг сўзларига кўра, ўсмирларда, нотўлиқ оилаларда, ота-онаси узоққа кетган, фарзанд тарбияси эътибордан четда қолдирилган оилаларда, нотинч – ичкиликбозлик, мунтазам жанжаллар содир бўладиган оилаларда суицидал ҳолатлар кўпроқ бўлиши мумкин.
Иқтисодий қийинчиликлар ҳам инобатга олинади, лекин баъзида иқтисодий муаммоси йўқ оилада ҳам депрессияга тушган эркак жонига қасд қилган ҳолатлар кузатилади.
“Катталарда эса эркак 40 ёшда ҳам ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган, ўзини керакли ҳис қилмаган, муаммолар гирдобидан чиқа олмаган бўлиши мумкин. Бу онгли ҳаракатлар ҳисобланади. Демак, ўша жараёнгача бўлган сабаблар мавжуд. Бир кунда бу қарорга келиб, бориб қасд қилмайди. Ҳар бир жараёнда ечим қидиради, излайди, ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади. Ҳеч қаердан ечим топа олмагандан кейин шу қарорга келади. Унгача анча босқичларни босиб ўтган бўлади. Буни билиш мумкин бўлган гапларига ҳеч ким эътибор қаратмаган бўлади. “Жонимга тегди”, “Ҳаёт жудаям қийин”, “Яшолмаяпман, мослашиб кетолмаяпман” деган гапларни гапирган бўлади, аммо афсуски, яқинлари кўпинча бунга эътибор бермайди.
Оғир вазиятларда барча муаммолар ечимсиз туюлади ва мия муаммонинг ечими устида эмас, муаммони оғирлаштириш устида ишлайди. Масалан, қарзи бўлиши мумкин, иши тўхтаб қолган бўлиши мумкин. Буларга ечим, чора топса бўлади, аммо улар ўлимни чора деб билишади. Ваҳоланки, бу динимизда ҳам қаттиқ қораланади ва кечирилмас гуноҳ дейилган. Демак, диний ва дунёвий билимларимизни ҳам ошириб боришимиз керак”, – дея таъкидлайди психолог.
Шоира Исоқова суицидга мойилликни 5-6 ой аввал аниқлаш мумкин бўлган психологик методлар борлиги, инсон руҳиятидаги ўзгаришлар, суицидиал тенденциялар мавжудлигини аниқлаш имкони борлигини айтди.
Суицидология йўналишида мутахассисларни кўпайтириш керак
Суицид ҳолатлари билан ишлайдиган, унинг олдини олишни ўргатувчи суицидология йўналишида мутахассислар сони ниҳоятда кам. Муаммо ечимларидан бири – тиббиёт соҳасида суицидолог мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш.
“Ҳозир республикада бор-йўғи 3-4 нафар юқори малакали суицидологни санаш мумкин. Бизда бу мутахассисларни тайёрлайдиган муассаса йўқ. Тиббиёт олийгоҳларда психотерапия йўналишининг ичига бўлим сифатида киритилган холос. Ҳаётга мослаша олмаётган, ўз жонига қасд қилиши мумкин бўлган одамлар билан ишлаш учун бундай мутахассислар ёрдами керак бизга. Улар шундай инсонлардаги муаммоларнинг илдизини топиб даволайди, ёки уни жамиятга мослаштиради. Россия тажрибасини оладиган бўлсак, уларда суицидологлар жуда кўп. Катта-катта суицидология марказлари бор ва улар давлат томонидан молиялаштирилади. Бизда эса психотерапевтлар ёки психоневрологлар зиммасига юклатилади, улар эса ҳар доим ҳам ечим топиб бера олмайди.
Республика суицидология маркази бор, лекин у ерга қачонки одам ўз жонига қасд қилса кейин олиб келинади. Бу марказнинг борлиги ҳақида тарғибот ишларини кўпроқ олиб бориш керак. Ҳаётга мослаша олмаган, сиқилган, тушкунликка тушган, ўлим ҳақида ўйловлари кўпайган одамлар мурожаат қилиши мумкинлиги, ечим топиш, даволаниш мумкинлиги ҳақида оммавий аҳборот воситаларида тарғибот қилишлари керак”, – дейди руҳшунос Шоира Исоқова.
Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг