2024 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.
Болалар учун тўйинтирилган нон
2024 йил 1 январдан бошлаб давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади. Бу ҳақда президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги тегишли қарорида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга кўра, келгуси йил бошидан Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланади, мазкур тажриба кейинчалик республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади.
Қарорда 1 январдан онкогематологик касалликларга чалинган болалар учун Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳамда Болалар миллий тиббиёт марказида гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиёти жорий этилиши, вирусли гепатитнинг «С» тури билан касалланган беморларни ҳамда гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилиши ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, мазкур қарор билан 2024 йил 1 январдан бошлаб оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби, шунингдек, босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилади.
Пенсияга чиқишда қулайлик
Президентнинг 2023 йил 31 октябрдаги «Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан 2024 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш учун амалдаги тартибга қўшимча равишда уларнинг хоҳишига кўра Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Фуқароларга давлат пенсиялари тайинланганидан сўнг уларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки АТ «Халқ банки»нинг мобил иловаси орқали олиш имконияти яратилади. Бунда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бериш тартиби бекор қилинади.
Аллергик беморларга бепул дори
Президентнинг тегишли қарорига кўра, 2024 йил 1 январдан аллергик ва иммунологик касалликларни эрта аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида аллергик ва иммунологик касалликларга чалинган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган беморларни ингаляцион глюкокортикостероид дори воситалари билан бепул таъминлаш тизими жорий этилади.
Қарор билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2024 йилдан бошлаб аллергик касалликлар (шу жумладан мавсумий аллергия) кўрсаткичлари юқори ҳудудларда йилига камида бир марта оммавий ва селектив скрининг текширувларини ўтказиш, аниқланган аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликлари мавжуд беморларнинг аллергологлар томонидан тизимли кузатуви ва индивидуал соғломлаштириш ишларини ташкиллаштириш, ҳудудларда аллергология ва клиник иммунология йўналишида юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турларини босқичма-босқич 10 турдан 20 тургача ошириш чораларини кўриш топширилган.
Шунингдек, мазкур ҳужжатда 2024 йил 1 январдан Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология марказини 140 ўрин фондидан иборат бўлган Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази этиб қайта ташкил қилиш назарда тутилган.
Мактаб директорлари учун сертификация
Президентнинг 2023 йил 26 майдаги тегишли фармони билан 2024 йил 1 январдан давлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинади.
Бунда:
- малака тоифасини олиш бўйича синовлар бир йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади ҳамда биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси, иккинчи босқичда –– педагогик маҳорати баҳоланади;
- малака тоифаси беришнинг янги тартиби жорий қилингунига қадар малака тоифасини олиш бўйича синовларни ўтказишга мораторий жорий этилади;
- мораторий давомида педагог кадрлар навбатдаги малака тоифасини олиш синовларига жалб этилмайди ҳамда уларнинг малака тоифасини тасдиқловчи сертификатнинг амал қилиш муддати навбатдаги синовларга жалб қилингунига қадар автоматик равишда узайтирилади.
Шунингдек, келгуси йил бошидан умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик касбларига биринчи марта ишга қабул қилинаётган талабгорларни касбий сертификатлаш тизими жорий этилади. Бунда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб педагогик касбларга биринчи марта ишга қабул қилинадиган олий маълумотли талабгорлар стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритади ва улар ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат давомида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади ҳамда стажёр-ўқитувчиларга улар касбий сертификат олгунига қадар олий маълумотли (тоифасиз) ўқитувчининг базавий тариф ставкаси қўлланади.
Ҳужжатда 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари директорларини ҳар беш йилда бир маротаба касбий сертификациялаш тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Сертификациядан ўта олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод қилинади.
Бошқа ўзгаришлар
2024 йил 1 январдан бошлаб:
- вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқланади;
- кўп квартирали уйлардаги кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш нотариуслар томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахборот тизими орқали тегишли мулкдорнинг мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги текширилгандан кейин амалга оширилади;
- давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиалларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишга ихтисослашган «Ижтимоий хизмат дарчалари» фаолияти тўлиқ ташкил этилишини таъминланади;
- юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш ҳамда юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечиб, уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилади;
- I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болага, шунингдек, даволаш муассасасининг хулосасига кўра ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатлари ижтимоий ходимлар томонидан бир йилда бир маротаба ўрганилади ва ўрганиш маълумотлари «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали юритиб борилади. Бунда «Ижтимоий ҳимоя» АТдаги қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатлари тўғрисидаги электрон маълумотлар қараб турган шахсга пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади;
- трамвай ҳамда троллейбусда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади;
- Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши мутахассислари назорати остида тажриба-синов тариқасида юқори ҳосилдор хорижий ғўза навлари ва дурагайларини олиб кириш ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги пахта экиладиган майдонларнинг 10 фоизигача жойлаштиришга, истисно тариқасида, рухсат берилади;
- аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобил йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий этиб белгиланади.