08:34 / 28.12.2023
242

Божсиз режим тугамоқда: озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашадими?

Фото: Getty Images
Ўзбекистонда 59 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун 2024 йил 1 январгача божхона божлари ноллаштирилган. Имтиёзли давр бир неча кундан кейин тугайди. Бу нарх-наво ошишига олиб келадими?

Президентнинг 2022 йил 31 майдаги фармони билан 23 турдаги (балиқ, сут маҳсулотлари, банан, цитрус мевалар, ўсимлик ёғи, сариёғ, тухум, кофе в.б.), 2023 йил 23 мартдаги фармони билан 36 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини (пишлоқ, творог, шоколад, қандолат маҳсулотлари, олма, нок, беҳи, йогурт, кефир, сут маҳсулотлари, макарон в.б.) Ўзбекистонга олиб киришга божхона божининг нол ставкаси қўлланиши кўзда тутилган.

Бир неча кундан кейин имтиёзли давр тугайди. Kun.uz бу борада иқтисодчиларнинг фикрларини ўрганди.

“Протекционизм сиёсатидан узил-кесил воз кечиш керак” — Отабек Бакиров

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари учун импорт имтиёзлари вақтинчага эмас, доимийга берилиши керак.

“Бир неча турдаги бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари учун импорт божхона божининг нол ставкаларини қўллаш муддати тугаб битишига бир неча кун вақт қолди. Бюджетномада ноллаштирилган божларнинг узайтирилиши борасида ҳеч қандай ишора йўқ. Бунгача ўзбекистонликлар “банан емас” мақомида бўлган, цитрус мевалар фақат меҳмонлар учун олинган. Киши бошига ҳисобланса, ҳар бир ўзбекистонлик жон бошига 680 граммдан банан тўғри келган. Апелсин, лимон ва банан нархлари бўйича Тошкент дунёдаги энг қиммат шаҳар ҳисобланган.

Ҳукуматнинг иқтисодий ўсиш ва фаровонлик режалари самимий ва рост бўлса, табиий шароитларга ва техник чекловларга кўра Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товар ва хизматлардан бож олиш, уларни ҚҚСга тортишдан бутунлай воз кечиш керак.

Келинг, энг аввало божларни бож эмас, импортга солиқ дея қабул қилайлик. Кейин, импортга солиқларни рағбатлантирувчи функциясига кўпроқ урғу берайлик.

Ташқи савдо эркинлаштирмоқчи, халқаро меҳнат тақсимоти ва жаҳон иқтисодиётининг бир қисмига айланмоқчи бўлсак, импортга солиқлар 0,5 ва 10 фоизлик ставкалардан иборат бўлиши керак.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товар ё хизмат борки, импорт солиғи 0 фоиз бўлиши лозим.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган, лекин бозоримизда улуши 50 фоиздан ошмайдиган товар ва хизматлар бўйича импорт солиғи 5 фоиздан ошмаслиги зарур.

Ва ниҳоят, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган, лекин ички бозоримизда улуши 50 фоиздан зиёд товар ва хизматлар 10 фоизлик импорт солиғига тортилиши керак. Бўлди.

Албатта, бу тасниф шартли. Лекин нима бўлганда ҳам импортга солиқлар кўпи билан учта ставкада ва 10 фоиздан ошмайдиган тарзда қўлланиши даркор. Протекционизм сиёсатидан узил-кесил воз кечиш керак”, – дейди Отабек Бакиров.

“Имтиёз даври узайтирилмаса, бу нархларнинг ошиши ва бозорларда мавжуд ассортиментнинг қисқариши хавфини юзага келтиради” — Юлий Юсупов

Иқтисодчи Юлий Юсупов Kun.uz'да эълон қилинган мақоласида божхона йиғимларининг қайта тикланиши натижасида келиб чиқадиган қатор салбий оқибатлар ҳақида ёзди.

“Инфляцияни жиловлаш. Божхона тўлови истеъмолчилар учун импорт қилинадиган товарлар якуний нархининг бир қисмидир. Агар тўловлар ҳажми камайтирилса ёки нолга туширилса, нархлар пасаяди. Ўзбекистонда инфляция ҳали ҳам анча юқори. Ўз навбатида баъзи қўшни мамлакатларда нархларнинг тез суръатларда ўсишини кўриб, бу кўрсаткич янада баланд бўлиши мумкинлигини тушуниш мумкин. Сўнгги йилларда инфляциянинг кўтарилишига глобал миқёсида энергия ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши, транспорт харажатларининг кўтарилиши ва Украинадаги уруш сабабли таъминот занжирларидаги узилишлар асосий омил бўлди. Божхона тўловларининг нол ставкада қолдирилиши эса, инфляциянинг кескин суръатда ошиб кетишининг олдини олишда муҳим рол ўйнади.

Истеъмол бозорларида рақобатнинг кучайиши. Божхона тўловларининг нолга туширилиши мамлакат аҳолисининг сифатли товарлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди. Шунингдек, рақобат ҳар доим истеъмолчилар ва иқтисодий ривожланиш учун фойдалидир, чунки у маҳаллий тадбиркорларни нархларни пасайтиришга ва маҳсулот сифатини яхшилашга мажбур қилади.

Импортни диверсификация қилиш. Юқори божхона тўловлари (бу айни пайтда нол ставкада божхона тўлови қўлланаётган товарлар учун жуда баланд) рақобатни сунъий равишда чеклайди, бу эса сифат ва нархларга салбий таъсир қилади. Бундан ташқари, мамлакат иқтисодиётининг МДҲ эркин савдо зонасига кирган мамлакатлар, биринчи навбатда Россияга боғлиқлигини оширади. Чунки эркин савдо зонаси мамлакатлари товарларига нисбатан божхона тўловлари қўлланмайди, бу эса уларни бошқа мамлакатлардан келган рақобатбардош маҳсулотларга нисбатан имтиёзли ҳолатга келтиради. Шунга кўра, божларнинг нолга туширилиши ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда кўплаб маҳсулот турлари бўйича импорт харидларини диверсификация қилиш имконини берди.

Агар имтиёзли давр узайтирилмаса, бу бир нечта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Биринчидан, муқаррар равишда нархларнинг ошиши ва истеъмол товарлари бозорларида мавжуд ассортиментнинг торайиши содир бўлади. Бундан ташқари, жаҳон бозорида нархларнинг беқарорлиги ҳали ҳам бартараф этилмаган ва Марказий банк уни мамлакат ичидаги нархларнинг ўсишига асосий таҳдид деб кўрсатишда давом этмоқда.

Иккинчидан, юқори божхона тўловларининг тикланиши МДҲ эркин савдо зонасидан ташқарида бўлган мамлакатлардан импорт қилинадиган товарлар нархининг сезиларли даражада ошишига, ўрнатилган етказиб бериш занжирларининг яна йўқолиб кетишига олиб келади, бу эса инфляциянинг умумий даражасига ҳам, бизнесга ҳам салбий таъсир қилади.

Учинчидан, тадбиркорлик муҳитининг ёмонлашиши аҳоли бандлик даражасига ҳам, бюджетга солиқ тушумларига ҳам таъсир қилади.

Тўртинчидан, турли мамлакатлардан импорт қилиш учун тенг бўлмаган шароит билан боғлиқ вазият қайта тикланади, бу эса рақобатнинг заифлашиши ва энг муҳими Россияга қарамликнинг кучайишига олиб келади. Айниқса ҳозирги геосиёсий воқеликда бу қарамлик ҳаддан ташқари катта бўлиб, иқтисодий ва сиёсий хавфларни ўз ичига олади.

Вазиятдан чиқиш учун божхона тўловларига қўлланаётган нол ставкаларни камида яна бир йилга узайтириш зарур. Умуман олганда эса, божхона сиёсатини тубдан ўзгартириш ва кўплаб товарлар учун тарифларни камайтириш керак”.

“Вақтинчалик яхши чораларни ўзгармас ва орқага қайтмайдиган қилиш керак” — Беҳзод Ҳошимов

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг фикрига кўра, вақтинчалик чоралар бозорлар ва логистика учун етарли кафолат бермагани учун, тўлиқ кўзланган натижага эришишга халал бериши мумкин.

“Барча божларни нол қилиш учун энг яхши фурсат 32 йил олдин эди. Яна яхши фурсат кеча эди. Ундан кейинги энг яхши фурсат бугун бўлади.

Божлар доим ва ҳар ерда камбағаллаштирувчи омил ҳисобланади. Бир фоиз бож ҳам – нотўғри иқтисодий тақсимловга олиб келади. Бу масала барча товарларга тааллуқли. Истисноларсиз.

Энди давомийлик ва вақтинчалик ҳақида. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, савдо сиёсатининг ноаниқлиги, яъни “вақтинчалик” чоралар яхши нарса эмас. Хулоса шуки, вақтинчалик яхши чораларни, ўзгармас ва идеалда эса, ўзгартириб бўлмайдиган, яъни орқага қайтмайдиган қилиш керак.

Вақтинчалик чора – бозорлар ва логистика учун етарли кафолат бўлмагани учун, бозор тўлиқ ишонмайди. Чунки агар ҳар бир вақт даври ичида божлар қайта кўрилиб чиқадиган бўлса – божларни кўтаришга қизиқадиган тор доирадаги манфаатдорлар, албатта, уларни ошириш тараддудида бўлади, шунинг олдини олиш учун, ўзгармас чоралар даркор. Айнан шунинг учун ноаниқлик ёмон.

Айтмоқчи, Жаҳон савдо ташкилотининг ҳам тузилиш мақсади ва мазмуни айнан шунда эди. АҚШ ва Европадаги божлар сиёсатининг қайта кўриб чиқилишига йўл қўйилмаслик ва чораларнинг давомийлигини таъминлаш”, дейди иқтисодчи.

Маълумот учун, 2024 йил учун “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда божлардан бюджетга 14 трлн 839,6 млрд сўм маблағ тушиши кўзда тутилган.

Мутахассислар фикрига кўра, божларни бутунлай бекор қилиш ёки уларни сезиларли даражада қисқартириш натижасида ҚҚС, фойда ва даромад солиғи ҳисобига қўшимча тушум миқдори ошишини кутиш мумкин, бу эса берилган имтиёзлар ўрнини тўлдиради.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият