Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекциялар (ЎРИ) билан боғлиқ ҳолат барқарор тарзда назорат остида қолмоқда. Санитария-эпидемиология қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда мамлакатда касалланиш кўрсаткичлари кўп йиллик эпидемик меъёрдан 36,5 фоизга паст даражада қайд этилмоқда.
Шу билан бирга, Россия ва қўшни давлатларда ЎРИнинг мавсумий юқори кўтарилиши кузатилаётгани маълум қилинди. Бу ҳолат авиақатновлар, меҳнат миграцияси ва хизмат сафардалари орқали инфекциянинг мамлакатга кириб келиши ҳамда тарқалиш хавфини ошириши мумкинлигига урғу берилди.
Қўмита таъкидлашича, Ўзбекистонда эпидемик вазият мунтазам равишда кузатувда турибди. Грипп ва ЎРИ турларини аниқлаш мақсадида вирусологик текширувлар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда қўмитанинг тасарруфидаги 15 та махсус вирусология лабораторияси фаолият юритаётган бўлиб, улар орқали грипп ва унга ўхшаш касалликларни ташхислаш амалга оширилади.
Ёш тоифалари бўйича таҳлил қилинганда энг юқори касалланиш ҳолати 0–1 ёшли болалар орасида аниқланмоқда. Шунингдек, республикада грипп ва ЎРИга доир умумий эпидемиологик вазият ҳозирча барқарор бўлиб, Санэпидқўмита томонидан тўлиқ назоратда сақланмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, аҳоли эҳтиёткорлик қоидаларига амал қилиши ва мавсумий профилактика тадбирларига жиддий эътибор қаратиши инфекция тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!