The Mirror нашрининг ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг рафиқаси Лондонга учаётган пайтда хавода жиддий ҳолат қайд этилган. Президентни олиб кетаётган Boeing 747 ҳаво борти Ню-Йорк осмонида Spirit Airlines авиакомпаниясининг йўловчи самолёти билан бир баҳя масофада тўқнашиб кетиши мумкин эди.
Маълумотларга кўра, авиадиспетчерлар вазиятнинг хавфли тус олишини дарҳол англаб, Форт-Лодердейлдан Бостонга йўл олган Spirit 1300 рейси учувчиларига шошилинч равишда йўналишни ўзгартириш буйруғини беришган. Шу туфайли самолётлар бир неча мил масофада айрилиб ўтган ва хавфсизлик меъёри бузилмаган.
Трамп 16 сентябрь куни рафиқаси билан Буюк Британияга давлат ташрифи билан йўл олди. Бу унинг тарихдаги иккинчи бор расмий сафаридир. Биринчи ташриф 2019 йилда амалга оширилган. Таъкидлаш жоизки, ундан аввал ҳеч бир Америка президенти қироллик протоколи асосида бундай даражада таклиф қилинмаган эди.
Президентлик жуфтлигини 17 сентябрь куни Виндзор қасрида қирол Чарлз III тантанали равишда кутиб олди. Сафар доирасида Трамп Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Манбаларга кўра, Вашингтон ва Лондон ушбу ташриф давомида 10 миллиард доллардан ортиқ қийматда иқтисодий шартномалар имзолаши кутилмоқда. Бу келишувлар икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.