Европанинг турли йирик шаҳарлари маҳаллий ҳокимиятлари янги чекловларни жорий этишга қарор қилгани маълум бўлди, деб ёзади Азертадж.
Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб кафе, бар ва ресторанларнинг очиқ терассаларида чекиш ҳамда электрон сигареталардан фойдаланиш мутлақо ман этилади. Бу чеклов нафақат оддий сигареталарга, балки электрон сигареталар, вейплар ва кальянларга ҳам татбиқ этилади.
Янги қоидаларга кўра, тақиқ айрим муассасаларда, аэропортларда ёки махсус сигар клубларида фаолият кўрсатаётган чекиш хоналарига ҳам тааллуқли бўлади. Шу тариқа, умумий овқатланиш масканлари ва жамоат жойлари тамаки маҳсулотларидан бутунлай холи бўлиши кўзда тутилган.
Муниципал қарор расмий равишда сешанба куни эълон қилинди. Мазкур ташаббус Европа Комиссиясининг тавсиялари асосида ишлаб чиқилган чоралар тўпламига киритилган. Ресторан ва бар эгаларига ўз фаолиятини мослаштириш учун тахминан бир ярим йил вақт берилади.
Қоидаларга кўра, 2027 йил январидан бошлаб ресторан, бар ёки кафелардан 10 метр атрофда ҳам чекиш тақиқланади. Агар тақиқ кучга киргандан кейин ҳам мижозларга кулдон тақдим этилса, муассаса эгалари жаримага тортилса, қоидаларни бузган ташриф буюрувчилар ҳам жавобгарликка тортилади.
Шунингдек, ҳужжатда маҳаллий ҳокимият органлари фестиваллар, ярмаркалар ва оммавий тадбирлар пайтида ҳам чекишни чеклаш учун қўшимча чоралар ишлаб чиқиши шартлиги қайд этилган.
Бироқ рестараторлар уюшмаси янги тақиқлар иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда. Уларга кўра, чекловлар чекувчилар сонини камайтирмайди, балки уларни кўчада чекишга мажбур этади. Бу эса аҳоли учун ноқулайлик туғдириши ва муассаса ходимларининг назоратини қийинлаштириши мумкин.
Аввалроқ Европа Комиссияси ушбу тақиқни 2026 йилда жорий қилиш таклифини берган эди, аммо соҳада тайёргарлик ишларига кўпроқ вақт ажратиш мақсадида муддат бир йилга кечиктирилди.