13:30 / 14.01.2024
187

“Бу жуда катта жиноят” – хорижлик ва ўзбекистонлик мутахассислар дудуқланадиган болани қўпол сўзлар билан даволаш ҳақида

“Бу жуда катта жиноят” – хорижлик ва ўзбекистонлик мутахассислар дудуқланадиган болани қўпол сўзлар билан даволаш ҳақида

6 январь куни ижтимоий тармоқларда бир аёл дудуқланиб гапирадиган болани қўрқитиб даволаётгани акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани бу бўйича тезкор муносабат билан чиқди.

Аниқланишича, ушбу видео тасвирдаги ҳолат якка тартибдаги тадбиркор, педагог бўлиб фаолият юритувчи аёл томонидан 2023 йилнинг декабрь ойида Жиззах шаҳрида ўтказилган семинарда олинган.

Бу ҳолатда акс этган усулда болани даволаш мумкинми йўқлиги, бундай тренинглар қандай қонун-қоидалар асосида ўтказилиши мумкинлиги юзасидан бошқа бирор ташкилотлар муносабат билдирмади.

Аммо бу хорижлик мутахассислар томонидан кескин эътирозларга сабаб бўлди. Хусусан, Россиядаги нутқ марказлари тармоғи раҳбари, 40 йиллик тажрибага эга дефектолог Наталя Шутова бу жиноят эканлигини айтди.

Бола йиғлаяпти, додлаяпти, унга ёмон таъсир қиляпти. У шундоқ ҳам дудуқланиб яшашдан азобланяпти. Уни меҳр билан қўллаб-қувватлаш керак. Бу ерда бола баттар камситиляпти, таҳқирланяпти.

Бугун бунақа “шаманлар” гуллаб-яшнамоқда ва одамлар уларга ўзларининг бебаҳо бойликлари — фарзандларини олиб келишлари ақл бовар қилмайди. Мен биламан Россияда ҳам бор бунақалар.

Дудуқланиш — бу марказий асаб тизимининг бузилиши. Бу миянинг илдиз ва субкортикал тузилмалари даражасида нутқ функциясининг жиддий бузилиши бўлиб, бу мутахассисларнинг тизимли ва чуқур ишлашини талаб қилади.

Бу видеода амал қилинаётган нарса жиноят! Бу боланинг шахсиятига нисбатан зўравонлик ва муаммони янада кучайтиради!

Бу касалликни тузатишда анатомия, физиология ва психология бўйича билимларга таяниш керак. Бу болаларнинг руҳиятига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўламиз, чунки табиатан у жуда нозик ва ҳимоясиз. Худди шу усуллардан фойдаланган ҳолда, болаларда патологик нуқсонли шахс шаклланади ва дудуқланиш фақат ёмонлашади!», — деган хорижлик мутахассис ўз видеомурожаатида.

Ўзбекистонда дефектология соҳасининг етакчиларидан бири бўлган Убайда Файзиева ҳам болаларни бундай йўл билан даволаш усули фанда мавжуд эмаслигини айтди.

Бунақалар бу ишни бизнесга айлантирган. Бу жуда катта жиноят. Боласининг камчилиги туфайли ота-она қанча изтироб чекади. Уни олдига келгунча бола қанча изтироб чеккан. Ундан кейин бунақа муомала боланинг ишончини, қадриятини йўқотади.

Биз қайси асрда яшаяпмизки, боланинг нуқсони тирик нарса экан ва унинг ичидан шуни чиқариш керак экан. Бу мутлақо нотўғри нарса.

Биз Россиядан қолишмайдиган даражада тажрибага эгамиз, логопедларимиз жуда катта ютуқларга эришяпти. Бу аёл шу иши билан бизни ер билан яксон қилди. Мен бунга мутлақо қаршиман. 56 йиллик тажрибамда бунақа нарсани биринчи марта кўриб турибман. Бу усул болани баттар ногирон қилиб қўяди”, — деди Убайда Файзиева.

Мутахассисга кўра, бу хасталик бош мия фаолияти билан боғлиқ бўлганлиги сабабли уни босим, зуғум билан эмас, юмшоқлик билан ишонтириб болага таъсир қилиш йўли орқали тузатиш мумкин.

Гап болалар ва келажак ҳақида борар экан, мутахассисларнинг сўзларини инобатга олган ҳолда тегишли ташкилотлардан ҳам бу борада масъулият билан ёндашишларини кутиб қоламиз.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият