11:56 / 13.05.2024
121

Гўзаллик қимматга тушмасин...

Гўзаллик қимматга тушмасин...
Парваришланган тери, нафис турмак, чиройли тирноқлар – ҳар қандай аёл ташқи гўзаллигининг муҳим омили. Шу боис, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, косметология марказлари доим гавжум бўлади. Аммо кўпинча кўз ўнгимизда содир бўлаётган ёки қулоғимизга чалинаётган ҳолатлар – баъзи гўзаллик салонларидаги гигиена масаласи анча оғриқли экани барчамиздан эътиборли ва ҳушёр бўлишни талаб этади.

Гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар ходимлари қандай талаблар асосида иш олиб бориши керак?

Аҳолига хизмат кўрсатадиган сартарошхона ва косметология хизматлари ишчи-ходимлари тиббий кўрикдан ўтган бўлишлари, маникюр, педикюр ва косметик кабинетларда ҳар бир иш жойида мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш учун уч комплект инструментлар билан таъминланган бўлиши даркор. Ҳар бир мижозга тоза оқлик (сочиқ, салфетка, чойшаб) ишлатилиши ва ишлатилгандан кейин оқликлар ювилиши муҳим ҳисобланади.

Юқумли ҳамда паразит касалликларнинг юқишининг олдини олиш мақсадида ҳар бир мижоздан кейин ишлатилган инструментлар зарарсизлантирувчи эритма солинган идишга солиниб, 15 дақиқа давомида зарарсизлантириши, сўнгра тоза сувда ювилиб, стерилизация қилиниши, тоза инструментлар махсус металл қутиларда, усти ёпиқ ҳолатда сақланиши керак.

Ходимлар шахсий устки кийим, оёқ кийим ва бош кийимларни ечиниб-кийиниш хонасида қолдириши, иш учун махсус тоза кийим кийиши, иш бошлашдан олдин ва мижозга хизмат кўрсатилгандан кейин қўлларни совун билан ювиши, косметология хоналарида қўл терисини зарарсизлантириш учун антисептикларни қўллаш, сочни бўяшда резина қўлқоплардан фойдаланиши лозим. Иш жойида овқатланиш ва чекиш маън этилади.

Шунингдек, дезинфекция ишлари вақти-вақти билан ўтказиб турилиши учун давлат тасарруфидаги ёки хусусий дезинфекция ташкилотлари билан шартнома асосида зарарсизлантириш ишларини олиб бориш талаб этилади.

Санитария-гигиена ва эпидемияга қарши кураш тадбирларини бузиб, мижозларга зарарсизлантирилмаган ва стерилизация қилинмаган иш анжомлари ҳамда оқликларни ишлатган ҳолда ва шу жараёнида касалликлар ва бошқа инфекцияларни бошқаларга юқтирган (шунингдек, тарқалишига сабаб бўлган) гўзаллик салонлари ва сартарошхона ходимларига нисбатан амалдаги қонунчилик асосида жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Жаҳонгир Мирзамуҳаммедов, Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси Коммунал гигиена бўлими мудири, шифокор:

– Бугунги кунда 100 дан ортиқ патоген микроорганизмлар, шу жумладан соғлиқ учун жуда хавфли ва гўзаллик салонида юқтириш мумкин бўлган микроорганизмлар маълум. Улар инсон ҳаёти учун бир мунча хавф туғдиради. Шу боис уларнинг энг кўп тарқалган турларидан хабардор бўлиш ва сақланиш саломатлигимиз учун зарур, деб ҳисоблайман. Оммавий косметология жиҳозларидан юқадиган энг кўп юқадиган микроблар қуйидагилар:

Тирноқлар замбуруғи – соғлом одамнинг тирноқларига зарарланган жиҳозлар билан ишлов бериш деярли 100% ҳолатларда касаллик юқишига олиб келади.

Педикулёз – паразит касаллик, мижозлар билан ишлаганда санитария нормаларига амал қилмайдиган гўзаллик салонлари, сартарошхоналарда тез-тез учрайдиган «меҳмон». Касаллик тоза бўлмаган воситалар, кесилган ва ўз вақтида тозалаб олинмаган соч қолдиқлари орқали ўтади.

Герпес вируси – лабларда, бурун ва оғиз шиллиқ қаватларида, камдан-кам ҳолатларда кўзларнинг бурчакларида, човда, тирноқлар ёнида даврий тошмалар кўринишида намоён бўлади. Пилинг, мезотерапия, лабларнинг перманент макияжи ва ҳатто терининг сезиларсиз шикастланиши билан боғлиқ бошқа процедуралар пайтида герпес вирусини юқтириш хавфи мавжуд.

Тилларанг стафилококк – атроф муҳитда кенг тарқалган, одам организмидан ташқарида 6 ойгача яшаш қобилиятини сақлашга қодир бўлган бактерия. Инфекция ўчоғига, масалан, теридаги ёки сочлар асосидаги тошмаларга теккан асбоблар касалликни юқтириш манбалари ҳисобланади. Шунингдек қулоқларни тештирганда, пирсинг, татуировка қилганда ва ҳатто оддий соч кесиш жараёнида ҳам касалликни осонгина юқтириб олиш мумкин.

Б, C гепатити вируслари – вирус шиллиқ қаватлар ёки шикастланган тери беморнинг биологик суюқликлари билан контакт қилганида юқиши мумкин. Шуни эсда сақлаш муҳимки, вирусни юқтириш учун ташувчи қонининг 0,0001 мл гача бўлган жуда кам миқдори ҳам етарли ҳисобланади, бу инфекциянинг зарарланган жарроҳлик, косметология жиҳозлари, татуировка учун ниналар ва устара орқали юқишини истисно қилмайди.

Яна бир хавфли касаллик – ОИВ инфекциясини бемор кишининг биологик суюқликлари орқали ҳам юқтириш мумкин. Татуаж, кесма маникюр ва педикюр юқтириш нуқтаи назаридан энг хавфли процедуралар ҳисобланади.

Ишлатиладиган воситаларни дезинфекциялаш, стериллаш ва сақлаш қоидаларининг бузилиши бир талай муаммоларга, хусусан, ҳам мижозлар, ҳам ходимларга кўплаб инфекцияларни юқишига сабабчи бўлади. Афсуски, кўплаб сартарошхоналарда, гўзаллик салонларида мутахассисларнинг ўзлари дезинфекциялаш ва стериллаш режимларига амал қилиш лозимлигига етарлича аҳамият беришмайди.

Гўзаллик қимматга тушмасин

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйича ОИТС билан касалланганлар 40 миллиондан ортиқни ташкил қиларкан. Ҳар йили 2 ярим миллион нафар киши касалликка чалиниб, улардан бир ярим миллионтаси ҳаётдан кўз юмади. 2023 йил июнь ҳолатига кўра, Республикамизда ОИВ касаллиги билан 48 мингдан ортиқ шахслар яшаб келмоқда. Уларнинг 55 фоизи эркаклар, 45 фоизи аёллар, 14 фоизини эса 18 ёшга тўлмаган болалар ташкил этади. Бу рақамлар жамоат жойларида гигиена қоидаларига мунтазам амал қилишни, жумладан, ҳар биримиздан огоҳ бўлишни талаб этмайдими?

Маълумот ўрнида, Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, унинг ҳудудий бошқармалари, туман бўлимлари ходимлари томонидан йиллик режа асосида гўзаллик салонлари ҳамда сартарошхоналарда текширув ишлари амалга оширилади. Санитария ҳолати талабга жавоб бермайдиган, шунингдек, мурожаат тушганда, касаллик аниқланганда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилдан рухсат олган ҳолда текширув ўтказилади. Бундан ташқари қўмита ва бошқармалар ахборот хизмати томонидан ҳар ойда 2-3 маротаба МТРК ҳамда хусусий телеканаллар билан ҳамкорликда рейд тадбирлари амалга оширилади.

Аммо юртимизнинг ҳар бир ҳудудида гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар сони шу қадар кўп-ки, бир ташкилот уларнинг ҳар кунлик фаолиятини назорат қилишга имкони етмайди. Бунинг учун аввало, ходимларда тиббий-гигиеник билим ҳамда масъулиятни ошириш, шу масканларга ташриф буюрувчи мижозларни эътиборли бўлиш, талаб қилишга ўргатиш керак. Бунинг учун масъул ташкилотлар аниқ бир дастур ишлаб чиқиши лозим бўлади.

Дилфуза МАҲКАМОВА

Манба: Oyina.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гўзаллик қимматга тушмасин...