«Ҳаётий ҳикоялар» рукнидан берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони кекса ёшдаги отахон. У мактубида бошидан ўтказган ҳодисаларни баён қилар экан, бир пайтлар онаси кексайиб қолганда унга етарлича ғамхўрлик қила олмаганини, ўша ишининг жабрини бугун ўзи тортаётганини ҳикоя қилибди.
«Отам 1950-йиллар ўрталарида, мен икки ёш бўлганимда вафот этган. Ҳатто унинг сурати ҳам сақланиб қолмаган, шу учун отамни эслай олмайман. Мен эсимни таниганимда оилада ёлғиз фарзанд эканимни ва онам билан яшашимни англаганман.
Болалик йилларим 1950-йиллар охири ва 1960-йилларда бўлиб ўтди. Ўша пайтда вазият жуда оғир эди. Хрушчёвнинг «маккажўхори сиёсати» Ўзбекистонгача етиб келган, ҳамма ёққа шу экин экиларди.
Оқибатда, магазинлардан, одамларнинг уйидан буғдой уни топилмай қолди ва ҳамма маккажўхори унидан тайёрланган зоғора нон ейишга ўтди.
Биринчи синфга борганимни яхши эслайман, у пайтларда мактаб сумка, форма деган нарсалар йўқ эди. Мактабга онам қалин матодан тикиб берган жилдни кўтариб, эгнимда бўздан тикилган кўйлак-иштон билан оёқяланг ҳолда мактабга борганман.
Мактабимиз ҳашар йўли билан пахсадан тикланган, деворлари сомон сувоқ қилиниб, оҳак билан оқлаб қўйилган эди. Битта синфга йигирматача болани йиғишнинг иложи бўлмагани учун, синфимизда турли ёшли болалар бор эди.
1965 йил баҳордан биз яшаган колхоз ерларида яна буғдой экила бошланди. Кейин билсак Хрушчёв ўрнига келган Брежнев маккажўхори экитиршни бас қилиб, далаларга қайтадан буғдой экила бошлаган.
Онам мени жуда қийналиб катта қилган. Эсимда, колхознинг ғаллапояси уйимиздан 5-6 чақирим нарида эди. У пайтларда комбайнлар йўқ, буғдой қўлда ўриларди.
Колхоз буғдой ўримига чиққан одамларга пул тўлай олмас, иш ҳақига буғдой бериларди. Онам ҳам бир неча қоп буғдой ундириб қолиш пайида ўримга чиқарди.
У эрталаб вақтли туриб сигиримизга қарарди. Менга нонушта тайёрлаб берар ва далага пиёда кетарди. Тушда сигирга қараш учун бошига бир боғ ўт қўйиб, шунча йўлдан келарди.
Тушда икки бурда нон ва бир пиёла чойни ичиб, яна ўримга шошиларди. Қайтишда мени ҳам ўзи билан бирга олиб кетарди. Буғдой ўрими тугаганча умри шу зайлда далада ўтарди. Буғдой ўрими тугагач, бошоқ терардик.
Ҳозир онам ўша пайтда пиёда бориб келган йўлни салмоқлаб кўриб юрагим орқамга тортиб кетади. Бечора бир кунда шу масофага икки марта пиёда бориб келарди. Бунинг устига, қайтишда бир боғ ўт ҳам кўтариб оларди.
Кейинроқ мактабнинг юқори синфига ўтганимда онамга ёрдамчи бўлдим, лекин шунда ҳам у тинмасди.
Мактабни битказганимдан сўнг икки йил ҳарбий хизматни ўтаб келдим. Армиядан қайтганимдан сўнг онам мени уйлантириш учун қиз қидира бошлади.
Қўшни қишлоқда яшовчи бир қизни кўз остимга олгандим, онам совчиликка борди. У пайтларда қизлар билан учрашиш, севишиш деган гаплар бўлмасди. Бўлажак хотинимни бир-икки марта тўйларда қизлар орасида кўрганман ва кўз уриштирганман, холос.
Онам совчиликка биринчи гал борганида қизнинг отаси рад этибди.
«Опа, сизни ва ўғлингизни яхши танийман. Эрингиз вафот этиб, ёлғиз қолганингизда ҳам яна турмуш қуришни эмас, ёлғиз болангизни ўйладингиз. Иффатингизни сақладингиз. Сизни жуда ҳурмат қиламан, ўғлингиз ҳам ақлли, эс-ҳуши жойида йигит. Бироқ қизимни унга беролмайман. Сабаби, қизим анча эрка ўсган. Сизнинг рўзғорингизга кўникиб кета оладими-йўқми, билмайман. Гап бунда ҳам эмас, мабодо эртага сиздай фариштасифат аёлнинг кўнглини оғритиб қўйса, яхши иш бўлмайди», дебди.
Онам бир кун ўтказиб яна боришини ва албатта ўша қизни келин қилишини айтиб мени юпатди:
«Болам, отаси айтгандай эрка бўлиб ўсган бўлса ҳам мен унинг инжиқларига чидайман. Фақат сен бахтли бўлсанг бўлди».
Ҳозир, шу тобда бундан эллик йил олдин бўлган ҳодисаларни эслаб ёзаяпман-у, ўзимни йиғидан тўхтата олмаяпман. Чунки «Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада» дейилганидай, ўша тобда онамнинг мени қандай қийинчиликда улғайтирганини унутган эдим. Кўнглим далада эди.
Онам иккинчи марта совчиликка бориб, оқлик олиб келди. Аввал фотиҳа, кейин тўй бўлиб ўтди. Ўша пайтда мендан бахтли одам йўқ эди.
Қайнотам огоҳлантиргандай хотиним анча эрка ўсган экан, бизнинг камтарона рўзғорга мослашиши қийин бўлди. Шундай пайтларда рўзғор ишларида онамга ёрдам берардим.
Бу гапим билан хотиним рўзғор ишларини қилмасди демайман. У кайфият бандаси эди. Кайфияти яхши бўлганда ҳамма ишни аъло даражада бажарарди. Кайфияти бўлмаганда эса рўзғор ишлари, ош-овқат тайёрлаш каби ишлар онамга қолиб кетарди.
«Хотиннинг кайфияти эрга боғлиқ-да», дейишга шошилманг, мен эрлик вазифамни қойиллатиб бажарардим. Хотинимнинг кайфиятига таъсир қиладиган ҳолат оддий оила бўлганимиз эди. Отасининг уйида яхши шароитда яшаган хотиним йўқчиликдан бироз юқори поғонада яшашимизни ҳазм қила олмасди.
Орадан йиллар ўтди, бирин-кетин фарзандларимиз туғилди ва онамга овунчоқ бўлишди. Тўнғич фарзандим туғилганида онам қанчалик хурсанд бўлганини эслайман.
Фарзандларим эсини таний бошлаганда кексалик, йиллар давомидаги оғир турмуш ва заҳматли меҳнат онамга ўз кучини кўрсатди. Онам аввалгидай дала ишлари ва рўзғор юмушларига ёрдам бера олмай қолганди.
Шундан сўнг хотинимнинг унга бўлган муносабати бутунлай ўзгарди. Онам рўзғор ва дала ишларида меҳнат қилган йилларда, болаларимизга қараган пайтларда бироз тоқатли бўлган хотиним, онам кексайиб, ишдан қолганига чидай олмади.
Энг аввал болаларга алоҳида хона қилиш баҳонасида онамни ҳовли четидаги кичик ҳужрага кўчирди. Ўшанда хотинимни бу фикридан қайтара олмадим. Тўғрисини тан оламан, йиллар давомида у менга ҳам гапини ўтказадиган бўлганди.
Энг ёмони шу эдики, хотиним онамга болаларимиз кўз ўнгида зуғум қилар, уни қарғар, камситарди. Мен бу ҳолат болаларнинг тарбиясига ёмон таъсир кўрсатишидан қўрқардим.
Хотинимга «Қуш уясида кўрганини қилади, эртага ўғилларинг улғайганда келинлар туширсанг, улардан бири сени сени ўша ҳужрага олиб бориб тиқади», дердим. Бироқ хотиним бу гапларимга парво қилмасди.
Уч ўғлимнинг барчаси онамни жуда яхши кўрарди. Хотиним онамни жеркиб берганда унга ола қараш қилишарди. Бироқ ўз оналарини тўхтата олишмасди.
Айниқса, кенжа ўғлим бувисини жуда яхши кўрар, бўш бўлди деганча унинг олдига югурарди. Онам болаларимга бирон марта хотинимни ёки мени ёмонламасди. Болаларга эртак, ибратли ҳикоялар айтиб берар, одобдан дарс берарди.
Эсимда, ўша пайтларда Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» деган асари ва яна бир она ҳақидаги ҳикояси китоб ҳолида чоп этилди. Ҳар гал шу асарларни ўқиганимда онамни ўйлаб кўзимга ёш келарди. Бироқ хотинимдан қўрққаним учун ҳеч нарса қила олмасдим.
Айниқса, уруш пайтида фронтга кетган эридан айрилиб, ўғлини ёлғиз тарбиялаган аёл ҳақидаги ҳикоя менга қаттиқ таъсир қиларди. Асарда йигит амалдорнинг қизига уйланади ва онасини ҳовлида ёлғиз қолдириб, ўзи хотини билан алоҳида яшайди. Охирида ҳатто онаси жон бераётганда ҳам ёнида бўлмайди.
Ҳикоя қаҳрамонидан фарқли равишда мен онамни ёлғиз ҳолда ташлаб кетмадим, бирга яшадим. Бироқ уни хотинимнинг зуғумлари ва камситишларидан асрай олмадим.
Кунларнинг бирида онам ўша ҳужрада жон берди. Уни кўмиб келгач, маъракаларини ҳеч кимдан кам қилмаган ҳолда ўтказдик. Тирикдан кўра, ўликларни кўпроқ қадрлаймиз-ку ахир.
Ўша пайтда назаримда хотиним қари кампирдан қутулганига хурсанд эди. Мен эса суянган тоғимдан айрилганим учун ўзимни қўярга жой тополмасдим.
Онамнинг қирқини ўтказганимиздан сўнг бир кун хотиним ҳужрани тозалашга киришди. Шунда бўғзимгача чиқиб келган гапни ичимга юта олмадим: «Ҳа, умрингнинг сўнгги йилларини ўтказадиган хонани тозалаб қўйяпсанми?»
Хотиним бу гапимга жавоб бермади, ола қараш қилди холос. У ўшанда гапимни жиддий олмагандир, бирпасдан сўнг совуқ сўзларимни унутгандир, буёғи менга қоронғи. Лекин мен бир кун қайсидир болам ва унинг хотини бизни ўша ҳужрага тиқишига амин эдим.
Навбати билан ўғилларни уйлантирдик. Иккита каттаси алоҳида бўлиб чиқиб кетди ва уйда кенжа ўғил ва унинг хотини билан қолдик. Йиллар ўтиб, хотиним билан мен ҳам кексайдик.
Ўғилларимизнинг топиш-тутиши яхши эди. Айниса савдо билан шуғулланадиган кенжа ўғлимизнинг пули кўп эди. У мен қийналиб қурган уйни бузиб янгитдан тикламоқчи бўлганда кўнмадим.
Шундан сўнг ўғлим уста олиб келиб энг аввал ҳужрани бироз эпақага келтириб, деворларини бўяб берди. Хотиним билан вақтинчалик ўша ерга кўчиб ўтдик.
Ўғлим кўп пул сарфлаб уйни таъмирлатди. Ҳамма ёқ фасон бўлиб кетди. Янги гиламлар ва бошқа жиҳозлар сотиб олинди. Хотиним билан хос хонамизга кўчиб ўтишга тараддуд кўра бошладик.
Бироқ... бироқ чучварани хом санаган эканмиз. Келин хотиним ва менга ошкора қилиб, «Уйни таъмирлатишга катта пул кетди. Энди сизлар хонангизга қайтиб кўчмайсизлар. Ҳужра ҳам бинойидай таъмирланди, ўша ерда яшайсизлар», деди.
Бу гапни анчадан буён кутаётгандим учун хотиржам қабул қилдим. Менга энди умримнинг қолган қисмини қаерда яшаб ўтишнинг аҳамияти йўқ эди.
Бироқ келиннинг гапи хотинимга ёмон таъсир қилди. У роса жанжал қилди. Келин ҳам бўш келмади. Шундан сўнг хотиним ўғлимизни қарғай бошлади. Ўғлим ҳам хотини томон бўлди. Чунки у ҳам хотинидан ўлгудай қўрқарди.
Жанжалларнинг бирида ўғлим ахийри хотинимга бир пайтлар у онамга қилган муносабатни эслатди:
«Она, бизни сиз туғгансиз. Лекин бувим тарбиялади. Иштонимизни булғаганимизда у тозалади. Овқатимизни у қилиб берди. Эсингиздами, бувимни ҳужрага кўчирганингизда отам сизга индай олмаганди. Лекин биз ака-укалар бунга қарши чиққандик. Лекин ёш эдик, сиз ўшанда бизга тарсаки тушириб, оғзимизни ёпгандингиз. Ҳозир хотиним қилаётган ишни ёқламайман. Бироқ уни тўхтатмоқчи эмасман. Чунки гарчи онам бўлсангиз ҳам бувим ҳис қилган нарсани сиз ҳам ҳис қилиб кўришингиз керак. Хоҳласангиз, илоҳим болангдан қайтсин, деб қарғайверинг. Менга барибир».
Ўғлим ва келинимга насиҳат қилдим, нафи бўлмади. Ўшандан буён авваллари онам яшаган ҳужрада яшаб келяпмиз. Бир пайтлар эшитганимиз, «Ота-онангга нима қилсанг, болангдан қайтади» деган гап ҳақиқат экан ва биз буни бошимиздан ўтказаяпмиз. Ҳужрада яшаб, бир умр мен учун ўлиб-тирилган бечора онамни эслаяпман.
Бу орада хотиним қозон-ўчоғини бошқа қилди, биз учун овқатни ўзи тайёрлаяпти. Набираларимиз олдимизга келганда хотиним онамдан фарқли равишда уларни олдига солиб қувади.
Ўшандай пайтларда онам қандай феъли кенг аёл бўлганини, келини камситганда ва зуғум ўтказганда ҳам «Дунёдан ўтсам ортимдан дуо қиласизлар», деб набираларини эркалатиб, олдида олиб ўтирганларини эслайман.
Мактубимнинг охирида ёшларга айтар сўзим, сиз мен ва хотиним қилган хатони такрорламанг. Доим ота-онангизнинг хизматида бўлиб, уларнинг дуосини олишга ҳаракат қилинг. Акс ҳолда, ота-онангизга нима қилган бўлсангиз болангиздан қайтади».
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ғазода 2023 йил октябрь ойидан буён 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган...