date

Ўзбекистонда аёллар эркаклардан кўпроқ умр кўрмоқда

Ўзбекистонда аёллар эркаклардан кўпроқ умр кўрмоқда

«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти маълумотига кўра, 2025 йил 1 январ ҳолатигача мамлакатда 90 ёш ва ундан юқори бўлган фуқаролар сони 18 915 нафарга етган. Бу кўрсаткич сўнгги йилларда юртимизда умр давомийлиги ошиб бораётганини кўрсатади.

Маълумотда таъкидланишича, узоқ умр кўрувчиларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этади — 66,3 фоиз. Эркаклар улуши эса 34,6 фоизни ташкил қилган. Бу кўрсаткичлар жаҳон тенденцияларига мос равишда, аёллар соғлиғи ва ҳаёт давомийлигидаги барқарорликни акс эттиради.

Шунингдек, шаҳарларда узоқ умр кўрувчилар сони қишлоқларга нисбатан кўпроқ экани маълум қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг 56,5 фоизи шаҳар аҳолиси, 43,5 фоизи эса қишлоқда яшайди. Бу ҳолат тиббий хизмат сифати, ҳаёт шароити ва ижтимоий фаоллик даражаси билан изоҳланади.

Ҳудудлар кесимида энг кўп узоқ умр кўрувчилар Фарғона вилоятида (2 582 нафар) қайд этилган. Кейингилар сирасида Тошкент шаҳри (2 155 нафар), Қашқадарё (2 011), Сурхондарё (1 799) ва Тошкент вилояти (1 740) турибди. Демак, мамлакатнинг жанубий ва марказий ҳудудларида узоқ умр кўрувчилар нисбатан кўпроқ.

Демографик таҳлилларга кўра, яқин йилларда Ўзбекистонда қариялар сони изчил ўсиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, 2030 йилга келиб бу рақам 45 минг нафарга, 2040 йилда эса қарийб 94 минг нафарга етиши мумкин. Тадқиқотчилар бу ўсишни 1935–1950 йилларда туғилган авлоднинг катта ёшга кириб келиши билан изоҳлайди.

Шу билан бирга, мамлакатда умр давомийлиги ҳам барқарор ўсмоқда. Агар 2010 йилда Ўзбекистонда ўртача умр давомийлиги 73 ёш атрофида бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 75,1 ёшга етган. Демак, сўнгги ўн йилликда фуқаролар умри ўртача икки йилга узайган.

«Оила ва гендер» институти ўтказган тадқиқотлар шундан далолат берадики, узоқ яшашнинг энг муҳим омили — фаол ижтимоий ҳаёт. Респондентларнинг 76,3 фоизи фаоллик инсонни ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом сақлайди, деб ҳисоблаган. Қизиқарлиси шундаки, бу кўрсаткич аёллар (76,4 фоиз) ва эркаклар (76 фоиз) ўртасида деярли бир хил.

Шунингдек, генетик омил ҳам муҳим аҳамият касб этади. Сўровда қатнашганларнинг қарийб 39 фоизи ўз оиласида узоқ умр кўрувчилар кўплиги уларнинг ҳам узоқ яшашига таъсир қилганини таъкидлаган.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаолликни рағбатлантириш ва соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш орқали мамлакатда узоқ умр кўрувчилар сони келгусида янада кўпаяди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда аёллар эркаклардан кўпроқ умр кўрмоқда