date

Ўзбекистон ва Корея меҳнат соҳасида янги келишувга эришди

Ўзбекистон ва Корея меҳнат соҳасида янги келишувга эришди

Ўзбекистон фуқаролари учун Корея Республикасида меҳнат фаолиятини қайта тиклаш бўйича муҳим қадам ташланди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев бошчилигидаги делегация Кореянинг Геонгсангнам-до провинцияси губернатори Пак Вансу билан музокаралар ўтказди.

Учрашувда томонлар E-8 турдаги мавсумий ишчи визаси орқали Тошкент вилояти аҳолисини Корея қишлоқ хўжалигида иш билан таъминлаш масаласида келишувга эришди. Янги дастурга кўра, ишчилар Ҳапчон, Чонгнянг округлари ҳамда Мирянг шаҳрида 8 ойлик (5+3) муддат давомида меҳнат фаолиятини амалга оширади.

Шу муносабат билан Миграция агентлиги ва Геонгсангнам-до провинцияси ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишчи кучини жалб қилиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Бу келишув илгариги дипломатик музокараларнинг амалий босқичига айланди.

Корея Адлия вазирлиги талабига кўра, бундай келишувларда ишчи юборувчи ва қабул қилувчи ҳудудлар аниқ кўрсатилиши шарт. Шу боис пилот дастур доирасида Тошкент вилояти фуқаролари танлаб олинади ва улар Кореянинг учта ҳудудига йўналтирилади.

Пилот лойиҳанинг илк босқичида ишчи кучига бўлган талабнома олиниб, 2026 йилдан бошлаб ўзбек ишчиларнинг интизоми ва иш самарадорлигига қараб, ҳамкорлик доирасини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Ўзбекистон E-8 визаси орқали Кореяга ишчи юборган илк давлат бўлган эди. Ўшанда 420 нафар фуқаро пилот дастурда иштирок этган, аммо айрим ишчилар шартнома тугагач ҳам ватанга қайтмагани учун виза дастури вақтинча тўхтатилганди.

Сўнгги йилларда икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари олиб борган музокаралар натижасида Корея ҳукумати ушбу дастурни қайта очишга қарор қилди. Бу ўз навбатида, минглаб фуқаролар учун янги меҳнат имкониятларини яратиши кутилмоқда.

Миграция агентлиги фуқаролардан меҳнат шартномалари ва Корея қонунларига қатъий амал қилишни, белгиланган муддатда ватанга қайтишни сўради. Расмийлар таъкидлашича, бу талаблар келгусида бошқа ишчилар учун ҳам янги имкониятлар очилиши ёки аксинча, чекланишига таъсир кўрсатади.

Маълумотларга кўра, жорий йил ноябр—декабр ойларида Корея ҳудудларидан бўш иш ўринлари бўйича талабномалар қабул қилиниб, номзодлар сараланади. Шу орқали ўзбекистонликлар учун халқаро меҳнат бозорида янги саҳифа очилади — қонуний, хавфсиз ва даромадли иш муҳити яратилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ва Корея меҳнат соҳасида янги келишувга эришди