Sky Sports нашри таҳлилчилари Португалия юлдузи Криштиану Роналду фаолиятидаги 1000-голни қачон уриши мумкинлиги бўйича ҳисоб-китоб қилди.
Мутахассислар маълумотларига кўра, агар Роналду ҳозирги гол уриш суръатини сақлаб қолса, у 2026 йил октябрь ойига келиб 1000-гол чегарасини босиб ўтиши мумкин. Бу таҳлилда футболчининг клуб ва миллий жамоа сафидаги голлари, шунингдек, майдонга тушиш эҳтимоли юқори бўлган ўйинлар сони ҳисобга олинган.
Ҳозирча 40 ёшли португалиялик сардор фаолияти давомида 948 бор рақиб дарвозасини ишғол этган. Улардан 143таси миллий жамоа сафида, 805таси эса клублар таркибида урилган.
Маълумот учун, Криштиану Роналдунинг Саудиянинг “Ан Наср” клуби билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Бу вақтгача у рекордни янгилаш учун етарлича имкониятга эга.
Жорий мавсумда Роналду “Ан Наср” сафида 6 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол уришга ва 1 та голли узатма беришга муваффақ бўлган.
Sky Sports экспертлари таъкидлаганидек, Роналдунинг бу натижаси уни тарихдаги энг сермаҳсул футболчи сифатида янада мустаҳкамлайди. Улар фикрича, у нафақат ёшига қарамай юқори формада ўйнамоқда, балки профессионаллик ва интизом жиҳатидан ҳам тенгсиз намуна бўлиб қолмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, агар у жароҳатсиз мавсумларни ўтказса ва ҳозирги даражасини сақлаб қолса, 1000 голлик тарихий маррага етиши ҳақиқий эҳтимол сифатида кўрилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!