219
Ғайрат Дўстов қамалиши эътирозларга сабаб бўлмоқда: «Амалдорлар битта узр билан қутулаётган вақтда...»
Фото: Видеодан кадр
Узоқ кутишлардан сўнг навбати етай деганда газ тўлдириш станцияси ёпиб қўйилганидан норози бўлиб, йиртилиб кетган пойабзалини кўрсатган ҳолда масъулларга ўз норозилигини намойиш этган фуқаронинг видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.
31 декабр куни маълум бўлган суд ҳужжатига кўра, ЖИБ Бектемир туман судининг 26 декабрдаги қарори билан Дўстов «майда безорилик» содир қилган, деб топилиб 15 суткага қамалган. Йил охиридаги ушбу хабар кенг жамоатчилик ва фаолларни норозилик уйғотмоқда. Бу муаммони эмас, балки уни гапириб чиққан инсонни «йўқотиш» ҳамда адолатсизлик, дея баҳоланмоқда.
Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров 2025 йил бошида «инсон қадри учун, инсон бахти учун биргаликда ҳаракат қиламиз», деган шиорга ишониши ҳамда фуқаро кафолат остида олиб чиқилиши тўғри бўлишини ёзган.
«Ғайрат Дўстовга кафолат бериб олиб чиқилиши тўғри бўлади. Туман, шаҳар кенгаши депутатлари бор. Маҳалла бор. Уйида қарамоғида бола-чақаси кўз тикиб ўтиргандир.
Давлатнинг Куч пропорцияси бор, Меҳр пропорцияси ҳам. Ўз кучига ишонган давлат меҳриниям аямайди».
Бундан ташқари, Отабек Бакиров совуқ кунлар кириб келиши ва яна навбатлар фонида исталган бошқа ўзбекистонлик ушбу фуқаронинг ўрнида бўлиши мумкинлигини ёзган. У энергетика соҳаси учун масъулларни газ берилмаётган ўринда, етарлича ва жонли ахборот беришга чақирган.
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев эса оғзи шалоқ амалдорлар битта узр билан қутулаётган вақтда, ботинкаси тешик оддий бир халқ вакили қамаб қўйилишини адолатдан эмас, дея баҳолаган.
«Агар халқ адолатни ҳис қилса, жуда кўп муаммоларга сабр билан чидай олади. Тўғри, муаммолардан норози бўлиб, эътирозини баралла айтадиганлари ҳам кўп бўлиши табиий, чунки халқ бу яхлит тана эмас, 37 миллион хил инсондан таркиб топган. Аммо гапириб-гапириб, барибир муаммоларга сабр қилишда, тишини-тишига қўйиб, турмуш ташвишлари билан ўралашишда давом этаверади. Ахлоқсизликка ўтмайди. Дардини айтиб, сал енгиллашиши мумкин, чунки бу жиноят эмас.
Аммо халқ адолатни ҳис қилмаса, ҳар қадамда адолатсизликни кўрса, унда бу ёмон. Бунақада таранглашган асаблар ахлоқ чегарасини кесиб ўтади, оқибати кафолатланмаган.
Оғзидан шоди кириб, боди чиққан ҳокимлар битта узр билан қутулса, ўз ваколати доирасидан чиқиб, қонунларга тупуриб қўядиган айрим масъуллар оддий огоҳлантириш билан чеклансаю, лекин узоқ вақт метанда навбат кутиб, энди навбати келганда «заправка» ёпилиб қолганидан фиғони кўкка чиққан, ботинкаси тешик оддий бир халқ вакилини қамаб қўйишса, бечора Янги йил байрамини оила даврасида эмас, панжара ортида кутиб олса, бунда халқ адолатсизлик кўради. Ва бу адолат ҳам эмас, албатта.
Йилни катта хато билан бошладик. Афсус, минг афсус. Зиғирчалик фойдаси бўлмаган, аммо халқнинг давлатга бўлган ишончи нуқтайи назаридан жуда катта зарар олиб келадиган ушбу ташаббус кимдан чиққани билмайман. Аммо бу хатонинг ўрнини қоплаш учун жуда кўп иш қилиниши кераклигини аниқ биламан», — дейди ҳуқуқшунос.
Собиқ депутат ва Экология вазирлиги маслаҳатчиси Расул Кушербоев эса ҳолатни танқидга тоқатсизлик билан жавоб берилиши белгиси, деб атаган.
«Мана шу ишни бекор қилишибди. Бу ҳар қандай эътироз ва танқидга тоқатсизлик билан жавоб берилишининг белгиси. Шоир айтганидек, «тор кўнгуллук беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг!». «Бек«ларимиз бағрикенглик қилишмабди», – дейди Кушербоев.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ушбу фуқарони 15 суткага қамаш билан Ўзбекистоннинг энергетика муаммолари барҳам топмаслигини эслатган.
«Шу акани 15 суткага қамаб қўйишибди, ҳозир адвокатлар бу кишига кўнгилли равишда ёрдам бериш учун югуриб юрган экан. Шу акани 15 суткага қамаш билан қани энди Ўзбекистон газ импортчисидан яна газ экспортчисига айланиб қолса, Ўзбекистоннинг энергетика муаммолари барҳам топса. Ўзбекистонликлар энергетика муаммоларини, умуман, муаммоларни гапирмагани билан муаммолар йўқ бўлиб қолмайди-ку.
Ҳозирги Ўзбекистон аввалгисидан сал бўлса-да яхшироқ бўлса, айнан шу жиҳати — муаммолар айтилгани ва кейин уларга ечимлар топилгани билан яхшироқ бўлмаганмиди ахир? Ака бечора прагаликлардан йил давомида эшитган ҳар хил гапларни гапирган бўлса ҳам майлига эди», — дейди Аъзамхўжаев.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, 1 январ ҳолатига Ғайрат Дўстов маъмурий қамоқ ўталадиган «Панелний»да эмас, Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилган.
«Бектемир суди томонидан 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстов сўроқ учун 27 декабр куни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилган. Бугун унинг адвокати Адҳам ака билан Панелнийдаги сақлов изоляторига бордик. Навбатчининг айтишича, у Тошкент шаҳар ИИББда сақланмоқда.
Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББнинг навбатчилик қисми дам олиш куни бўлгани боис, у билан учрашувимизга рухсат беришмади.
Суд томонидан белгиланган жазони ўтаётган шахсни нега сўроққа олиб кетишгани ва у ерда ушлаб туришгани сабабини тушунтиришмади. Ҳозирча 3 нафар кўнгилли адвокатда уни ҳимоя қилишга ордер бор. Кўнгиллилар сони ортмоқда», — дейди ҳуқуқ фаоли. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Тунги барни реклама қилиш учун қизларни кетига урган йигитга қандай чора кўрилди?
"Суперлига - 2024"нинг энг яхши футболчиси янги мавсумни қаерда ўтказади?
Эронда бир йил ичида қанча одам қатл этилган?
Ҳамид Саҳари карикатураси: Абдуқодир Ҳусановнинг навбатдаги манзили қаер?
Дунёнинг энг бой одами "Ливерпуль" клубини сотиб оладими?
Бир фуқарога расмийлаштириладиган карталар сонига чеклов киритилди
АПЛ клуби Абдуқодир Ҳусановга ҳаммадан кўпроқ нарх таклиф қилди
Амалдорларга хизмат автомобиллари, мебел ва офис жиҳозлари харидини камайтириш буюрилди