18:38 / 25.02.2025
135

Шавкат Мирзиёев Сирдарё бўйича йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев Сирдарё бўйича йиғилиш ўтказди
Фото: Президент матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёев 25 феврал куни Сирдарё вилояти иқтисодиётини ривожлантириш, иш ўринлари ва инвестицияларни кўпайтириш бўйича 2025 йилги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Кейинги йилларда Сирдарёда энергетика, қурилиш, тадбиркорлик бирмунча ривожланди. Ўтган йили давлат раҳбарининг Сайхунобод туманига ташрифи чоғида томорқачилик ва кичик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тажриба яратилди.

Лекин ташаббускорлик камлиги учун саноат, савдо ва хизматлар ривожланишдан орқада қолиб кетаяпти. Хусусан, Сирдарёда хизмат кўрсатиш соҳасининг республикадаги улуши энг паст. Камбағаллик даражаси 11 фоиздан кўп. 22 минг нафар фуқаро ишсиз.

Бугун дунёда иқтисодий шарт-шароитлар тез ўзгармоқда. Бундай вазиятда изланиб, ўрганиб, ички имкониятларни тўла ишга солган ҳудуд ютади.

Шу мақсадда Сирдарё вилоятида инвестицияларни кўпайтириб, саноат ва бизнес-муҳитни яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, шунингдек, вилоятнинг транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Масалан, қарийб 900 гектар ер майдонида саноат зоналари ташкил қилиниши мўлжалланган. Бу 5 миллиард доллар инвестицияга ва 20 мингдан ортиқ янги иш ўрнига замин бўлади. Лойиҳалар Сирдарё, Ширин, Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Гулистон, Оқолтин ва Сардобада жойлашади.

Вилоят географик жиҳатдан Ўзбекистоннинг марказий қисмида, бир нечта халқаро автомагистрал кесишмасида жойлашган бўлиб, бир кеча-кундузда 311 мингта транспорт воситалари ўтади. Шунга кўра, тадбиркорлар бу йўллар бўйида юзлаб савдо шохобчалари очишга тайёрлигини билдирган.

Шу каби 500 минг квадрат метр савдо-сервис майдони ташкил этиб, 50 минг одамнинг бандлигини таъминлаш имконияти бор.

Ер-суви мўл бу ҳудудда пахта, шоли, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш учун катта салоҳият бор. Шу боис картошка, пиёз, маймунжон, қорағат ва олча майдонлари кенгайтирилади. Томорқа, дала ва каналлар четидаги 38 минг гектарга қайта ишловчи ва экспортчилар бириктирилади.

8 та тумандаги паст рентабелли 25 минг гектар ер шоли етиштиришга ўтказилади. Шоличилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун маҳсулотнинг 50 фоизини экспорт қилишга рухсат берилади.

Вилоятда мингдан зиёд хонадоннинг қурилганига эллик йилдан ошган. Реновация дастури асосида, уларнинг ўрнида 15 минг хонадонли замонавий уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган. Бу борада Марғилон шаҳри, Дўстлик туманидаги ижобий тажрибалар ўрганилади.

Янги хонадонлар арзон бўлиши учун девелоперларга солиқ, божхона имтиёзлари берилади. Шунингдек, вилоятдаги йўл, электр, уй-жой, ирригация, боғча, мактаб ва бошқа ижтимоий объектларни янгилашга 100 миллион доллар йўналтирилади.

Гулистон шаҳрини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлашга зарур маблағ ажратиш ва бу ишларни 2025 йил 1 июга қадар якунлаш топширилди. Шунингдек, Гулистон ва Ширин шаҳарларда урбанизация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида уларнинг ҳудудини кенгайтириш таклифи маъқулланди.

Умуман, бундай имкониятлар эвазига жорий йилда 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиб, экспортни 500 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди. Бунинг натижасида 16 мингдан зиёд янги иш ўрни очилиши, камбағаллик даражаси 7,4 фоизга тушиши қайд этилди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият