
Марказий Осиёнинг беш давлатидан таҳлилчилар Тошкентда минтақа муаммолари, келажагини муҳокама қилмоқда. Экспертларнинг фикр ва нуқтайи назари президентлар маслаҳат учрашувига тавсиялар сифатида қабул қилинади. Советлар яратган инфратузилма ҳалиям ишламоқда ва 2025-2030 йилларда у бутунлай эскиради, дейди қозоғистонлик иштирокчи. Тожикистонлик экспертга кўра, келажакда сув нефтдан қиммат бўлади.
Йиғилганлардан тўрт йўналиш: сув ва энергетика, транспорт, саноат кооперацияси ва ижтимоий ривожланиш муаммолари бўйича ташаббуслар сўраляпти.
“Энг катта гуруҳ Туркманистондан келган – 6 киши. Бу Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати интеграция ва яқинлашув тарафдори эканини исботлайди. Бугун биз таклифларнинг ҳар бирини қабул қиламиз, кўриб чиқамиз ва реал эканлигини баҳолаймиз”, - дейди таҳлилчи Азиза Умарова.
Нафақат давлатга ишловчи, балки мустақил таҳлилчиларнинг ҳам борлиги – экспертлар тенг вакиллигини таъминлаяпти. Қозоғистонлик иштирокчига кўра, минтақанинг энг катта муаммоларидан бири – давлатлар ҳали-ҳануз советлар яратган инфратузилмада яшаб келаётгани, энг ачинарлиси у ҳам эскириб бўлган.
“Совет инфратузилмаси жиддий эскирди. Ҳа, Совет Иттифоқи юридик нуқтайи назардан йўқ, у қулаган, Лекин советлар мероси яшаб келяпти. 2025-2030 йилларда улар яратган инфратузилма буткул эскиради. Биз ўзимизни жисмонан постсовет маконида қолгандек ҳис қилиб келмоқдамиз. Айтайлик, Қозоғистонда энергетика инфратузилмасининг эскириши 70 фоизга етди. Афсуски, мустақил Қозоғистон бутун нефть бойликлари билан ўз вақтида янги энергетика қувватларини қуришга сармоя кирита олмади”, - дейди иқтисодчи Раҳим Ушакбоев.
Энергетика – регионнинг асосий масаласи, ҳар бир давлат бу йўналишда дунё билан ишлашга мажбур. Таҳлилчиларга кўра, минтақада етарлича янги энергетик корхоналар қурилмади.
“Умумий энергия ишлаб чиқаришнинг бор-йўғи 8 фоизи яшил энергия ҳиссасига тўғри келмоқда. Ҳа, Қозоғистоннинг кичик захираси бор, лекин кўмир, иссиқлик билан боғлиқ бўлган асосий станциялар қайта тикланмаган, улар эскирди, янгилари қурилмади. Қозоғистонда учта нефтни қайта ишлаш заводлари бор, улар модернизация қилинган, бироқ мустақиллик даврида бирорта янги завод қурилмади. Бутун регионда минусга ўйнайдиган шундай муаммоларга дуч келасиз. Бу катта синов. Ижтимоий ва энергетик инфратузилмамизни янгилаш учун энди капитал тўплай оламизми? Ким инвестиция қилади?” – дея қўшимча қилади иқтисодчи Ушакбоев.
Ўзбекистон Марказий Осиёда ягона виза режимини жорий қилишни гапириб келади. Бу халқларни бир-бирига яқинлаштиради, чегараларни очади ва ортиқча оворагарчиликларни камайтиради. Хўш, жараён қайси босқичда?
“Ўзбекистон Тожикистон билан виза режимини бекор қилганда, биринчи йилда бир миллиондан ортиқ тожикистонликлар Ўзбекистонга келганди. Ягона виза масаласи мунтазам равишда кўтарилади, пойдевор аллақачон қўйилган. Минтақа давлатлари алоҳида-алоҳида гапирса, биз қизиқиш уйғотмаймиз. Ўзимизни нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё фуқаролари сифатида қабул қилишимиз учун минтақавий ўзига хосликни ишлаб чиқиш муҳим. Биз буни амалга ошириш қанчалик реал эканлигини баҳолашни давом эттирамиз. Ва шуни айтаманки, Марказий Осиёда фақат Ўзбекистон бугун энг кўп давлатлар билан визасиз режимга эга бўлиб турибди”, – дейди ташкилотчилардан бири Азиза Умарова.
Экспертлар минтақани 2050 йилда қандай кўриши хусусида фикрини баён қилиши, ҳамма биргаликда ривожланиш сценарийсини тузиши керак. Тожикистондан келган Саодат Жўрахонзодага кўра, Душанбе келажак учун 5 приоритетларни белгилаган.
“Булар озиқ-овқат хавфсизлигига, энергетик мустақилликка эришиш, коммуникатив боши берк кўчадан чиқиш, саноатлаштиришнинг ривожланиши ва Тожикистонни аграр мамлакатдан саноат-аграр давлатга айлантириш мақсадларидир. Умумий иқтисодий аҳволимизни яхшилаш учун бешала ишни бирга олиб боришимиз керак бўлади”, - дейди Саодат Жўрахонзода.
Сув-ресурслари етишмаслиги минтақанинг асосий муаммоларидан. Шундай шароитда бешала давлатнинг гапи бир жойдан чиқиши муҳимдир.
“Бутун дунёда сувнинг қадри ошиб бормоқда. Сув мавзусини БМТда ҳам кўтарганмиз. Президент Раҳмон айтганидек, сув ҳали нефтдан қиммат бўлади. Тожикистон тоғлари, Помир тоғларидаги 14 минг музликдан минги аллақачон эриб кетди. Бу фақат бизнинг муаммойимизми, бутун регион муаммоси-ку. Унутманг, Марказий Осиё дарёларининг аксарияти Тожикистон тоғларидан бошланади. Марказий Осиё келажаги учун шу музликларни асраб қолишимиз лозим”, - дея таъкидлади Жўрахонзода.
Орол денгизининг қуриши айниқса, минтақа давлатлари атмосфераси, экологияси учун фожиа бўлиб хизмат қилмоқда. Сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш оқибатида 2050 йилга бориб, музликлар каттароқ тезликда эрий бошлайди ҳамда сув лойиҳаларига халақит қилади. Айниқса, бу Ўзбекистон, Фарғона водийси ва Афғонистондаги сув ресурсларига таъсир қилади, дейди таҳлилчилар. Демографик жиҳатдан эса минтақа аҳолиси 100 миллионга яқинлашиши прогноз қилинмоқда.
Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар