Оҳангарондаги ҳолат Болалар омбудсмани назоратига олинди

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида вояга етмаган қиз билан боғлиқ ҳолат кенг жамоатчилик эътиборига тушди. Ушбу воқеа Сурайё Раҳмонова — Болалар омбудсмани назоратига олингани расман маълум қилинди.
Аввал ижтимоий тармоқларда 14 ёшли қизга нисбатан ППХ ходими томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Унда айтилишича, ходим қиз ва унинг дугонасини автомобилга ўтқазиб, чекка ҳудудга олиб борган ва уларга нисбатан номақбул хатти-ҳаракатлар содир этган.
Мазкур маълумотлар ортидан ички ишлар органлари томонидан хизмат текшируви тайинланди. Шу билан бирга, Оҳангарон шаҳри прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Болалар омбудсмани эса вояга етмаган шахс манфаатларини таъминлаш мақсадида ишни шахсий назоратга олганини билдириб, қўшимча маълумотлар кейинчалик тақдим этилишини маълум қилди.
Орадан кўп ўтмай, Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди. Унда ППХ ходими хизмат вазифасидан четлатилгани, ҳолат тасдиқланса, унга нисбатан қатъий ҳуқуқий чоралар кўрилиши қайд этилди.
Бироқ кейинчалик Тошкент вилояти ИИББ бошқа баёнот билан чиқиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар ҳақиқатга тўлиқ мос келмаслигини таъкидлади. Расмий маълумотларга кўра, воқеа 27 апрель куни тунги вақтда содир бўлган. ППХ ходимига таниши бўлган 22 ёшли аёл қўнғироқ қилиб, маслаҳат сўраган. Ходим етиб келганида аёл ва унинг 14 ёшли таниши автомобилга ўтирган.
Шу вақтда 18 ёшли йигит бир нечта танишлари билан келиб, ходимга нисбатан ҳақоратли гаплар айтган ва жанжал келиб чиққан. ИИББнинг таъкидлашича, ишда вояга етмаган шахс иштирок этгани сабабли барча тафсилотлар ҳозирча очиқланмайди.
Шунингдек, идора текширув якунига кўра, агар ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар ёлғон экани аниқланса, уларни тарқатган шахсларга нисбатан ҳам ҳуқуқий чоралар кўрилишини маълум қилди.
Қисқача айтганда, ҳолат атрофида турли қарашлар ва зиддиятли маълумотлар мавжуд. Тергов якунлари эса воқеанинг ҳақиқий моҳиятига аниқлик киритиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!