
Андижон вилоятидан икки вояга етмаган йигит автомобил ўғирлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимига ҳужум қилганликда айбдор деб топилди. Бу ҳақда “Замон” дастури хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, йигитлар Сирдарё вилоятида ҳайдовчи автомобил салонини ёнилғи қуйиш шохобчасида тарк этганидан фойдаланиб, Cobalt автомобилини ўғирлашган. 1 августдан 2 августга ўтар кечаси уларни Бўка туманида ички ишлар бўлими майори Нурбек Шодиев тўхтатган.
Уларни бўлимга олиб кетиш жараёнида йигитларнинг бири ходимнинг бўйнига пичоқ билан жароҳат етказган ва улар майорнинг хизмат автомобили Matizда қочиб кетишган. Кейинчалик, Оҳангарон туманида жиноятчилар уларни тўхтатмоқчи бўлган йўл ҳаракати инспекторини уриб юборишган.
Инспектор ўртача даражада жароҳат олган. Бўка туман суди ҳар икки вояга етмаган шахсни қотилликка суиқасд ва икки марта транспорт воситасини ўғирлашда айбдор деб топди.
Суд ҳукмига кўра, улардан бирига 9,5 йил, иккинчисига эса 15,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.