
Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон рецепт тизими жорий этилиши бўйича фуқаролар ва тиббиёт ходимларининг мурожаатларини ўрганмоқда. Вазирлик барча таклиф ва мулоҳазаларни тезкорлик билан ҳамда ҳар томонлама кўриб чиқаётганини таъкидлади.
Матбуот хизмати яқин вақт ичида «Электрон рецепт» тизими юзасидан жамоатчиликка саволларга жавоб берилишини билдирди. Электрон рецепт жорий этилгач, Тошкент шаҳрида дориларни харид қилишда муаммолар юзага келди.
Интернетда пойтахт аҳолиси рецептсиз дориларни сотиб олишнинг имкони йўқлигидан шикоят қилмоқда — очиқ савдода фақат витаминлар ва биологик фаол қўшимчалар қолгани айтилаяпти. Шунингдек, аҳоли электрон рецепт олиш зарурати сабабли поликлиникаларда беморлар оқими ортишидан хавотирда.
Тошкент шифокорлари ҳамжамиятининг маъмури, инфекционист ва иммунолог Азизахон Хўжаева вазият бўйича фикр билдирди. Унга кўра, шифокорлар тизимга кира олмаган, баъзи дорихоналарда эса ёзилган препаратлар нотўғри акс эттирилган.
«Ҳамма тафсилотларни мукаммал ишланг, шундан кейин талаб қилинг! Ҳақиқий рецептга муҳтож дориларни киритинг, ҳамма нарсани эмас», — дея таъкидлади Хўжаева.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.