"Чорсу" бозоридаги дўконлардан бирида ёнғин содир бўлди

Тошкент шаҳридаги машҳур Чорсу бозори атрофида 26 январ куни ижтимоий тармоқларда “бозорда ёнғин бўляпти” мазмунидаги хабарлар тез тарқалди. Шу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, 26 январ куни соат 16:04 да Шайхонтоҳур туманидаги Беруний кўчасида жойлашган Чорсу бозори ҳудудида дўконда ёнғин чиққанлиги ҳақида хабар келиб тушган. Шундан сўнг қутқарув ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари зудлик билан йўлга чиқиб, соат 16:08 да воқеа жойига етиб борган.
ФВБ ахборотига кўра, ёнғин соат 16:20 да қуршаб олинган, яъни тарқалишининг олди олинган. Орадан кўп ўтмай, соат 16:25 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Энг муҳими, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Таҳлилларга кўра, ёнғин натижасида дўкон ертўласининг тахминан 15 квадрат метр қисми ёнган ва зарар кўрган. Ҳозирда ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.
ФВБ фуқаролардан шов-шувли хабарларга берилмасликни, расмий маълумотларга таянишни сўрайди. Чорсудаги вазият эса қисқа вақт ичида назоратга олинган — қутқарувчилар бу сафар ҳам тезкорлик билан ишни бажарди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!