Бухоро аэропортида об-ҳаво сабаб 4 та рейс жадвали ўзгарди

Бухоро халқаро аэропортида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли парвозлар жадвалига тузатиш киритилди. 27 январ куни Бухоро—Москва (Внуково) йўналишидаги HY9607 рейси захира аэропорт сифатида Навоийга йўналтирилди, яна учта рейс эса янгиланган жадвал асосида амалга оширилади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Маълум қилинишича, HY9607 рейсининг Навоийдан учиб кетиши соат 11:00 да, Москвага (Внуково) етиб бориши эса 13:00 да (Тошкент вақти билан) режалаштирилган.
Шунингдек, мураккаб метеорологик вазият сабаб HY9622, HY9621 ва HY9608 рейслари вақти ҳам ўзгартирилди. Москва (Внуково)—Андижон йўналишидаги HY9622 рейси соат 14:20 да учиб кетиб, Андижонга 20:30 да (Тошкент вақти билан) қўнади.
Андижон—Москва (Внуково) йўналишидаги HY9621 рейси Андижондан 19:30 да жўнаб, Москвага 22:15 да (Тошкент вақти билан) етиб боради.
Москва (Внуково)—Бухоро йўналишидаги HY9608 рейси эса 01:25 да учиб кетиб, Бухорога 07:10 да (Тошкент вақти билан) етиб келиши белгиланган.
Йўловчилардан сафарни режалаштиришда жадвалдаги ўзгаришларни инобатга олиш ва янгиланган маълумотларни кузатиб бориш сўралди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!