
Март ойида The Tower Hotel олдида содир бўлган жанжалда айбдор деб топилган Акмал Шукуров яна қамоқ жазосига қайтарилди, деб хабар бермоқда Олий суд. Шу йил кузида Шукуровга 8 йил 1 ой қамоқ жазоси тайинланган эди.
Бироқ, декабрь ойининг бошларида пойтахт судида апелляция шикояти қабул қилиниб, жазоси 4 йил муддатга озодликни чеклаш билан алмаштирилган эди, деб ёзади Gazeta.uz. Ушбу қарорга пойтахт прокуратураси эътироз билдирган бўлиб, Тошкент шаҳар суди ҳайъати бу эътирозни қабул қилди.
Шукуровнинг қамоқ жазоси муддати 8 йилдан 6 йилга қисқартирилди, шунингдек, унга 3 йил давомида тузатиш ишлари белгиланди. "Қамоқда ўтказилган вақт жазога қўшиб ҳисобланган бўлиб, энди унга 5 йил 3 ой 12 кунлик қамоқ жазоси қолди", — дея маълум қилди Олий суд.
Эслатиб ўтамиз, 16 март куни Шукуров The Tower Hotel олдида Борис Авакян билан жанжаллашиб, унга жиддий бош жароҳатлари етказган. Жабрланувчи зудлик билан шифохонага ётқизилиб, унга бош мия операцияси ўтказилган ва у сунъий кома ҳолатида бўлган.
Ҳодисадан сўнг Шукуров Қозоғистонга қочган, бироқ тез орада қозоқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.