
Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳрида фаолият юритиб келган, халқ орасида «био нур» соҳиби сифатида танилган табиб Иқбол Салиевга нисбатан маъмурий иш қўзғатилгани ҳақида хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, И.Салиевнинг фаолияти қонунийлиги ўрганилганида у «Халқ табобати» йўналиши бўйича солиқ органларида 2020 йил август ойида рўйхатдан ўтгани аниқланган. Бироқ, унинг Ўзбекистон халқ табобати Ассоциацияси томонидан берилган гувоҳномаси 2024 йилнинг 21 декабрь куни ўз кучини йўқотгани маълум бўлган. Шу сабабли унинг кейинги фаолияти қонун талабларига жавоб бермаган.
Ушбу ҳолат асосида Қўқон шаҳар ИИБ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ишлар Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига юборилган. Суд қарори билан 2025 йил 10 январь куни Иқбол Салиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-5-моддаси 1-қисми — «Халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузиш» асосида 7,5 миллион сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Шу билан бирга, унинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари фуқаролар ўртасида норозилик ва эътирозларга сабаб бўлгани инобатга олиниб, ички ишлар органлари ходимлари томонидан расмий равишда огоҳлантириш ҳам берилган.
Бироқ шунга қарамасдан, И.Салиев ўз фаолиятини тўхтатмагани, аксинча, ижтимоий тармоқлар орқали видеороликлар жойлаштиришни давом эттиргани аниқланган. Натижада жорий йилнинг 27 ноябрь куни Қўқон шаҳар ИИБ томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-5-моддаси 3-қисми билан янги маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Мазкур модда тегишли ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш, даволаш хизматларини кўрсатиш ва бу хизматларни омма олдида тарғиб қилиш билан боғлиқ қонунбузарликларни назарда тутади. Тайёрланган ҳужжатлар белгиланган тартибда суд органларига юборилган.
Ҳозирда иш юзасидан якуний қарор суд томонидан қабул қилиниши кутилмоқда. Ушбу ҳолат эса халқ табобати соҳасида фаолият олиб бораётган шахслар учун қонун талабларига қатъий амал қилиш зарурлигини яна бир бор эслатиб қўйди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.