
Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро «Дўстлик» чегара божхона постида катта миқдордаги қимматбаҳо металл билан ушлаб қолинди. Давлат божхона қўмитаси тарқатган маълумотга кўра, тезкор текширувлар давомида унинг ҳаракатлари шубҳа уйғотган ва натижада йирик контрабанда ҳолати фош этилган.
Текширув пайтида фуқаронинг сумкасидан автомобиль эҳтиёт қисмлари чиқариб олинган. Бир қарашда оддий деталларга ўхшаган буюмларнинг ичига эса умумий вазни 7,7 килограммни ташкил этувчи олтин қуйилмалари жойлаштирилгани аниқланган. Мутахассислар баҳосига кўра, ушбу қимматбаҳо металлнинг умумий қиймати тахминан 12,5 миллиард сўмга тенг.
Қўлга олинган шахс изоҳ беришича, олтин Тошкент шаҳридан олиб келинган бўлиб, уни Қирғизистон ҳудудига олиб чиқиш режалаштирилган. Бу ишда юк машиналари ҳайдовчиларидан фойдаланиш кўзда тутилгани ҳам маълум қилинди. Яъни, схемалар мураккаб, аммо ҳисоб-китоб — хато бўлиб чиқди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни дамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, шунингдек, олтин қуйилмаларининг ҳақиқий эгалари ким экани аниқланяпти. Хулоса битта: чегарада «қисқа йўл» йўқ, қонун барибир ўз сўзини айтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.