
Англия лигаси кубогининг чорак финал босқичида «Манчестер Сити» жамоаси «Брентфорд» устидан 2:0 ҳисобида зафар қучиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Бироқ футбол ишқибозлари ва мутахассислар диққат марказида ўйин натижасидан ҳам кўра, 16-дақиқада юз берган бир вазият турибди.
Баҳсли вазият: Қизилми ёки сариқ?
Учрашув дебютида «Сити» ҳимоячиси Натан Акенинг қўпол хатосидан сўнг, рақиб ҳужумчиси Кевин Шаде қулай имкониятга эга бўлди. Уни тўхтатишга уринган ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов фол ишлатишга мажбур бўлди. Бош ҳакам ушбу эпизодда ўзбек легионерига сариқ карточка кўрсатди.
Гарчи Ҳусанов баҳснинг қолган қисмида «ўтиб бўлмас девор»га айланиб, рақиб ҳужумларини чиппакка чиқарган бўлса-да, «Брентфорд» устози Кит Эндрюс ҳакам қароридан қаттиқ норози бўлди. Унинг фикрича, Ҳусанов сўнгги умид фоли учун майдондан четлатилиши керак эди.
«Бу ўйиннинг бурилиш нуқтаси эди. Ҳакамлар катта хатога йўл қўйишди деб ҳисоблайман. Футболчимиз дарвозабон билан яккама-якка чиқиб кетаётганди», — дея таъкидлади Эндрюс ўйиндан кейин.
Гвардиоланинг «кутилмаган» таклифи
Буюк Британия ОАВларида Ҳусанов ва ҳакам қарори атрофидаги баҳслар авж олиши Хосеп Гвардиолани ҳам бефарқ қолдирмади. Пеп ўзига хос хотиржамлик билан рақиб мураббийига жавоб қайтарди:
«Яхши, агар у шунчалик ранжиган бўлса, уни машғулотлар базамизга бир финжон қаҳвага таклиф қиламан. Ўша ерда бафуржа гаплашиб, вазиятни муҳокама қилиб оламиз», — деди «Сити» устози.
Қизиқ жиҳати шундаки, «Брентфорд» жамоаси кейинги ўйинга тайёргарликни айнан «Манчестер Сити» базасида ўтказиши режалаштирилган. Демак, мураббийлар ўртасидаги «қаҳва устидаги суҳбат» ҳақиқатга айланиши мумкин.
Ярим финал сари қадам
VAR тизими ишламаган ушбу босқичда «Сити» қийинчилик билан бўлса-да, ғалабани илиб кетди. Райан Шеркининг маҳорати ва жамоавий интизом Гвардиола шогирдларини ярим финалга олиб чиқди. Энди уларни «Ньюкасл Юнайтед»га қарши икки ўйиндан иборат жиддий синов кутмоқда.
Британиялик экспертлар Абдуқодир Ҳусановнинг совуққонлигини алоҳида эътироф этишмоқда. Эрта олинган огоҳлантиришга қарамай, у ўзини йўқотиб қўймади ва «шаҳарликлар» мудофаасининг энг муҳим бўғинига айланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.