
Франциянинг «Труа» клубида тўп сураётган иқтидорли ҳужумчи Матис Детурбе фаолиятида янги босқич бошланиши эҳтимолдан холи эмас. 18 ёшли футболчининг Англия Премьер-лигасига кўчиб ўтиши мумкинлиги ҳақида Footmercato нашри хабар тарқатди. Манбаларга кўра, ёш ҳужумчига Европанинг қатор йирик клублари жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Журналистларнинг маълум қилишича, Детурбе аллақачон «шаҳарликлар» базасига бориб, инфратузилма ва шароитлар билан яқиндан танишиб чиққан. Бу эса «Манчестер Сити»нинг уни ўз сафига қўшиб олиш режаси борлигидан далолат беради. Айни пайтда инглиз гранди учун рақобатчилар ҳам йўқ эмас — Франциянинг «Монако» ҳамда Италиянинг «Рома» клублари ёш футболчи учун курашга қўшилган.
Маълумотларга кўра, Рим клуби Детурбе трансфери учун 8 миллион евро асосий тўлов ҳамда 2 миллион евро миқдорида бонус таклиф қилган. Бироқ «Труа» раҳбарияти бу таклифни етарли деб ҳисобламаган ва рад жавобини берган. Бу эса футболчининг нархи ва унга бўлган ишонч қанчалик юқори эканини кўрсатади.
Франция чемпионатининг жорий мавсумида Матис Детурбе 16 та учрашувда майдонга тушиб, жамоадошларига 2 бор самарали узатма берган. Гарчи у ҳали гол ҳисобини очмаган бўлса-да, унинг ҳаракатлари, тезлиги ва ўйинни ҳис қилиши мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда. Қисқаси, Детурбе атрофидаги трансфер интригаси эндигина қизий бошлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.