23:01 / 27.03.2017
13 144

19 та лочин табиат қўйнига қўйиб юборилди

19 та лочин табиат қўйнига қўйиб юборилди
Жорий йилнинг 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ва Табиат муҳофазаси халқаро уюшмасига киритилган 19 та лочин Тошкент вилояти ҳудудида табиат қўйнига қўйиб юбориш тадбири бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда “Tugan Falconry Club” жамияти тасарруфидаги ёввойи ва ноёб қушларни сақлаш ва кўпайтиришга ихтисослашган буюртмахона ташаббуси билан ташкил этилди, деб ёзади 1news.uz нашри.

Унда, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институти, “Давбионазорат” инспекцияси, “Tugan Falconry Club” жамияти тасарруфидаги ёввойи ва ноёб қушларни сақлаш ва кўпайтиришга ихтисослашган буюртмахона ходимлари, орнитологлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

2016 йилнинг август ойида лочинлар турига кирувчи – итолғи лочин қушлари браконьерлардан тортиб олинди ва муҳофаза учун “Давбионазорат” инспекциясига топширилди.

Қушларни топшириш вақтида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институти мутахассислари текширувдан ўтказишган. Текширув натижаларига кўра уларнинг аҳволи қониқарсиз деб топилган. Шу боис, уларни табиат қўйнига қўйиб юбориш, уларнинг ҳаётини хавф остига қўйиш билан баробар эканлиги таъкидланган.

Эслатиб ўтиш жоизки, кейинги йиллар давомида биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш, табиий ресурсларни қайта тиклаш мақсадида мамлакат ҳудудида 7 та питомник ташкил қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида питомникларни ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилди. Уларга услубий ва моддий-техник ёрдам кўрсатилди.

“Tugan Falconry Club” жамияти ҳам 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, 2015 йилдан лочинларни ва йиртқич қушларни ҳимоя қилиш халқаро ассоциациясининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Жамият томонидан Ўзбекистан Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасининг Давбионазорат инспекцияси ҳудудида “Қизил китоб”га кирувчи йиртқич қушлар – лочинларнинг ноёб турларидан итолғи (балобан) ва сапсан лочинларини реабилитация қилиш ва сақлаб қолиш мақсадида питомник қурилган эди. Янги, замонавий материаллар, вольерлар ҳамда 24 соатлик видеокузатув билан жиҳозланган питомник браконьерлардан зарар кўрган қушлар учун “иккинчи уй” бўлиб қолди. Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси инспекторлари томонидан қонунбузарлардан озод қилинган қушлар “Tugan Falconry Club” жамияти питомнигида тўлиқ реабилитациядан ўтади.

Давлат биологик назорат инспекцияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, жамият томонидан табиий шароитда тутилган лочинлар реабилитациядан ўтгач, она табиат бағрига қўйиб юборилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, лочинларнинг тарқалиши озуқа ресурсларига боғлиқ. Қушларни қўйиб юбориш, айнан уларни оғир табиий шароитларда яшаб кетиши учун керакли озуқа базаси мавжуд бўлган даврга тўғри келиши керак.

Табиатга қўйиб юборилган қушларни, уларнинг миграция йўлларини ҳамда табиий шароитларга мослаштириш жараёнини кузатиб бориш янги илмий тадқиқотларни ўтказиш учун яхши платформа бўлиб хизмат қилади. Бундай илмий-амалий тадқиқотлар натижалари ёввойи йиртқич қушларни кўпайтириш питомникларида фаолиятни илмий асосланган тарзда ташкил қилишнинг пойдевори бўлиб хизмат қилади.

“Tugan Falconry Club” жамияти питомнигида дунёга келган қуш болалари туғилганида ечилмайдиган ва жамият белгиси туширилган балдоқ билан халқаланади. Бундай халқалар ёш қушларни браконьерлардан ҳимоя қилади. Агар қушлар ноқонуний йўл билан олиб чиқиб кетилаётган бўлса, уларни осон ажратиб олиш мумкин. Ёввойи ҳайвонларни, шу жумладан, “Қизил китоб”га киритилган қушларни Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқиб кетиш учун бир Давбионазорат ва Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тегишли рухсатномасини олиш лозим бўлади.

Питомникда туғилган лочинларни самарали реинтродукция қилиш ва қуш болаларини овлаш бўйича табиий кўникмаларини шакллантириш учун учиш майдони зарур. Шундай майдонни қуриш йиртқич қушларнинг тез ва осон тарзда ўз кучи билан озуқа топишга ўргатиш ҳамда яқин-атрофида одамлар бўлишига кўникиб қолмаслигига имкон яратади.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ахборот хизмати билдиришича, келгусида “Tugan Falconry Club” жамияти Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси кўмагида ана шундай жойни қуришни режалаштирган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 19 та лочин табиат қўйнига қўйиб юборилди