Кеча «Халқ сўзи» мухбири Мақсуд Жонихонов Фейсбукдаги саҳифасида фарзандининг она тили ва адабиёт фанидан билимлар беллашувида адолатсизликка учрагани ҳақида пост қолдирган эди. Пост охирида Мақсуд ака халқ таълими вазирининг ёш ўринбосари Алишер Саъдуллаевга мурожаат қилиб, мактаблардаги билимлар беллашуви, фан олимпиадалари ғирт кўзбўямачилик, тарафкашлик, «гаплашиш», «келишиш» каби ҳолатларни бартараф этишига умид билдириб, бу масалага унинг ўзи киришиши, халқ таълими вазирининг бунга кўзи ўтмаслигини таъкидлайди.
Ушбу мурожаатга жавоб тариқасида Алишер Саъдуллаев изоҳ қолдирди. Ҳар доимгидек умумий гаплар. Устига мутлақо сув юқтирмайдиган, халқ дардини ўзининг ташвиши деб билмайдиган, популист ёш сиёсатчи ўз услубига содиқ қолган ҳолда умумий гаплардан иборат муносабат билдирган. У шундай дейди:
«Бу ерда айнан бир шахсни тўғридан-тўғри айбдор қилиб қўйиш ярамайди. Албатта, субъектив ва объектив факторлар бор. Аввало, болаларда курашувчанлик характерини ривожлантириш керак. Биз ҳам шу каби муаммо ва тўсиқларга дуч келганмиз, аммо доим билимли ва зукко шахс ютиб кетишига ишонганмиз. Шу ҳафта ҳам пойтахтимиздаги билимлар беллашувида ўзим ҳам бош-қош бўлдим. Масалалар етарлича, ишлашимиз керак».
Муҳокама-мунозаралар давом этиб, таниқли педагог Баҳриддин Асрор унинг сўзларига эътироз билдирди:
«Умумий жавоб берибсиз. Имкон бўлса, масалани ўрганишга ҳаракат қилинг, илтимос. Вазият бўйича берган фикрингизни мактаб психологи ҳам айта олади».
Бунга жавобан вазир ўринбосари қуйидаги мулоҳазаларни қолдирди:
«Шу муаммони менинг отам ва онам ҳам кўтариб чиқишган. Шуни таъкидламоқчиманки, ҳозир ваъда бериш ёки кимнидир танқид қилиш орқали эмас, халқимизга натижа билан чиққаним афзалроқ. Сизнинг эътирозингиз ўринли, фақат ҳозир ечим устида ишлаяпмиз. Бироз вақт ва ҳаво керак. Менга ҳам таниш, ёт эмас бу ҳолат».
Энди савол туғилади: вазир ўринбосарига таълим тизимидаги танловларни шаффоф, адолатли ва холис ўтказиш учун қанча вақт ва қанча ҳаво керак? Президент одамлар ўзгаришларни бугун кўрмоқчи, эртага ёки уч йилдан кейин эмас, деб қайта-қайта такрорламоқда. Хўш, таълимда ҳақиқий ўзгаришлар қачон бўлади?
Тизимдаги жуда кўплаб танловларда иштирок этганман, қатнашчиларнинг кайфияти, ҳолати, кечинмаларини кузатганман. Нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар ўртасидаги танловларда ҳам нохолислар жуда кўп учрайди. Булар ёш авлодни ва ёш кадрларни бездириши, ишончсизлик, норозилик кайфиятини уйғотиши аниқ.
Нима қилиш керак?
Ўша эски гап: тизимни радикал равишда ислоҳ қилиш, бошқарувни либераллаштириш, ХТВ устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим. Тизимдаги муаммоларда бир кишини айблаш нотўғри, дейди вазирнинг ёш ўринбосари. Кўп томондан гапида жон бор. Аммо ўша бир киши, яъни, дейлик халқ таълими вазири ўша соҳа учун асосий масъул ва жавобгар шахс эмасми? У раҳбарликка тайинланаётган вақтда Президентдан топшириқ ва вазифаларни олиб чиқмайдими? Сўнгра зиммасидаги вазифаларни бажаришга киришиши, бу йўлда тўғаноқ бўлаётган омиллар, бюрократик тўсиқ ва ғовлар, йиллар давомида тизимда илдиз отиб, Острогожскаяга ўхшаган эски «наҳангларни» ишдан четлатиш билан шуғулланса бўлмайдими? Менимча, ундай бўлмайди. «Каламушлар»ни олдига йиғиб, қаердан қандай «соққа» қилишни сўрайди, қаерга қанча «ташаш», ким билан нималарни бўлишиш ваҳоказоларни ўрганиб, мансабни масъулият эмас, имконият деб билиб ётиб қолгунча отиб қол қабилида ишга киришади. Акс ҳолда тизимда ўн йиллардан буён сақланиб, тобора зўрайиб бораётган муаммолар аллақачон бартараф этилар эди.
Ҳозир эса катта умид ва ишончлар билан вазир ўринбосари этиб тайинланган, аксига олиб халқ билан мулоқот қилиб келаётган Алишер Саъдуллаев танқид ва эътирозларга нишон бўлиб қолмоқда. Биламан, Алишер Саъдуллаевнинг қўлидан ҳе нарса келмайди. У дала ўртасидаги қўриқчига ўхшайди. Номига бор холос. Тизимни ислоҳ қилиш, уни замон талаблари даражасига кўтариш учун норматив-ҳуқуқий асослари, жумладан «Таълим тўғрисида»ги ўлик қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, таълим дастурларидан тортиб, тизимни ўн йиллардан бери кучини сўриб келаётган «каламушлар»гача йўқотиш керак.
Халқ таълимининг асосий вазифаси ҳар хил академик билимларни болалар калласига мажбурлаб қуйиш эмас, уларни катта ҳаётга тайёрлаш, дунёқараши кенг, замон ўзгаришларига мослашувчан, ижодкор, эркин фикрловчи қилиб тарбиялашдан иборат бўлиши керак. Бунга эса амалдаги таълим стандартлари тўсқинлик қилади. Фанлар, мавзулар, билимлар ҳаддан зиёд кўп. Агар ўқувчилар билими холис синовдан ўтказилса, асосийсининг ўзлаштириш даражаси 30 фоизга ҳам бормайди. Бундай ишламайдиган тизим учун давлат бюджетининг учдан бир қисмини сарфлаш пул ва вақтни ҳавога совуришдан бошқа нарса эмас!
Манба: Fayzbog.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда