Болалик. Бу беғубор фаслни бошидан кечирмаган инсон йўқ оламда. Болаликнинг нигоҳлари катта бўлади, деган гап бор. Албатта, бу рамзий маънода айтилган фикр. Аслида, олам ва одамларни ўрганаётган, қаҳр, разолат ва жиноят нелигини билмайдиган болаларнинг ҳайратлари катта бўлади. Мана шу ҳайрат уларнинг тасаввур оламини бойитади, фикри ва дунёқарашини шакллантиради. Улар учун ҳамма нарса қизиқарли ва ажабланарлидек гўё. Дунёни оппоқ рангларда кўради улар.
Мутахассисларнинг фикрича, болаларнинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етиши айнан шу даврга боғлиқ. Аниқроғи, болалик ва беғуборлик фаслида инсон аталмиш буюк қўрғоннинг пойдевори тикланади. Агар бола бахтли оилада камол топса, ҳар бир ишда унинг омади чопади. Чунки кўтаринкилик ва некбинлик кайфияти уларга болалик давриданоқ юқтирилади. Уриш-жанжалли оилаларда улғайган болалар эса тажовузкор, асабий ва жоҳил инсон бўлиб вояга етадилар. Баъзан ота-оналар болага қаттиққўлроқ бўлишимиз керак, дея назоратни ҳаддан зиёд ошириб юборадилар.
Ҳеч эътибор берганмисиз, ота-онаси асабий бўлган оиланинг фарзандлари ҳам худди улар каби уришқоқ, тирноқ остидан кир қидирадиган бўлиб улғайишади. Эр-хотин тез-тез жанжаллашадиган, аразлашадиган оиланинг фарзандлари эса тортинчоқ, ичимдагини топ ва ғамгин бўлиб вояга етадилар. Чунки болалигида у ҳам отаси ёки онасига эркалангиси, елкаларида от бўлиб мингиси келганида уйдаги “совуқ уруш” бу истакни ҳамиша чил-парчин этаверган. Масалан, у қучоқ очиб, зўр иштиёқ билан отаси томон югурди дейлик.
Лекин отаси уни кўзлари тўла ғазаб билан қарши олади. Отанинг шу туриши гўё бир турткига зор портловчи бомбадек. Бу жонли бомба боланинг шу биргина эркалиги билан ҳаракатга келади-ю, унинг қулоқларини қоматга келтириб ваҳшат билан портлайди. Бу портлаш эса кичкинтойнинг шижоати, эркинлиги, хархашаси ва шўхлигини чил-парчин қилиб, ҳар томонга тўзғитиб юборади гўё. Шу кундан бошлаб болакайнинг руҳиятида синиқлик пайдо бўлади. Бу синиқлик унинг барча ижобий хислатлари, шу жумладан, истеъдодини ҳам бўлак-бўлакларга ажратиб юборади.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳар бир инсонда ўзига хос туғма истеъдод ва қобилият бўлиши мумкин экан. Бу ижобий хислатлар кишининг айнан болалик даврида шаклланади ва ривожланади. Ахир халқимиз “Боланг беш ёшга тўлгунча унга подшоҳдек муносабатда бўл”, деб бежизга айтмаган. Аммо, минг афсуски, кўпгина оилалар “Боламнинг жиловини ёшлигидан оламан”, дейдию, ўзи билмаган ҳолда ундаги Худо берган истеъдодни ўтмаслаштириб, тўмтоқлаштириб юборади. Ота-оналар бола руҳиятига қаттиқ таъсир этадиган ҳодисалардан фарзандларини ҳамиша асрашлари керак.
ҚАССОБНИНГ ХАТОСИ
Бир аёлнинг эри қассоблик қиларди. Шу эркак “Ўғлимнинг кўзи пишсин, катта бўлса, менинг касбимни давом эттирсин”, дея тўрт ёшли ўғлини ҳар куни қушхонага олиб борар ва молларни бўғизлаётганда боласини қараб туришга мажбур қилар экан. Болакай ҳўкизларнинг жон талвасасида хириллашини ва фавворадек отилаётган қонни кўриб, чинқириб йиғласа, ота қўлидаги пичоқни унга ўқталиб, “Ўғил бола қўрқмаслиги, йиғламаслиги керак!” деб бақираркан. Оқибатда соппа-соғ болакай тутқаноқ касалига чалинибди. Ота-онаси уни даволатиш учун бормаган жойи қолмабди. Аммо дардига даво тополмабди.
Бир куни шу болача онасига “Ойи, дадам ҳўкизларни бўғизлаётганида улар қаттиқ титраб хириллайди. Мен бундан қўрқаман”, дебди. Боланинг касали нимадан эканлигини билган онаси уни дарҳол психологга олиб борибди. Мутахассис болакай билан бир йил ишлагач, у касалликдан халос бўлди. Аммо танишимнинг айтишича, унда раҳмдиллик туйғуси йўқ экан. Агар мушуги ёки ити айтганини қилмаса, арқон билан бўйнидан бўғиб калтакларкан. Она “Ҳайвонларга раҳмдил бўлиш керак”, дея насиҳат қилса ҳам, парво қилмасмиш.
Бизнингча, энди болакайдаги қаҳри қаттиқлик туйғусини ҳеч қайси психолог тузатолмаса керак. Чунки отанинг калтафаҳмлиги оқибатида болакайнинг беғубор дунёсини аллақачон чилпарчин бўлган. Унинг онгидаги беғуборлик ўз ўрнини ёвузлик, шафқатсизлик ва меҳрсизликка бўшатиб берди. Чунки ўғил бола отасидан намуна олади. “Отам шундай қиляптими, демак, бу тўғри”, деган хулосага келади. Бу билан боланинг отаси қассоблик қилмаслиги керак, деган фикрдан йироқмиз. Аммо у токи фарзанди оқ-қорани танигунча қушхонага олиб бормаслиги керак эди.
ҚАНДАЙ БОЛАЛАР ЖИНОЯТЧИ БЎЛАДИ?
Айтишларича, қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган жиноятчиларнинг аксарияти бахтсиз болаликни бошидан кечирган кимсалар экан. Айниқса, ота ёки онаси бўла туриб, бир бор уларнинг бағрида яйрамаган, ширин сўзларидан баҳраманд бўлмаган болалар ҳаётда доим ўзларини нимагадир ташнадек ҳис этиб яшаркан. Ўша ташналикнинг ўрни босилмаса, асабий, тажовузкор ва ёвуз махлуққа айланаркан.
Мутахасссисларнинг фикрича, ота-онаси меҳр бермаган болалар қўрқоқ ва журъатсиз бўлади ва бу камчиликларини бекитиш учун атайлаб ўзларини қўпол, жанжалкаш ва ботир қилиб кўрсатишга уринади. Бу ҳам ҳимоянинг бир усули, аслида. Чунки ота-она меҳри ҳам болага руҳ ва қанот беради, ҳимоячим бор, деган таскин уларга ботирлик бағишлайди. Бундай меҳрдан мосуво, ота-онасидан камситиш эшитадиган, калтак ейдиган болалар эса доим ўзларини ёлғиз ҳис этишади. Албатта, инсон ёғоч ёки кесак эмас. У ҳам тирик мавжудот. Тириклик эса ҳамиша нусха олишга мойил бўлади.
Масалан, чўл эчкиэмарларини олайлик. Уларнинг ташқи қиёфалари яшилтоб қўнғир бўлса-да, аммо қумлар узра ўрмалаб кетаётганда бирданига қум рангига кира олади. Айниқса, бундай ҳолат бирор хавфни сезганда яшин тезлигида рўй беради. Албатта, инсон ҳайвондан фарқли. У онгли мавжудот. Шу билан бирга у ҳам худди ҳайвонлар каби табиат фарзанди. Чорасиз ва нажотсиз қолган дамларда у ҳам она табиатга суянади.
Инсонда қайсики фазилатлар устун бўлса, у ўзига ўхшаган одамлар орасига кирганида ўша фазилатлари икки баравар ошиб кетар экан, яъни ёмонлар орасида ёмонлиги, яхшилар орасида яхшилиги кўпроқ намоён бўлади, деган гап бор. Фарзандларимиз бизнинг кўзгудаги аксимиз. Уларнинг хатти-ҳаракатига қараб, ўзимизнинг характеримиздаги салбий жиҳатларни англаймиз. Боламизнинг қайсидир қилиғи бизга ёқмаяптими, демак, аввало, ўзимизни тафтиш этишимиз, камчилигимизни тузатишимиз керак. Акс ҳолда бу камчиликлар йиғилиб-йиғилиб бир куни катта иллатга айланади. Иллат эса инсонни жиноятга бошлайди, боши берк кўчаларга ундайди.
ФАРЗАНД МЕҲРИНИ ҚОЗОНИШ ОСОНМИ?
Баъзан ҳаётда фарзандлари қаровсиз қолдирган ёки меҳрини дариғ тутган қарияларга дуч келганимизда қалбимизда ачиниш ҳисси пайдо бўлади. Беихтиёр ўша ўзимиз танимайдиган бемеҳр фарзандга нисбатан қалбимизда нафрат ҳисси пайдо бўлади. Лекин бир он бўлса-да, ўйлаб кўрсак, уларнинг шундай аҳволга тушишларида ўзларининг ҳам айби бордек назаримизда. Чунки меҳр-муҳаббат ва оқибат устун бўлган оилада катта бўлган фарзандлар ҳеч қачон ота-оналарини ёлғиз ташлаб қўймайдилар.
Бир ота хотини вафот этгач, етим бўтадек бўзлаб қолган учта қизини меҳр-муҳаббат билан вояга етказибди. “Қизларимнинг кўнгли ўксимасин”, дея ҳатто уйланмабди ҳам. У ибодатга бош қўйган кезлари қизлари унга меҳрибон бўлиб вояга етишларини Тангридан астойдил сўрар экан. Бир куни ўша киши узоқ сафарга чиқадиган бўлибди ва қизларидан: “Гўзал қизларим, сизларга нима олиб келай?” — дея сўрабди.
“Дадажон, менга дур-у марваридлардан олиб келинг”, — дебди катта қизи. “Менга дунёдаги энг чиройли матолардан олиб келинг”, — дея ўзининг орзусини айтибди иккинчи қизи ҳам. “Сенга-чи?” — дебди ота сукут сақлаб турган кенжа қизига. “Отажон, менга сафарингиз давомида нима есангиз, ўша еган нарсаларингизнинг куйган жойларини олиб келинг”, — дебди қиз.
Ота бу қизининг илтимосидан ҳайрон бўла-бўла сафарга отланибди ва бир неча ойлардан кейин уйига қайтиб келибди. Иккита катта қизи сўраган дуру марварид ва энг гўзал, асл матоларни берибди. Энг кичик қизига эса унинг илтимосига кўра бир қийиқчада тўла қилиб тугилган барча еган таомларию нонларининг куйган куйиндиларини берибди.
Қизи бундан жудаям хурсанд бўлибди ва дадасига сўраган нарсаларини олиб келгани учун ташаккурлар айтибди. Отаси эса қизидан: “Қизим, нега мендан еган нарсаларимнинг куйган қисмларини олиб келишимни сўрадинг, бунинг маъноси нима?” — дея савол берибди. “Отажон, куйган таомлар, айниқса, ноннинг куйгани кишида саратон хасталигини келтириб чиқариши мумкин экан. Агар сизга бу ҳақда тўғридан-тўғри айтсам, бунга амал қилмаслигингиз мумкин эди. Шу нарсаларни менга олиб келинг, десам қизим илтимос қилган эди, дея эътиборсиз бўлмай, менга илинишингизни билиб, шу йўлни тутган эдим”, — дебди қизи.
Ота қизининг донолиги ва меҳрибонлигидан қувониб кетибди ва уни чин дилдан дуо қилибди. Отасининг самимий дуосини олган қиз эса келажакда бахтли ва саодатли бўлиб, муроду мақсадига етган экан.
Қиссадан ҳисса шуки, ота-она фарзандига қанча кўп меҳр берса, келажакда улардан меҳр олади. Чунки фарзанд ҳам бамисоли экин қадаладиган ер. Унга нима эксак, шуни оламиз.
Гулруҳ ЁРМАТОВА
Манба: hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Маск Украинага ёрдам беришни АҚШнинг энг ёмон қарорларидан бири деб атади
Жакартада "Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати" кўргазмаси очилди
Туркий давлатлар фейк ва дезинформацияга қарши биргаликда курашади
Путин Суриядаги вазиятдан фойда кўрган давлат номини айтди
Германияда Рождество ярмаркасида теракт содир этилди
Шавкат Мирзиёев россиялик генералнинг ўлими муносабати билан Путинга ҳамдардлик билдирди
Генерал Кирилловнинг қотиллик иши очилишида Ўзбекистон томони ҳам иштирок этади
Илон Маск: “Европа давлатлари йўқ бўлиб кетиш хавфи остида”