17:37 / 12.03.2018
8 487

Аёллар мардикор бозорида ўтган тўрт соат...

Аёллар мардикор бозорида ўтган тўрт соат...
Аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилаш... Уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, оиласига фаровонлик олиб кириш... Президентимиз бугун мана шундай устувор вазифаларни давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларидан қатъий талаб қилмоқда. Лекин мамлакатимизнинг турли ҳудудларида норасмий тарзда шаклланган “Мардикор бозорлари” ҳамон аёллар билан гавжум. У ерда мунғайиб, иш қидириб юрган хотин-қизларнинг сони эса камаяётгани йўқ...

Шу йилнинг 8 январь куни Қўйлиқ ҳамда Чорсу бозорлари атрофида тўпланиб турувчи аёллар билан суҳбатлашдик. Қора меҳнат билан қозон қайнатаётган бу хотин-қизлар ҳаёти ҳақида аввал ҳам бир неча марта мақолалар чоп этилган. ОАВ бу мавзуга бефарқ эмас. Бироқ аҳвол ўша-ўша. Уларга “Бу ерда турманглар, бир жойга тўпланманглар!” деб дағдаға қилиш билан вазият ўзгармайди.

“Аёллар мардикор бозори”га иш қидириб чиққан хотин-қизлар билан суҳбатлашарканмиз, айримлари исм-шарифи, доимий яшаш манзилини ўзгартирмай чоп этишимизни, тақдирнинг турфа чалкашликлари туфайли юраклари зада бўлиб кетганини, улар ҳам бошқалар каби бахтли яшашни исташларини айтди. Биз ҳаммага маълум бўлган бу ҳолатни жамиятдаги муаммо сифатида кўтармоқчи эмасмиз (аслида бу ростдан ҳам муаммо). Бу аёлларнинг ҳикояларини қандай бўлса, шундайлигича сизга етказмоқчимиз, халос.

ФАЛОКАТ ОЁҚ ОСТИДА...
– Хўжайиним ҳам, мен ҳам 10 йилдан буён Чорсу бозорида мардикорлик қиламиз, – дейди Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан келган Ҳанифа исмли аёл. – Бир ўғил, бир қизимизни ҳалол меҳнат орқасидан топган маблағимизга ўқитяпмиз. Навбати билан келиб ишлаймиз. Ҳозир хўжайиним уйда. Ёши кекса бир аёл томини тузатишга олиб борган экан. Иш пайтида йиқилиб, чап оёғи тўпиғидан синибди. Гипслаб қўйишди. Ҳайрият, жароҳати оғир эмас. Агар хўжайинимнинг ўрнида мен бўлганимда шифохона харажатларини уй эгасига тўлатган бўлардим. Ор-номус устун келиб, андишага борибди. Ҳеч бўлмаса, иш ҳақининг ярмини беришини ҳам сўрамабди. Томдан йиқилиб, ишингни унуми бўлмади, деб қуппа-қуруқ қайтариб юборибди. Яна денг, ёнидаги шерикларидан қарз ҳам олибди. Одамда, андиша-ю, истиҳола бўлгани яхши, аммо бунинг ҳам меъёри бор-да. Нега ҳақингизни талаб қилмадингиз, десам: “Уй эгаси жуда очкўз, жанжалкаш экан. Йиқилганимдан сўнг “Тез ёрдам” машинасини чақириш ўрнига бутун айбни менга ағдариб, жанжал кўтарди”, дейди.

Ҳар хил одамлар билан муомала қиламиз. Ўтган йили кекса бир аёл келиб, мени уйига олиб кетди. Бориб чангларини артиб, идиш-товоқларини ювиб, уйини тозалаб бердим. Кетаётганимда қўлимга пул, невараларининг кичкина бўлиб қолган кийимлари, яна бир талай егулик бериб юборди. Икки-уч марта уйига бориб, ишлаганимдан сўнг: “Ижара ҳақи тўлаб юргандан кўра, келиб бизникида яшанг”, деб бир хонанинг калитини бериб қўйди. Ишга келмай қўйсам, қўнғироқ қилиб, чақириб олади.

ФАРЗАНДЛАРИМНИ ДЕБ ОТАСИДАН ВОЗ КЕЧДИМ
– Ёшим 54 да. Тўрт нафар фарзандим бор, – дейди тошкентлик Зарифа опа. – Ёшим бир жойга борганида хўжайиним билан ажрашишга мажбур бўлдим. Ичкиликка ружу қўйиб, ҳамма нарсани ҳатто ўзини ҳам унутди. Кўча-кўйда ётиб қоладиган даражага етгач, рўзғор ташвишларини ўз зиммамга олиб, мардикор бозорига ишлашга чиқдим. Ўғилларим дадасининг ортидан пойлаб юрар, кўпинча кўча ва хиёбонлардан маст ҳолда топиб, уйга олиб келишарди. Нима бўлганда ҳам болаларимнинг отаси, инсоф кириб қолар, деб кутдим, аммо ўзгариш бўлмади. Энг даҳшатлиси, уйда, ўзини билмай, яланғоч ҳам юраверадиган бўлиб қолди. Унинг бу қилиқларидан фарзандларим ор қилишарди. Уларнинг келажаги учун отасидан воз кечдим. Аввалига шунчаки алоҳида яшаб кўрдим, бўлмади. Кунда-кунора эшигимни тақиллатиб кириб келадиган, ижара уйда биз билан тунаб кетадиган одат чиқаргач, қонуний ажрашишга ариза бердим.

Тўрт боламни олиб, ота уйимга йўл олдим. Укаларим ҳовли четидан иккита хонани ажратиб беришди. Қизларимни совчилар сўраб келишяпти. Насиб бўлса, тўй-томоша қилиб узатаман.
Эрталаб соат 7:00 дан иш бошлайман. Кунига 50-60 минг сўм топаман. Кўпинча уч-тўрт аёл бирга юрамиз. Мен қизларга бригадирлик қиламан.

“ПРОРАБИНГ” БИЛАН ЎЗИМ ГАПЛАШАМАН”
– Бизни кўпроқ прораблар, хусусий уйларнинг иш юритувчилари алдаб, чув туширишга ҳаракат қилади, – дейди самарқандлик Лайло исмли аёл. – Яқинда бир йигит янги қурилган уйни тозалашимиз кераклигини айтди. Уйга яқинлашганимизда, хонадон соҳибларига 100 минг сўмдан ҳақ олишга келишдик”, денглар деб ўргатди. Аслида эса у биз билан 50 минг сўмдан келишганди. Кечгача ишладик, кетаётганимизда уй эгаси меҳнатимизни кўриб, қанчадан ҳақ беришим керак, деди. Эллик минг сўмга келишганимизни айтдик. У пулни иш юритувчига бермай, бирма-бир санаб, ҳар биримизга 100 минг сўмдан берди.

ИЗОҲГА ҲОЖАТ БОРМИ?
Мардикор бозоридаги аёллар билан суҳбатлашиб турганимда бир йигит келиб, Навоий кўчасида янги қурилган дўконнинг бешинчи қаватидаги ойналарни тозалаш кераклигини айтгач, савдолашиш бошланди. Йигит: “Икки соатлик иш, 30 минг сўм бераман”, деди. Аёлларнинг баъзилари 50 минг сўмдан кам эмас, деб турганда, айримлари 40 минг сўмга ҳам розиликларини билдиришди. Нархни пасайтирган аёл шу топдаёқ ҳаммадан дакки эшитди. Улар айтган нархга прораби кўнмаслигини тинмай таъкидлаётган йигитга аёлларнинг ёши каттароғи: “Телефон рақамини бер, ўзим келишиб оламан прорабинг билан”, деганди, йигитча қочиб қолди. “Ҳозир кўпчилик “сохта тадбиркор”лик йўлига ўтиб олган. Кўрдингизми, бизга ўхшаган қора ишчиларнинг ҳам устидан фойда кўрадиганлар бор”, деди аёлларнинг ёши кексароғи куйиниб.

ЎЗ УЙИМДАН ҲАЙДАЛДИМ
– Ёшим 47 да, турмуш ўртоғим билан қонуний ажрашганман, – дейди Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан келган Моҳира исмли аёл. – Беш нафар фарзандим бор эди, иккиси нобуд бўлди. Хўжайиним бир сўм пул ишлаб топмас, қўлимга қараб ўтирарди. Буниси ҳам майли, маишатга берилган, уйдаги пулларни ҳам кўчадаги аёлларга сарфларди. Болаларни боқиш учун мардикорлик қилдим. Аввалига қишлоқдаги фермерларнинг ерларида ишлаб юрдим. Совуқ тушгач, пойтахтга келдим. Бир куни ишдан қайтсам, хўжайиним жазмани билан уйда маишат қилиб ўтирибди. Ўзимни тутиб тура олмадим. Жанжаллашдим, йиғладим-сиқтадим. Ўша аёлни деб мени болаларим билан уйдан ҳайдаб чиқарди. Бошпанасиз қолгач, турли идораларга ёрдам сўраб бордим. Уйнинг ҳужжатлари унинг номида бўлгани учун қонун уни ҳимоя қилди. Қонуний ажрашдик, ҳатто алимент ҳам ундира олмадим. Олти яшар қизчам билан шаҳарда мардикорлик қилиб юрибман.

ХАТОИМНИ ТУШУНДИМ, АММО КЕЧИРИШМАДИ
– 21 ёшимда ўйламай босган қадамимнинг жазосини тортаяпман, – дейди сурхондарёлик Саодат исмли қиз. – Оилада тўрт ўғил, уч қизмиз. Ака-опаларим оилали. Улар анча улғайиб қолишганида дунёга келганман. Кенжатой бўлганим учун ота-онам, яқинларим кўнглимга қараб ўстиришган. Айтганим айтган эди. Чиройли, янги кийимларнинг ҳаммаси мен учун, ширин егулик­лар ҳам менга атаб олиб келинарди. Кимдир айтганимни қилмай жиғимга тегса, ўша куниёқ дадам ёки катта акам томонидан жазоланарди. Рўзғор ишлари келинойимлардан ортмасди. Мактабни тугатгач, бирор касб-ҳунарнинг этагини тутмадим. Бунга ҳожат ҳам йўқ эди-да. Ахир ҳамма нарсам етарли, хоҳласам катта акам, хоҳласам кичикларидан пул олардим. Ўзимга ўхшаган дугоналарим билан эрта-ю кеч туман марказидаги боғда сайр қилиб, кинога тушардик.

Бир куни ўша паркда Иномжон исмли йигит билан танишиб қолдим. Ўртамизда муҳаббат пайдо бўлди. Тез-тез учрашадиган бўлдик. Ҳинд киноларини яхши кўрардим. Бирга кинога тушардик. Бир куни кинодан сўнг бир жойга тезгина ўтиб келамиз, деб мени олиб кетди. Ёши кексароқ бир аёл бизни кутиб олди. Ўша хонадонда туни билан қолиб кетдик...Бу хабар тезлик билан оиламиздагиларга етиб борди. Акаларим мени уйдан ҳайдашди. Онам зор йиғлаб кечиришларини сўради. Аммо улар эшитишни ҳам исташмади. Лаш-лушларимни сумкага жойлаб, бошим оққан томонга кетдим. Иномга қўнғироқ қилгандим у мени яна ўша аёлникига олиб бориб ташлади. Менга совчи юборишини, тезлик билан номимни оқлаб беришини илтимос қилдим. Аммо у уйланган, битта қизчаси борлигини, мен билан фақат кўнгилхушлик қилиб юрганини айтгач, бошимни деворга уриб қолавердим.

Ином мени бир аёл билан таништириб, ёрдам беришини уқтирди. Қўнғироқ қилиб, аёлга дарду хасратимни айтдим. У мени ўз уйида яшашга таклиф қилди. Дастлаб уй юмушларини бажардим. Сўнг эса, баъзи баъзида тунда меҳмонга келган эркакларнинг кўнглини овлашни буюрди. Шундай қилиб ҳаётим издан чиқди. Ўша аёлнинг ёрдами билан Россияга ишлагани кетдим. Уёқда топган пулларимни опамнинг номига юбордим. Мендан пул келаётганини эшитган акаларим қўнғироқ қилиб, боғланиб, ҳол-аҳвол сўрай бошлашди. Бу орада икки марта уйга ҳам келиб кетдим. Қозоғистонда ҳам беш йил ишлаб, топган пулларимни уйга юбордим. Акаларим ўз шахсий манфаатлари йўлида ишлатишди. Беш йил олдин тўсатдан буйрагимдаги шамоллаш кучайиб, ишга яроқсиз бўлиб қолгач, уйга қайтдим.

Аммо икки акам мени остонага ҳам йўлатмай, очиқдан-очиқ ҳайдашди. Пойтахтга келиб, мардикорлик қила бошладим. Бозор атрофидаги ёғочдан ясалган ҳужрада яшайман. Хона жуда совуқ, шароити йўқ. Бир кунимни кўриб юрибман. Илгариги номаъқул ишларимни такрорлашни истамайман. Ҳаётимни ўзгартириш учун ўз-ўзимга сўз бердим.

2017 йил октябрь ойида онамнинг туғилган кунида совға-саломлар олиб, уйимга бордим. Аммо кичкина акам уйга киритмади. Катта опамнинг ёрдамида онам билан учрашдим. Онам ҳам: “Болам, мени тинч яшасин, десанг, бошқа бу хонадонга қадам босма”, деди. Бу гапни эшитгандан кўра ўлганим афзал эмасми? Пул топганимда мени кечиришган, ҳатто уйда бир неча ойлаб яшашимга рухсат берган акаларим нима учун хасталигимда яна уйдан ҳайдади?
Ёрдам сўраб, туман, вилоят ҳокимликларига бордим. Ҳеч ким дардимни эшитишни истамайди. Бошимда бошпанам, доимий ишлайдиган иш жойим бўлишини, тақдиримни ўзгартиришни истайман, аммо...

БИЗНИНГ ҚИСМАТИМИЗ УЧУН БОШҚАЛАР АЙБДОР ЭМАС
Тақдирим жуда чигал, – дейди навоий­лик Қундуз исмли аёл. - 18 йил турмуш қуриб, тўрт нафар фарзандимни тирик етим қилиб, эр-хотин ажрашдик. Хўжайиним ичкиликка берилган. Уй-жойсиз қолгач, болаларимни махсус интернатларга жойлаштириб, ўзим мардикорлик қилишга мажбур бўлдим. Ёрдам сўраб туман, вилоят ҳокимликларига бордим, нажот бўлмади. Турли жойларда ижарада яшадим. Ижара ҳақини тўлолмай, у ерлардан ҳам ҳайдалдим. Мардикор бозорида ноқонуний ишлаганимиз учун ички ишлар ходимларидан қочиб юрамиз. Қўлга тушсак, панжарали автобусга тиқиб, “Панелний”даги махсус бўлинмага олиб кетишади. Уч-тўрт кун ўтгач, қишлоққа кетиш шарти билан қўйиб юборишади. Чўнтагимизда бир сўм пулимиз, ейишга нонимиз қолмагач, яна мардикор бозорига чиқаверамиз. Кунига 30-40 минг сўм пул топаман. Боғбонликдан хабарим бор. Ёшлигимда отамдан ўрганганман. Одамларнинг уйларини тозалашга борсам, дарахтларини ҳам кесиб, парвариш қилиб бераман. Келишилган пулга яна 10-15 минг сўм қўшилади. Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади. Одамлар билан иложи борича яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан. Айрим аёллар жуда асабий бўлиб қолган. Сал гапга мижозлар билан жанжаллашиб кетади. Биз шундай ҳаёт кечираётганимиз учун бошқалар айбдор эмас. Тўғриси, турли ташкилотларга ёрдам сўраб борганман, бирор нарса талаб қилиб эмас. Кимдир ёки қайсидир ташкилот менга ёрдам беришга мажбур, деб ҳисобламайман. Бироқ озгина қўллаб юборишса, доимий ишим бўлса, ҳаётимни изга тушириб олардим. Муҳтожликдан мардикорлик қиламан. Аммо бу ишимдан уялмайман. Бегона юртларда камситилган, хўрлангандан кўра ўз юртимда мардикорлик қилганим минг марта яхшироқ. Болаларимга гўшт едирмасам ҳам, нон топиб бераётганимга шукр қиламан.

ҚИРҚ КУНЛИК ЧАҚАЛОҒИ БОР ЭКАН
– Ўтган йили ёз ойида бир хонадонда таъмирлаш ишларини ўтказдик, – дейди самарқандлик Меҳмонали исмли иш юритувчи йигит. – Уй эгасининг илтимосига кўра, Қўйлиқ бозорига бориб, йигирма ёшлардаги мардикор жувон билан гаплашиб, 40 минг сўм иш ҳақига келишиб, олиб келдим. Оёқ-қўли чаққонгина экан. Тушликка яқин уй эгаси Жамила опа мени чақириб: “Тезлик билан аёлнинг иш ҳақини бериб, уйига қайтариб юборинг”, деди. Жамила опа, аёлнинг эмизикли боласи борлигини пайқаб қолибди. Сўраб-суриштирса, 40 кунлик чақалоғини ташлаб, ишга чиққан экан.

ЎЗИДАН ЎТГАНИНИ ЎЗИ БИЛАДИ
– Қўйлиқ бозори ёнидаги кўприк тагида турадиган аёлларнинг хизматидан мен ҳам фойдаланганман, – дейди Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи Ширин исмли аёл. – Ўтган йили баҳорда томорқадаги юмушлар учун сурхондарёлик ёшгина жувонни олиб кетдим. Кўҳликкина экан. Беш яшар қизчасини ҳам ўзи билан бирга олиб юрибди. Яна қорнида уч ойлик ҳомиласи ҳам бор. Уйга боргач, тақдири ҳақида суриштирдим. Турмуш ўртоғи оламдан ўтгач, отасининг уйига қайтиб борган. Ота-онаси уни узатмоқчи бўлса, қизим ўгай ота қўлида ўсишини истамайман, деб уйидан чиқиб кетибди. Қизчасини энагага топшириб, ўзи мардикорлик қилган. Энага қизчани қаровсиз қолдирганини билгач, уни ўзи билан олиб юришга мажбур бўлган. Ёз кунлари ҳалол меҳнат қилиб, рўзғорига етадиган пул топган. Қишда эса уч-тўрт кунлаб ишсиз юриб, оч қолгач, оилали эркакнинг раъйига юришга мажбур бўлган. Ҳомиладорлигини билгач, олдириб ташлашга маблағ тополмай қолган. Ўзидан ўтганини ўзи билади. Дарди дунёси қоронғу. Юртига қайтиб, турмуш қуришини маслаҳат берсам, кўнмади. Биргина ножўя ҳаракатининг касри аёлни ботқоққа тортяпти.

ХУЛОСА
Тўрт соатлик суҳбат давомида тагчарми қалин, қўнжи баланд этигимдан ҳам совуқ ўтиб кетди. Бу ерда туришга ортиқ тоқатим етмаслигини билиб, кетишга чоғланар эканман, беихтиёр аёлларнинг оёқларига разм солдим. Бири калиш, яна бири кузги, бошқаси эса ёзги енгил шиппакда юрибди. Қирқ ёшлар атрофидаги сурхондарёлик Қизларбас исмли аёл: “Опа, менга ҳам вақт ажратинг”, деб илтимос қилгач, яна ортга қайтдим.
...“Мана бу ўғлимнинг исми Зиёдулла. 14 яшар. Мактабда аъло баҳоларга ўқийди. Аммо чап қулоғи танасига ёпишиб туғилган. Шундан уялиб мактабга боргиси келмайди. Шифокорлар операция учун 1000 АҚШ доллари миқдорида пул кетишини айтишгач, бошим қотиб қолди. Имкони бўлса ёрдам беринг”, деди у жавдираб. Чап қўлидаги бош бармоғи йўқ бир аёл эса тикувчилик қилиш истагида... Фақат у кредит олиб иш бошлаш учун қаердан ёрдам сўрашни билмайди...
Бу аёлларнинг деярли 90 фоизи ёрдам сўраб турли идораларга борган, телефон қилган, дардини айтган. Уларни қабул қилганлар эса муаммони қалин дафтарга қайд ҳам қилиб қўйишган. Бироқ бу дафтарлар ўша ондаёқ ёпилган, унутилган. Шу боис бу аёллар ҳеч кимга ишонмайди, ҳеч кимдан нажот кутмайди. Ҳаётнинг турли зарбаларини кўравериб дийдаси қотгандир, бироқ уларнинг қалблари тоза.

Манба: darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аёллар мардикор бозорида ўтган тўрт соат...