date

Соч тўкилишига сабаб бўлувчи ичимликлар ва парҳез ҳақида янги хулосалар

Соч тўкилишига сабаб бўлувчи ичимликлар ва парҳез ҳақида янги хулосалар

Шакарли газланган ичимликлар ҳамда алкоголни доимий равишда истеъмол қилиш инсонда соч тўкилиши эҳтимолини ошириши мумкин. Шу билан бирга, организмда D витамини ва темир моддасининг етарли миқдорда бўлиши қалин ва мустаҳкам сочлар билан чамбарчас боғлиқ экани қайд этилмоқда.

Бундай хулосага Nutrition and Health журналида чоп этилган кенг қамровли тизимли таҳлил орқали келиб чиқилди. Ушбу тадқиқотга АҚШ, Европа ва Осиё мамлакатларидан жами 61 минг 332 нафар киши (уларнинг 97 фоизи аёллар) жалб этилган 17 та илмий иш киритилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, D витамини ҳамда темир моддасининг юқори кўрсаткичи сочнинг яхши ўсиши ва алопесия (соч тўкилиши) хавфининг пасайиши билан уйғунликда намоён бўлади. Акс ҳолда, спиртли ичимликлар ёки турли ширин газланган ичимликлар кўпинча сочларнинг эрта оқариши ва сийраклашиши билан бирга кузатилган.

Бундан ташқари, айрим тадқиқотлар соя маҳсулотлари, сабзавотлар (жумладан брокколи, карам) ва махсус витаминли қўшимчаларнинг ижобий таъсирини ҳам қайд этган. Муаллифларнинг фикрига кўра, бундай маҳсулотлар парҳезда муҳим ўрин эгаллаши мумкин.

Шу билан бирга, олимлар бу масаладаги хулосалар ҳали якуний эмаслигини алоҳида қайд этишди. Уларга кўра, соч тўкилиши ҳақида шикоят қилган ҳолатларда аввало инсоннинг қонидаги D витамини даражаси ва ферритин (темир заҳираси) кўрсаткичини текшириш мақсадга мувофиқ. Шу камчиликларни тўлдириш, шунингдек, шакарли ва спиртли ичимликларни чеклаш орқали ижобий ўзгаришларга эришиш мумкин.

Бироқ мутахассислар асосий омил сифатида ирсият (генетика) ва инсон саломатлигининг умумий ҳолати ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини унутмаслик кераклигини эслатишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Соч тўкилишига сабаб бўлувчи ичимликлар ва парҳез ҳақида янги хулосалар