date

Мирзиёев: Наманганда янги дастурлар ва катта имкониятлар бошланмоқда

Мирзиёев: Наманганда янги дастурлар ва катта имкониятлар бошланмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Наманган вилоятининг Уйчи туманида аҳоли турмушини юксалтириш ва ҳудуд иқтисодий-ижтимоий тараққиётига қаратилган йиғилиш ўтказди. Йиғилишда эришилган натижалар, янгидан очилаётган имкониятлар ҳамда келгуси режалар атрофлича муҳокама қилинди.

Охирги саккиз йилда вилоят тараққиётида улкан ўзгаришлар кузатилди. Жами 7 миллиард доллар хорижий сармоя йўналтирилди, натижада 8 мингга яқин янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари иш бошлади. Экспорт йўналишида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди – маҳсулот тури икки баравар кўпайиб, 1 мингдан ошиб кетди.

Ҳозирда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали даромад топмоқда. Реал ўртача ойлик маош уч марта ўсиб, 15,5 миллион сўмга етди. Бугунги натижалар Наманганликларнинг кундалик ҳаётида ҳам ўз ифодасини топаётгани таъкидланди.

Йиғилишда йил якунига қадар яна катта вазифалар белгиланди: 4,2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг киши учун иш ўринлари яратиш ва 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган.

Президент “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастурини амалга ошириш ташаббусини илгари сурди. Бу дастурга республика бўйлаб энг қийин аҳволдаги 328 та маҳалла, шунингдек, Фарғона, Самарқанд ва Тошкентдан 4 тадан, қолган вилоятлардан 2 тадан туман киритилади. Аҳолиси рози бўлган ва намуна кўрсата олган ҳудудларга “Президент тумани” ва “Президент маҳалласи” мақоми берилиб, уларга қўшимча имкониятлар тақдим этилади.

Сўнгги йилларда Наманганда камбағаллик даражаси икки ярим баробар камайди. Тадбиркорлик лойиҳалари ортиб, ўртача маош 4,5 миллион сўмга етди. Бунинг натижасида икки йилда 62 минг нафар миграциядаги фуқаро юртига қайтди.

Шунингдек, ҳудуддаги хушманзара жойлар бўйича мастер-режа тайёрланиши ва янги лойиҳалар ҳисобига келгуси йилда 50 минг одамни иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чустдан ўтувчи дарё ҳамда сой ўзанларининг 40 километри бўйлаб 650 та сервис объекти қуриш орқали яна 10 минг кишига даромад манбаи яратиш мумкинлиги қайд этилди.

Йиғилишда давлат раҳбари иқтисодий ўсишни таъминлаш билан бирга, аҳолининг фаровонлигини ошириш, янги имкониятлар эшигини очиш асосий мақсад эканини алоҳида урғулади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мирзиёев: Наманганда янги дастурлар ва катта имкониятлар бошланмоқда