17:08 / 11.06.2018
4 818

Ўзимиздан, қадриятимиздан уялмайлик

Ўзимиздан, қадриятимиздан уялмайлик
Ёзайми, ёзмайми? Роса ўйладим ва ёзишга қарор қилдим.
Кеча Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасининг консули Шомахамед ифторликка таклиф қилди. Бордим. Асосан элчихона ходимларидан иборат меҳмонлар экан.
Уйи шинам. Европача. Диван, стол-стул.
Аммо менинг эътиборимни тортгани — дастурхон ерга солинган эди.
Ҳозир нима осон — Европача столни бир зумда ўзбекча хонтахтага айлантириш осон. Аммо туркман биродорларимиз, яна европача таҳсил олган ва европача тарбия кўрган дипломат, яна ўзга бир юртда, хонтахта ҳам қилмай, ўзларининг миллий аньаналарига содиқ қолган ҳолда дастурхон ясашибди. Ҳавас қилдим.
Биз-чи? Хонтахта атрофида эмас,балки стол-стулга ўтиришни маданият деб биламиз.
Европача кийинишни тараққиёт деб биламиз.
Ёки миллий қадриятларимиздан уяла бошладикми?

Ҳаммамиз замонавий япон ва корейс фильмларини севиб томоша қиламиз. Агар эътибор бериб қарайдиган бўлсак тараққиётга эришган япон ва корейс амалдорлари уйда ёки ресторанларга борганларида албатта миллий урф одатларига кўра ерда ўтириб овқатланишади. Наҳотки, улардан ибрат олишнинг иложи йўқ. Айтишларича, ерда ўтириб овқатланиш соғлиққа кони фойда экан. Ота-боболармиз бир нарсани билишганки, ерда ўтириб овқатланишган. Ёки кинолардаги ҳинд миллионерининг овқатни қўлда ейишини ҳаммамиз кўрганмиз ва ҳавас қилганмиз. Аммо ўзимизга келганда нима учундир шарққа эмас ғарбга интила бошлаймиз.
Бир нарсадан қўрқаяпман — ғарбга тақлид бизнинг маданиятимизни ғариб қилиб қўймасмикан?

Тарихчи сифатида халқимиз тарихни озми кўпми ўрганишга ҳаракат қилганман. Шунда бир нарсанинг гувоҳи бўлганман. Биз босқинчи деб атайдиган ўша греклар ҳам, ўша араблар ҳам, ўша мўғуллар ҳам бизнинг маданиятимизга сингиб кетган экан. Бу ҳам бўлса ота-боболаримиз ўзгаларнинг қадриятларини тан олмаганидан далолат эмасми? Энди нима учун ғарбнинг ғариб маданиятига сиғинишимиз керак.

Ўзингизга савол беринг-чи — миллий шоҳ таомимиз паловни ким қўлда ейди? Саноқли одамлар. Паловни қўлда ейишнинг соғлиққа фойдаси бор. Аммо биз унутдик. Ресторанларда ошни қўлда ейишдан уялсак, лоақал чойхонада қўлда ейлик.
Ҳатто норин ҳам вилкада ейилаётганига нима дейсиз?!. Рости ўзим ҳам норинни қўлда ейишга қўлида вилка ушлаб турган атрофдагилардан иймана бошладим. Қолоқ деб ўйламасликлари учун мен ҳам қўлимга вилка олаяпман. Уйда ҳам шу аҳвол — яқиндан бошлаб бизнинг уйга ҳам ғарб маданияти кириб келган.

Яқинда интернетда Тожикистоннинг тоғли қишлоқларида одамларнинг уйлари home stay га айлантирилилаётгани ҳақида ёзилди. Бу каби уйларда истиқомат қилмоқчи бўлган хорижий сайёҳлар бир кеча кундуз учун $10-20 тўлашлари керак бўлади.

Home stay – бу битта уйда меҳмонларнинг мезбонлар билан бирга яшаши демакдир. Мезбонлар бир ўзи, ёки оиласи билан бирга бўлиши мумкин, аммо уларни бошқа мамлакатлардан келган меҳмонлар билан бирга бўлишга интилиши, янги фикр, меҳмондўстлик бирлаштиради. Қоидага кўра home stay мезбонлари меҳмонларни маҳаллий ошхона таомлари, сут маҳсулотлари ва ўзлари тайёрлаган пишириқлар билан сийлашади. Юқоридаги суратда хорижликлар 10-20 долар тўлаб, ерда ўтириб овқатланишмоқда.Қаранг нақадар гўзал. Мана шуни ўзимизда ҳам жорий қилишимиз, хорижликларга ўзбек миллий қадриятларни кўрсатишимиз керак. Корея, Японияга бориб келганлар юртдошларимиз улар бемалол ерда ўтириб, қўлда овқат ейишларни айтишади. Хорижликлар ҳам Ўзбекистонга келиб, ўзбекона овқат еб, юртларига борганларидан кейин фахрланиб айтиб юришлари керак. Мана шу одатимизни тарғиб қилишимиз керак.

Мен эс-эс биламан — ёшлигимизда меҳмон келса, у дастурхонга ўтириши билан ва таом еб бўлганидан кейин қўлига сув қуйиларди. Елкамизга ташлаб олган сочиқни ҳамон эслайман.Мана шу одат йўқолиб кетди. Тўғри, меҳмоннинг ўзи уйга киришдан аввал қўл ювиб кирар, балки.

Тўн кийилмай қўйганига анча бўлди. Фақат мотамлардагина кийилмоқда.Тўн ва дўппи мотам либосига айланиб қолган экан — нима учун тўйларда қудаларга тўн кийдирилаётганига ҳанузгача тушунмайман.Тўғри сўнгги йиллардан бошлаб қудага кастюм-шим, пальто ва куртка кийдирилмоқда. Наҳотки минг йиллардан бери қадриятимиз бўлиб келаётган тўн эндиликда тарих қаърига улоқтирилса?!
Телевидениеда, радиода, газеталарда, сайтларда йигит-қизларимиз йиртиқ-ямоқ либос кияётгани танқид қилинмоқда. Кийиниш маданиятини ота-оналарнинг ўзи бошламас экан, фарзандларини бу йўлдан қайтаришлари қийин кечади.

Тўйларда ош бериш одати ҳозирча унутилгани йўқ. Қудага кастюм-шим, пальто ва куртка кийдирилаётган экан, эртага ғарблашаётган (ғариблашаётган) одамларимиз ош беришдан ҳам уялиб, бистроген, бифштекс, гамбургер, хот-дог бера бошласа-я, деган қўрув пайдо бўлмоқда.
Тарбияни ўзимиздан бошлайлик, ошни қўлда ейлик. Атрофимиздагилардан уялмайлик. Ўзимиздан, қилиғимиздан уялайлик. Япон, корейс, ҳиндлардан ўрнак олайлик.

Шарофиддин Тўлаганов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзимиздан, қадриятимиздан уялмайлик