18:30 / 22.09.2018
6 282

Эркак ўқитувчилар мактабга қайтмоқда

Эркак ўқитувчилар мактабга қайтмоқда
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида, жумладан, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтиришга оид қатор вазифалар белгиланди. Қувонарлиси, бу педагоглик касбининг жозибадорлигини оширди. Натижада янги ўқув йилида мактабларга эркак ўқитувчилар ҳам қайтмоқда, деб ёзади “Маърифат” нашри.

Халқ таълими вазирлигининг маълумотига кўра, 2017-2018 ўқув йилида республикамиздаги умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган жами 408 135 нафар педагог ходимнинг 120 336 (29,5 фоиз) нафарини эркаклар ташкил этган. Республика миқёсида 11 мингдан ортиқ ўқитувчилик лавозимларида вакансиялар мавжуд бўлса-да, эркак ўқитувчилар сони 30 фоиздан ошмаган. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил этган. Таълим тизимида олиб борилган ислоҳотлар туфайли бу рақамлар жорий йилда сезиларли даражада ўсди.

Университетдан мактабга

— Бу йил Қорақалпоқ давлат университетининг қорақалпоқ филологияси факультетини тамомлаб, Хўжайли туманидаги 3-мактабда иш бошладим, — дейди Жал¬ғасбай Нуратдинов. — Очиғи, мактабда ишлашга иккиланаётгандим. Юртимизда ўқитувчилар нуфузини оширишга катта эътибор қаратила бошлангани менга далда берди. Ойлик маошлар ошгани, турли имтиёзлар берилаётганидан руҳландим. 5-, 6-, 7-синфларга қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан сабоқ беряпман. Илк таассуротлар жуда яхши.

Ўзбекистон Миллий университети магистратурасининг 2-босқич талабаси Сарвар Нишонов ҳам Яккасарой туманидаги 144-мактабда миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фанидан сабоқ бермоқда.

— Тошкент ислом университетини имтиёзли тамомлаганман. Талабалик йилларимда 2016 йилда Имом ал-Бухорий, 2017 йилда Ислом Каримов номидаги стипендиялар соҳиби бўлганман, — дейди Сарвар Нишонов. — Ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўраман. Таълим-тарбия жараёнида қаттиққўллик жуда зарур эканлигига қисқа муддатли иш фаолиятим давомида ишонч ҳосил қилдим. Бундай вазифани бажаришда эркак ўқитувчиларнинг ўрни катта.

“Муаллим бўламан” деганда қувонмагандим”...

Президент фармонига кўра, энди пенсияга чиққан педагоглар ишлайдиган бўлса, ойлик маошини тўлиқ олиши белгилаб қўйилди. Усмон Бердиқулов ҳам бу йил нафақага чиқан бўлса-да, янгиликни эшитиб, меҳнат фаолиятини мактабда давом эттиришга аҳд қилди. 42 йиллик педагогик стажга эга муаллим 30 йилдан бери Бахмал туманидаги 8-мактабда фаолият юритиб, 5—11-синфларга технология фани сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.

— Таълим муассасамизда мингдан зиёд ўғил-қиз билим олади, — дейди Усмон Бердиқулов. — Уларнинг барини ўз фарзандимдек яхши кўраман. Ўқитувчилик касбига меҳрим баландлиги ҳам аслида шундан. Оиламизда отам ва акам ҳам умрини шу касбга бахшида қилган. Ўқувчиларнинг етук шахс бўлиб камол топишида эркак муаллимларнинг роли беқиёс. Аммо кейинги пайтда ойлик маошнинг камлиги сабаб мактабларда эркак ўқитувчилар камайиб кетганди. 4 нафар фарзандимни ўқитувчилик касби орқасидан тарбиялаб, оёққа турғазган бўлсам-да, катта фарзандим “муаллим бўламан” деганида, очиғи, унчалик қувонмагандим. Аммо бугун бу иккиланишлар ўрнини фахр туйғуси эгаллай бошлади.

Қоғозбозлик камайди

— Жисмоний тарбия фанининг асосий мақсади ўқувчиларни жисмоний жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашдан иборат, — дейди ўузор туманидаги 50-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Шерали Ашуров. — Афсуски, сўнгги йилларда жисмоний тарбия фанида ҳам ўқувчиларнинг қандай ривожланаётгани эмас, ҳужжатларнинг қандай тўлдирилаётганлигига кўпроқ эътибор қаратила бошланди. Дарс сифатини ошириш йўлида изланишга кетадиган вақтимизни қоғоз тўлдиришга сарфлашга мажбур бўлдик. Эркак ўқитувчилар мактабни тарк этишига ортиқча ҳужжатбозлик, ўз устида ишлашга имкон берилмаслиги ҳам сабаб бўлаётган эди.

Нафақат ҳужжатбозликнинг камайиши, уй-жой ва автотранспорт воситаларининг имтиёзли кредит асосида ўқитувчиларга берилиши ҳам таълимдан йироқлашган педагогларни мактабга қайтармоқда. Зиммасида уй-жой муаммоси турган оила бошлиқлари учун бу имтиёзларнинг берилиши айни муддао бўлди.

Эркак муаллим директорнинг суянчи

Эркак ўқитувчилар қўшимча ишларга жалб этилишдан кўп азият чеккани рост. Ўз хўжалигига ажратолмаган вақтини мажбурий меҳнат учун сарфлаш уларнинг кўнглини таълим тизимидан совитди.

— Ўн йиллик директорлик фаолиятим давомида жамоани бир мақсад — ўқувчиларга сифатли таълим бериш йўлида бирлаштиришга ҳаракат қилиб келяпман. Албатта, бу ўзига хос мураккаб вазифа. Бу мақсадни амалга ошириш учун директорнинг ёнида масъулиятни зиммасига ола биладиган забардаст эркак ўқитувчилар ҳам бўлиши керак. Ишончим комилки, ҳар бир мактаб раҳбари буни чуқур ҳис қилади. Афсуски, кейинги йилларда шундоқ ҳам ойлиги кам муаллимларни қўшимча ишларга жалб этавериб, мактабдан бездирдик. Бу айниқса, эркакларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатди. Ғурурли эркак борки, “Бундан кўра бозорда ишлаб оила боққаним яхши эди...” дейиши табиий, — дейди Узун туманидаги 11-мактаб директори Аловуддин Ҳамдамов.

— Юнусобод туманидаги 274-мактаб ўтган асрнинг 80-йилларида нафақат туманда, балки республикада ҳам намунали маскан эди, — дейди нафақадаги педагог, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Комил Мансуров. — Ўша даврда Убайдулла Маҳкамов, Мирҳабиб Валиев, Юсуф Мўминов, Манноп Ортиқов, Мирзом Абзалов, Эркин Жамолов, Рустам Ҳикматов, Абдураҳим Орипов, Сайфулла Маҳкамов каби устозлар таълим-тарбия сифатини юксак даражада ушлаб турар эди. Муассасамизда қаттиққўл эркак ўқитувчилар кўп бўлгани учун барча каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўларди. Президентимизнинг педагоглар нуфузини ошириш, уларга қулайликлар яратишга оид фармон ва қарорлари ўқитувчиларни қадрдон мактабига қайтаради, деган умиддаман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эркак ўқитувчилар мактабга қайтмоқда