Мадриднинг машҳур клуби «Реал» сафида тўп суриб келаётган Винисиус Жуниорнинг атрофидаги яқинлари унинг ҳозирги ҳолати ва янги мураббий Хаби Алонсо билан муносабатлари борасида жиддий хавотир билдирмоқда. ESPN тарқатган маълумотларга кўра, бразилиялик вингер аввалги устози Карло Анчелотти қўл остидаги каби ишончни энди ололмаяпти.
Маълумотларга кўра, янги мураббий бошқарувида Винисиус фақат бир марта тўлиқ баҳсни ўтказган, икки бор захирадан майдонга туширилган, саккиз марта эса учрашувлар давомида захирага олинган. Бу ҳолат футболчи ва унинг оиласи учун ҳам, мухлислар учун ҳам кутилмаган вазият сифатида баҳоланмоқда.
«Реал» раҳбарияти ҳам бу муносабатлардан хабардор ва айниқса 25 ёшли вингернинг «Марсел»га қарши муҳим баҳсда захирада қолдирилгани клуб ичида турли саволларга сабаб бўлган.
Шу билан бирга, вингернинг ҳамюрти Родриго чап қанотда тўп суришга тайёрлигини билдиргани ва Алонсога ушбу позицияда ўзини кўрсатиш истагини билдиргани рақобатни янада кучайтираётгани айтилмоқда.
Шубҳасиз, Винисиус каби иқтидорли футболчининг майдондаги ҳолати ва унга бўлган ишонч даражаси клубнинг келгуси натижалари учун катта аҳамият касб этади. Мухлислар эса «Реал»нинг энг кўзга кўринган юлдузларидан бири яна ўзининг юқори ҳолатига қайтиб, жамоага муҳим голлар ва ғалабалар олиб келишини кутиб қолмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!