14:58 / 18.11.2018
4 250

Ўртакашнинг найранги

Ўртакашнинг найранги
Жуда кўп тўйларда бўламан. Тўйларнинг файзли, хушкайфиятда ўтиши асосан ўртакашнинг маҳоратига, сўз бойлигига ва албатта зийраклигига боғлиқ. Баъзан тўйларда шундай ўртакашларга дуч келамиз, улар ҳазил-ҳузул қиламан деб маза-бемаза сўзларни ишлатиб, бачканаликка йўл қўйганларидан тўйнинг файз-тароватига путур етказиб қўйишади. Мен доимо ўзимга ўзим «Худо хоҳласа ўғлимни уйлантирсам, тажрибали, яхши бир ўртакашни таклиф қиламан» деган ниятни дилимга тугиб юрардим.

Афсуски, тўйимга чақирган ўртакашим пул учун виждонини унутиб қўядиган одамлар тоифасидан экан. Турмуш ўртоғимга ўғлимнинг тўйини кўриш насиб этмади. Одамлар куёвнинг бошида отаси йўқ, шунинг учун тўйида камчиликлар бўлди дейишмасин деб қўлимдан келганича дастурхон безадим, қариндошлардан тушган тўёналарни, йиғган пулларимни жамлаб, тўй учун керакли машиналар, видеоаппаратлар, карнай-сурнай борми, тантана маросимларига мўлжалланган гулдасталаргача ҳозиру нозир қилдим. Умрида бир марта бўладиган тўй, ўғлим билан келиним хурсанд бўлишсин деб барча дўстларини, қариндош уруғларни, қўни-қўшниларни таклиф этдим.

Тўй жуда чиройли бошланди. Ҳамма ўз ўрнини эгаллади. Сокин қўшиқдан сўнг шўх мусиқа янграши билан ёшлар даврага чиқиб ўйинни бошлашди. Бир вақт тўйбошловчи баланд овозда:

–Азизлар, куёв боланинг онасига аталган совғаси бор экан. Ҳозир даврага волидаи муҳтарамани таклиф этамиз, совғани қабул қилиб олсинлар, –деб эълон қилди.

Мен ўғлимнинг қандай совғаси бор экан деб ҳайрон бўлганча даврага чиқдим.

–Куёв бола, келинни бир муддатга ёлғиз қолдириб, волидаи муҳтарамагизнинг олдиларига келинг, –деди тўйбошловчи.

Ўғлим ўрнидан туриб олдимга юриб келди.

–Энди иккингиз бир-бирингизни меҳр билан табриклаб, муборакбод этинг!

Ўғлим билан қайтадан қучоқлашиб кўришдик. Ҳамманинг диққати бизда, тўйхона жим-жит. Нима бўларкин деб меҳмонлар кузатиб туришибди.

–Санъаткорлар оналар ҳақидаги қўшиқни куйлашади. Она-бола бир яйраб рақса тушишади, меҳмонлар эса уларни қутлайсиз!

Она ҳақидаги шўх тарона бошланиб кетди. Ўғлим ва мен ҳайронмиз.

–Тўхтанг, келинимнинг онасини ҳам чақирайлик, бир ўзим ўйнамайман, –дедим.

–Аввал ўғлингиз билан рақс тушиб олинг, қуда билан ўйнаш қочиб кетмайди!

Ноилож қўлимни тепага кўтарганимни биламан, тўйхонада қанча меҳмон ўтирган бўлса, барчалари турнақатор саф тортишиб мен ва ўғлимга пул қистира кетишди. Икки қўлим пулга тўлиб кетар, ўртакашнинг ёрдамчиси пулларни териш билан овора эди. Шу тобда хаёлимда бир савол ғужғон ўйнамоқда: «Оналарга гулдаста бериш маросимида яна меҳмонларни безовта қилиб қўяманми?»...

Шу хаёл билан ўтирганимда даврага келин билан куёвнинг бувилари таклиф қилинди. Бувилар бирма бир табрик билдиришгач, уларга аталган қўшиқ янгради. Ана энди бувиларнинг ҳурмати бажо келтирилиб етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганлар бувиларга пул қистира кетишди.

Шундан кейин уятдан бошимга оғриқ туриб, кайфиятим тушиб кетди. Тўйнинг эгаси менман ахир, наҳотки таъмагирлик қилаётган бўлсам деган андиша ич этимни кемира бошлади. Ким келяпти, ким кетяпти, нималар бўляпти билмайман. Тўйнинг ўртасига келганида ўртакаш даврага мен билан қудамни чақириб, гулдаста бериш маросимини бошлади.

–Келин билан куёвга жавоб берамиз, ўз жойларингизга бориб ўтиринглар, оналар эса рақсга тушишади!

Ҳали қўлимизни кўтармасимиздан яна меҳмонларнинг барчаси саф тортишиб, пул қистира бошлашди. Тўғриси, хижолатдан бўғзимга алам тиқилиб, йиғлаб юборай дедим.

Оналарни табриклаш маросимидан сўнг ёшларбоп қўшиқлар янграб, тўй янада қизиди. Мен бироз ўзимга келиб олдимда, ўриндиққа ўтириб, иссиқ чойдан ичмоқчи бўлдим. Қўшиқ бирданига тўхтаб, ўртакашнинг овози янгради:

–Азиз меҳмонлар, ҳозир даврага куёвболанинг укаси ва синглисини таклиф этамиз. Улар келин-куёвга аталган дил сўзларини билдиришади ва албатта, сўз исботи билан рақсга тушиб беришади.

«Вой тавба, шундоқ ҳам рақсга тушишаётганди-ку» дедим ўртакашдан янада жаҳлим чиқиб.

–Куёв боланинг оналари қаердасиз? Фарзандларингизнинг олдида турмайсизми? Ўғлингизнинг тўйида ўйнамасангиз қачон ўйнайсиз?!

Ўртакаш тинмай микрофонда баралла овозда мени чақираверди. Мен эса яна уятга қолишимни ўйлаб, ташқарига чиқиб кетдим. Бироздан кейин қайтиб кирганимда тўйбошловчи ўз ўрнида овқатланиб ўтирган экан. Имлаб чақирдим.

–Тинчликми, нега даврадан чиқиб кетдингиз? –сўради сурбетларча.

–Нега мени ҳадеб даврага чақираверасиз, меҳмонлар олдида шарманда қиляпсизку, –дедим.

–Нега шарманда қиларканман, тўйнинг ўз қоидаси бор, билмайсизми?

–Қанақа қоидаси, дардингиз мен орқали кўпроқ пул йиғиб олишми? Ҳар ҳолда текинга келмагансиз, хизмат ҳақингларни бердим-ку. Бу ерда ўтирган меҳмонларнинг ҳаммаси менинг қариндошларим, дўстларим, қўшниларим бўлади ахир. Уларни ҳадеб безовта қилиб, пул қистиришларига мажбур қиляпсиз. Билмаганлар, тўй эгаси санъаткорларни текинга чақирган экан-да, шунинг учун қистир-қистир кўп бўляпти, деб ўйлашмайдими?–дедим жаҳлим чиқиб.

Шундан кейин тўйбошловчи токи тўй тамом бўлгунича индамай ўтирди.

Йиллаб орзиқиб кутган тўйим тинчлик-хотиржамликда, эсон-омон ўтиб олди. Аммо тўйбошловчининг фаросатсизлиги, нафси ўпқонлиги туфайли кўнглимда унутилмас ғашлик қолди. Айниқса, қуда томондан ташриф буюрган аёллар олдида изза бўлдим. Энди кимни кўрсам, узримни айтяпман.

–Хафа бўлманг, бундай ҳол ҳамма тўйларда бўлиб туради. Ўртакашларнинг кимлиги барчага маълумку,–дейишяпти кўпчилик.

Бу мавзуни ёзишимдан мақсад шуки, тўй бошлаб қўйганлар огоҳ бўлсинлар. Биринчи галда санъаткорларни танлаймизу, кўпчилик ўртакашларнинг кимлигига, қандайлигига эътибор бермаймиз. Агар тўйингиз файзли ўтишини, мен каби дилхираликка дуч келишни истамасангиз, ўртакашга хизмат ҳақини бераётган вақтда ундан устамонлик қилмаслигини, хийла-найрангни ишга солмаслигини талаб қилинг. Агар ўз манфаати учун виждонини сотадиган ўртакашга дуч келиб қолсангиз иссиғида тўйхонадан қувиб солинг. Тўйни олиб борадиган санъаткор яхши бўлса, ўртакашсиз ҳам тўй ўтаверади.
Раъно Маҳмудова

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўртакашнинг найранги