21:21 / 01.12.2018
9 346

Мактабларда математика дарслари қисқариши мумкин

Мактабларда математика дарслари қисқариши мумкин
30 ноябрь куни “Telegram” ва “Facebook”даги каналларда тарқалган хабарларга кўра, 2019­-2020 ўқув йили учун таянч ўқув режасига мувофиқ айрим фанлар, жумладан, математика учун ажратилган соатлар салкам 20 фоиз қисқариши мумкин. Бу ҳақда математика мураббийи, халқ таълими аълочиси Исроил Тиллабоев фикр юритади.

Бу йил мактаб таълимини ривожлантириш доирасида ўқувчиларга таълим беришнинг анъанавий тизимидан янги тизимига ўтишга қарор қилинди. Бу йўналишни белгилаб берган йўл харитаси президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўлди. Бу қарор билан тасдиқланган 2018-2021 йилларда халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг 11-бандида янги таълим стандартлари ва ўқув дастурлари, жумладан STEAM (табиий фанлар, технология, муҳандислик, санъат ва математика) услубини жорий этиш, 13-бандида ўқувчилар билими даражасини баҳолаш бўйича халқаро дастур ва тадқиқотлар: PISA — 15-16 ёшли ўқувчиларнинг математик саводхонлиги, ўқиш ва табиатшунослик бўйича саводхонлиги, TIMCC — 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математик ва табиий фанлардан саводхонлигини баҳолашда иштирок этиш кўзда тутилган.

Бу дастурлар ёрдамида дунё давлатларига бериладиган баҳо жаҳонда ўша давлатнинг қанчалар ривожланганини кўрсатувчи мезонлардан бири бўлиб қолмоқда. PISA бўйича баҳонинг 50 баллга ошиши ҳар йиллик ЯММнинг 1 фоиз ўсишини таъминлайди (Манба: ИҲРТ-2010 ҳисоботи www.oecd. org). Ҳар 3 йилда ўтказилувчи PISA халқаро дастурида Ўзбекистон навбатдаги 3 йилликда – 2021 йилда 3 та йўналиш бўйича (ўқиш саводхонлиги, математик саводхонлик, табиий-илмий саводхонлик) иштирок этиши белгиланди.

Демак, энди биз ҳам дунё давлатлари ўқувчилари аллақачон ўзлаштирган таълим стандартларига ўтамиз ва ўқувчиларимиз халқаро баҳолаш стандарти бўйича баҳоланиб, уларни бошқа давлатлардаги тенгқурлари билан бир мезон асосида таққослаш имконияти туғилади. Сингапур, Финляндия, Канада таълим тизимлари қанчалар фарқ қилишини ўз ўқувчиларимиз баҳолари орқали кўрамиз, аслини олганда, беллашамиз.

Тўғриси, ўқувчиларимиз тугул ўқитувчиларимиз учун ҳам янгилик бўлган бу таълим дастурларини жорий қилиш мушкул. Бу ушбу фанлар ўқитувчилари зиммасида катта вазифа, масъулият, шу жумладан, STEAM ўқув услубида ҳам, PISA ва TIMCC каби ўқувчиларнинг баҳолаш дастурларида ҳам иштирок этувчи математика фанини ўқитиш асосий эътиборга чиқиши барчага сир эмас. Демак, ҳали ушбу дастур стандартларидан бехабар ҳолда ўқувчиларимизни бу дастурга тайёрлаш ва муносиб балл олиш учун математика ва табиий фан ўқитувчилари ихтиёрида 3 йил вақт бор. Дастур натижалари бутун давлат учун аҳамиятли экани Халқ таълими вазирлиги ҳамда таълим сифатини назорат этувчи орган – Таълим инспекциясидан катта масъулият билан ёндашувни тақозо этади. Бу икки ташкилот ушбу фанлар юқори савияда ўқитилишини таъминлаш учун етарли шарт-шароитларни яратиши лозим.

Маълумки, Ўзбекистон президентининг 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Халқ таълими вазирлиги 2019 йил 1 августга қадар Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда умумий ўрта таълимнинг амалдаги таянч ўқув режасини қайта кўриб чиқиб, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб 10 фоиз қисқартириш юзасидан таклиф киритиш вазифаси берилган.

Таълим тизимимизда жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларнинг ҳафталик юкламасини енгиллатиш вазифаси қўйилди.

Мана шу вазифа Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекцияси раҳбариятига катта масъулият юклайди. Энди ушбу икки тузилма қайси фанларни қанча соатга қисқартириб, улардан ортган ўқитувчиларни қайси фан бўйича қайта тайёрлшни белгилашда чуқур мушоҳада билан бир тўхтамга келишига тўғри келади.

Ҳаш-паш дегунча юқорида айтганим PISA дастури синовлари ҳам етиб келишини, бу дастур Ўзбекистон учун янгилиги, бу ҳақда тасаввурни ва билимни шакллантириш вазифаси долзарблигини ва дастурда математика фани асосий фан эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, Таълим инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги ушбу қисқартириш ишларида бу омилларни алоҳида эътиборга олишини кутган эдим.

Лекин шу кунларда “Telegram”да қуйидаги ҳужжат айланиб юргани кўнглимни хавотирга солди:

Муҳокамадаги бу ҳужжатдан кўриниб турибдики, масъуллар юқорида айтилган математика фанини ўқитишни кучайтириш ўрнига, аксинча, қийин ҳолатга тушириш арафасида. Инспекция ва вазирлик умумий фанлар бўйича энг катта қисқартиришни математика фани зиммасига юклаш билан осонгина қутулиш ниятида менимча: нақд 18 фоиз! Ваҳоланки, президент қарорида бу кўрсаткич 10 фоиз қилиб белгиланган эди. Бу ҳужжат тўғри ёки нотўғрилигини вазирлик масъулларидан билишнинг иложи бўлмади. Лекин мабодо ҳужжатни тузишга масъуллардан бу ҳақда сўрайдиган бўлсак, уларнинг жавоби тайёрлигини биламан. Улар тахминан бундай жавоб беришлари мумкин: математикани бошланғич синфларга тегмадик-да, уларнинг ҳисобини ҳам юқори синфдан чиқардик, умумий ҳисобда математика 11 фоиз қисқармоқда…

Келинг, бир дақиқа шошмай, чуқурроқ таҳлил қилайлик. Шу ҳужжат устида ишлаётган масъуллар бир нечта саволимга жавоб беришларини илтимос қиламан.

Биринчидан, қарорда айнан математика фанини қисқартириш ҳақида бирон банд борми? Умумий ҳисобда 10 фоиз дейилган-ку, нега энди бу 10 фоиз қисқартириш бошқа баъзи фанлар (жадвалда бундай фанларни кўплаб санадим, номма-ном айтишим шарт эмас) қисқартирилмаган ҳолда юқори синф математикаси ва математик устозларнинг 18 фоизини қисқартириш билан қопланаяпти? Жадвалда қисқартирилмай қолган фанлар ҳам юқори синфларда ўтилади-ку? Нима учун ҳамма фанга бир хил қаралмаяпти-да, сал дарс соати кўп кўринган фандан катта-катта кесиб қўяқолинмоқда? Қани тенглик?

Иккинчидан, президент қарорида кўрсатилганидек 10 фоиз эмас, нақд 18 фоиз! Ўртоқлар, қарорни қайта ўқиб кўринг! Буни математика фани зиммасига юклашга қандай асосларингиз бор? Математика фани билимлари асосан 5-синфдан бошлаб фундаментал қурилади. Сизлар эса айнан энг зарур даврда ўқувчиларга бу фанни қисқартириб ўтишга мажбур этмоқчисизлар. Aхир математика ўқувчининг ақлий салоҳиятини бошқа фанлар учун ҳам очиб беришга хизмат қилувчи ноёб фан-ку?

Учинчидан, математика (юқори синф деявермайлик, тан олайлик, математика мутахассислари бошланғич синфга ўтмайди, уларга алоҳида мутахассислар ўтади, барча математика муаллимлари юқори синфларга дарс беради) 18 фоиз қисқарса, мамлакатдаги шу соҳа мутахассисларининг 18 фоизи ўз дарс соатларидан маҳрум бўлади, бу бирданига битта фан ўқитувчилари учун жуда катта кўрсаткич. Хўш, улар қайси фандан қайта тайёрловда ўқиши мумкин? Мен математиклардан яхши кимёгар ёки яхши физик чиқишига ишонмайман. Яна қайси фанни тавсия қиласизлар? Мана шу тарафи ҳали номаълум бўлган ҳолда биргина мутахассисликдан бирданига 18 фоиз ўқитувчини қисқартириш катта йўқотиш ва муаммолар туғдириши аниқ.

Тўртинчидан, халқаро дастурда иштирок этиб, жаҳон таълим тизимида бутун таълим тизимининг ўрнини белгилаб бериши кутилаётган фанга асосий урғуни бериб, бу фанни ўқитишни кучайтириш ўрнига камайтириш фан ўқитувчилари олдида турган шундоқ ҳам мураккаб вазифани янада қийинлаштириб қўяди. Ахир биз мактабларимизга олиб киришни истаётган STEAM таълим стандартида ҳам, PISA ва TIMCC дастурларида ҳам математика бор-ку?! Бу фанни қисқартириш шундоқ ҳам янги бўлган дастурни ўқувчилар онгига сингдириш ва уларни жаҳон стандарти даражасида тайёрлашдек мураккаб вазифани янада мушкуллаштириб қўяди.

Шу каби омиллардан келиб чиқиб, айниқса Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида тузилган Таълим инспекциясидан ва албатта Халқ таълими вазирлигидан қарорда кўрсатилган таклифни тайёрлаш жараёнида математика фанини қисқартириш масаласига катта эътибор билан ёндашишларини сўраб қоламан. Тағин эртага демади деманг, бир зумда 2021 йил келади ва халқаро дастурда мамлакат таълим сифати шаънини ҳимоя қилиш чоғида катта натижа кўрсатишимиз сизларнинг шу кунлардаги қарорингизга боғлиқ!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мактабларда математика дарслари қисқариши мумкин

Жамият янгиликлари