22:57 / 03.12.2018
3 895

Прописка тарихи қаерга бориб тақалади?

Прописка тарихи қаерга бориб тақалади?
Ўзбек ахборот оламида прописка масаласи алоҳида ўрин тутади. Бу борада шу қадар кўп ва хўб ёзилганки, бошқа бирор муаммо ҳақида бунча ёритилса, ҳамма зериккандан дод деб юборарди. Аммо прописка «ўлмас» мавзулардан. Қанча муҳокама қилинса, шунча мазаси чиқаверади. Чунки, бу каби ақл бовар қилмас тизим айнан бу шаклда фақат бизда учрайди.

Сўнгги кунларда ахборот оламининг ўзбек сегментида бу мавзу яна бир тўлқинланди. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг «Доимий прописка: тақиқми ёки даромад? Инсон ҳуқуқлари-чи?» номли мақоласи анча шов-шув бўлди. Бу мақола ортидан акс-садо тарзида яна бир неча чиқишлар кузатилди ва мавзуга турли-туман қарашлар баён қилинди. Айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умирзоқовнинг ўз саҳифасида бу мавзуни муҳокама қилатуриб бундай тизим сақланиб қолмаса, жиноятчилик ортиб кетишини билдиргани, прописка бўйича чекловларга «инсон ҳуқуқлари бузилиши сифатида қараш, бизнинг назаримизда мутлақо хато ёндашувдир» дегани қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

Табиий савол туғилади – прописка тизими қандай пайдо бўлган ва ундан ким манфаатдор?

Ҳар бир жараён сингари прописка (расмий ҳуқуқий атамаси – доимий яшаш жойи бўйича қайд қилиш) тушунчаси туғилгунга қадар ҳам маълум босқичлар босиб ўтилган. Инқилобгача бўлган Россия империяси даврида барча ҳудудлар рус зодагонларига бўлиб берилганди. Ўша пайтларда ҳам озми-кўпми миграция жараёни кечар, айрим деҳқонлар унумдор ерлар ва каттароқ даромад илинжида бошқа ҳудудларга баъзан кўчиб, баъзан қочиб кетишарди. Бу ҳолатнинг олдини олиш бўйича қатъий чекловлар қўйилди ва ҳар бир ҳудудда яшовчи ишчи–деҳқонлар ўз соҳибларининг ёки губернаторнинг рухсатисиз яшаб турган ҳудудларини тарк этишга ҳақлари йўқ эди.

Бирор сабаб билан бошқа ҳудудга бориши шарт бўлган деҳқон ўз ҳудудидаги бошлиғининг ёзма рухсатини олиши керак бўларди. Айнан мана шу қоғозлар кейинчалик паспортларнинг илк тамал тошига айланди. Фотография ривожланмаган бир даврда помешчик ўз қўл остидаги деҳқоннинг исм-шарифини келтириб, унинг аслида кимнинг тасарруфида эканини, қаерга, нима мақсадда ва қанча муддатга кетаётганини қоғозга туширар, шунингдек йўловчининг шакл-шамойилини, масалан соқолининг узунлиги, юзидаги холи каби яққол белгиларини қисқа тарзда баён этарди.

Октябрь инқилобидан кейин Ленин бу ҳолатни «қишлоқдаги мужикларни камситиш» дея баҳолаб, чор Россиясига тегишли барча паспортларни бекор қилди. Аммо тез орада бошланган фуқаролар уруши даврида аҳолининг аниқ манзили, сони каби муҳим маълумотларга зарурат сезилганидан кейин паспорт тизими қисман тикланди. Маълум вақт оралиғида меҳнат дафтарчалари ҳам шахсни тасдиқловчи ҳужжат вазифасини ўтаб юрди. 1925 йилда «шаҳарлар ҳудудида яшовчи аҳолини прописка қилиш» тўғрисидаги декретда илк бор прописка тушунчаси ва атамаси расман муомалага киритилди.

1932 йилда СССР ҳудудида ягона паспорт тизими йўлга қўйила бошлаганидан кейин прописка талаби қатъийлашди. Ҳали кўпчилик паспорт олмаган бир пайтда қишлоқ аҳолиси шаҳарга бориб келиш учун ҳам қишлоқ советидан (сельсовет) ёзма рухсат олиши керак эди. Не ажабки, совет иттифоқи ўзи танқид қилган империалистик режимнинг крепостнойлик ҳуқуқини янгича шаклда йўлга қўйиб юборди.

СССРда аҳолини паспорт билан тўлиқ таъминлаш 1974 йилларда йўлга қўйилди ва бу пайтга келиб паспорт ва прописка деган тушунчалар бир-бирига чамбарчас боғланиб қолди. Олдин асосий масала ишчи-деҳқонни ўз ҳудудида ушлаб туриш бўлган бўлса, эндиликда бу тизим ҳарбий аҳамият касб эта борди ва асосан мудофаа мақсадларига хизмат қила бошлади.

Собиқ иттифоқнинг Москва, Ленинград каби шаҳарларида аҳоли сонини чеклаш мақсадида тўғридан-тўғри пропискага ўтиш тақиқлаб қўйилди. Аммо шунда ҳам айрим имкониятлар сақланиб қолди. Масалан, бошқа ҳудуддан пойтахтга омадини излаб келган ишчи маълум лимит асосида аниқ белгиланган соҳада 10 йил муддат узлуксиз ишласа, пропискага киришга рухсат бериларди.

СССРга эргашган Шимолий Корея, Куба каби давлатлар ҳам аҳолини қайд қилишда у ёки бу шаклдаги чекловлар билан прописка тизимидан фойдалана бошлашди.

Тўқсонинчи йилларга келиб «темир деворлар» билан ўралган СССРда ҳам ошкоралик эпкинлари сезилди. 1990 йил конституцион назорат қўмитаси прописка тизими инсон ҳуқуқларини чеклаш эканини тан олди ва 1991 йилда 1992 йилдан бошлаб бундай тизимга барҳам бериш бўйича қарор қабул қилди. Аммо бу давр келгунча иттифоқнинг ўзи тарқалиб битди. Шунда ҳам қатор республикалар пропискадан воз кеча олишмади.

Кейинчалик халқаро ташкилотларнинг узлуксиз танқидларидан кейингина республикалар навбати билан бу тизимдаги чекловларни бекор қилишди. Бу борада (Ўзбекистондан ташқари) энг охирги бўлиб 2008 йилда Беларусь ҳукумати қарор қабул қилди.

Ўзбекистон чекловларга қоришган прописка тизими бекор қилинмаган оз сонли давлатлардан бири ҳисобланади. Айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига прописка қилиш бўйича тақиқлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.

1999 йил февраль воқеаларидан кейин Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрига бошқа ҳудуддан келиб эркин прописка қилиш чекланди. Ўша пайтда вилоятликларга Тошкент шаҳридан уй сотиб олиш, кейинчалик ҳадя асосида қабул қилиш ҳам тўхтатилди.

Вилоятлардан келганлар пойтахтда рўйхатга қўйилиши учун Тошкент шаҳри ҳокимлиги қошида тузилган махсус комиссияга зарур ҳужжатларни топшириши зарур бўлди ва айнан шу комиссиянинг ижобий хулосасига кўра улар ички ишлар органлари томонидан прописка қилина бошланди. Аммо амалда бундай ҳужжатни олиш учун кўп ҳолларда ё заринг, ё зўринг бўлиши керак эди.

Тошкент шаҳрида яшаш ёки ишлаш истагида бўлган бошқа ҳудуд фуқароларига икки йўл қолди: пропискаси бор қариндоши ёки таниши номига уй сотиб олиш, пойтахтга ёндош бўлган Тошкент вилояти туманларига пропискага кириш. 2010 йилдан бошлаб бу имкониятга ҳам барҳам берилди – Тошкент вилоятига пропискага кириш ҳам махсус комиссия хулосасига кўра мумкин бўлди.

2011 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар тоифалари тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу қонунга кўра, 12 тоифадаги фуқаролар Тошкент шаҳри ва вилоятига прописка қилиниш имкониятига эга бўлишди.

Кейинги 6 йилда айрим кичик ўзгаришларни айтмаганда, прописка масаласи асосан шу қонун билан тартибга солиб келинди.

Аммо 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида эълон қилинган:

«Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар учун кўчмас мулк сотиб олиш бўйича амалдаги талабларни соддалаштириш;

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш»;

«Вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинсин», дейилган бандлар яна прописка масаласини кун тартибига чиқарди ва бу муаммога мунтазам дуч келаётганларда катта умид уйғотди.

Аммо ҳаракатлар стратегиясида эълон қилинган муддат ўтиб бўлди ҳамки, тизимда ўзгариш бўлмади. Прописка деган тушунча пойтахтга келган «вилоятлик»лар учун «тиш оғриғи»лигича қолаверди.

Қизиқ савол: Тошкент шаҳрига бошқа ҳудуддан келган Ўзбекистон фуқароси 5 кун ичида ё вақтинча, ё доимий рўйхатдан ўтиши лозим. Агар шу фуқаро Тошкентда 5 кун яшаб, бир марта Сирдарёга ёки Наманганга бориб қайтса нима бўлади? Янгитдан 5 кун яшаш ҳуқуқини қўлга киритадими?
Аброр Зоҳидов

Манба: Kun.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Прописка тарихи қаерга бориб тақалади?