17:23 / 17.01.2019
6 311

Реклама қилинаётган дориларнинг таъсирига ишонасизми?

Реклама қилинаётган дориларнинг таъсирига ишонасизми?
Ёхуд “фуфломицинлар” нима?
Телевизор қаршисида ўтирганимда дори воситалари рекламаси кетма-кетлиги бошланса: “Юртимизга келган хорижлик сайёҳлар “ўзбекистонликларнинг ҳаммаси касалмандми? Нуқул дорилар рекламасини томоша қилар экан” деб ажабланиши аниқ” деган ўйдан кулгим қистайди. Аммо хорижлик сайёҳлар телеканалларимиз, радио ва матбуот, ҳатто катта кўчаларда жойлашган баннерлардаги дори воситалари рекламасини кўриб унчалик ҳайратланмаса керак. Чунки дунё бўйича дори воситалари рекламаси энг катта даромад манбаи экани ҳеч кимга сир эмас. Масаланинг бу жиҳатини қўя турайлик. Ким қанча даромад қилади ва ниманинг эвазига, бу унинг иши. “Эплаган қандини урсин”. Аммо “қандни уриш” фақат ўз манфаати, тўғрироғи “ман фақат!” истаги йўлида бўлса, бу энди на инсонийликка ва на қонун-қоидаларга тўғри келади.

Бир дардга минг дори

Даромади гапни чўздик, муддаога кўчайлик, бугун дори воситаларига ҳаддан ортиқ эҳтиёж боғлаганмиз. Об-ҳаво ўзгариб, бошимизда оғриқ симилласа ҳам дори ичамиз. Бешик тўйида устма-уст тоғораларни “бўшатиб”, бўкиб қолсак ҳам дори ичамиз. Ўқитувчиси инглиз тилини яхши ўзлаштиролмаётган фарзандимиз устидан шикоят қилса ҳам аввал муаммони дори билан “бартараф” қилишга уринамиз. Хуллас, дориларни ягона нажот кемасига айлантириб олганмиз. Ҳамма нарса кўнглимизга кўра бўлганидек, ёнверимиз ҳам дорихоналарга тўлиб кетган. Уйимдан катта кўчага чиқадиган 200-300 метрча келадиган масофа оралиғида тўртта дорихона жойлашганини кўриб кулишгаям, куйишгаям ҳайронман.

Болалик пайтларимизни эслайман. Шамоллаб қолсак, онам “Аспирин” ёки “Парацетамол” деган дори ичирардилар. Шифокорнинг нина дориси ҳам шамоллаш ва гриппга битта эди – “Пенцеллин”. Бўлди. Бошқа дорини билмай катта бўлдик. Катталарнинг ҳам бош оғриқдан бошқа дарди йўқ эди, бизнингча. “Аналгин” дорисини ичиб, бир ухлаб туришса, олам гулистон эди. Бугун эса “шамоллаб қолибман, чоғи, бирор дори тавсия...” деб дорихона сотувчисига мурожаат қилсам, гапим охирига етмай олдимга беш-олтита дори воситасини “шап-шап” этиб ташлайди: “Бу “Нимесил”, оғриқ қолдиради, тинчлантиради. Буниси “Грипхот”, шамоллаш симптомларини йўқотади. Бу эса “Нолгрип”, “Болноль”...”

Пештахтадаги дориларни кўриб бошим айланиб, кўзим тиниб кетади. Провизор-сотувчи эса тинмай номига тил келишмайдиган дориларни тавсия қилиб, хусусиятларини тавсифлайди. Қойил, дейман лаби-лабига тегмаётган дорихона сотувчисига қараб, шеърни ҳам бу қадар маҳорат билан ёдлаш мушкул-ов... Майли, иши шу бўлганидан кейин ҳамма дори воситасининг тавсифини ёддан билиши керак, дейсизми? Ҳақсиз. Аммо масала бунда ҳам эмас. Провизор-сотувчи тавсия қилаётган дори воситаларининг аксариятининг таркиби бир хил. Номи ва нархлари ҳар хил.

Сабаби билан сиз ҳам қизиққанингиз аниқ, жавоби эса одатдагидай: “Бу дори фалон давлатда ишлаб чиқарилган, буниси писмадон давлатда. Бу фалон муддат орасида таъсир қилади, буниси писмадон”... Ҳеч нарсага тушунмай, бир амаллаб жилмайишга уриниб дорихонадан чиқиб кетаман. Баъзан оддий шамоллаш ё бош оғриғига дорихонадан елим халтани тўлдириб дори сотиб оламану, аксариятини ичмай қолиб соғаяман.

“Фуфломицинлар” ҳақида эшитганмисиз?
Интернет тармоғида “Фуфломицинлар”яъни “Ҳеч қандай самарасиз ва таъсири йўқ дори препаратлари” деган рўйхатга тасодифан кўзим тушди. Бу рўйхатдан айни пайтда рекламаси авжга чиққан, шифокорлар ва провизорлар биринчи ўринда тавсия қиладиган дори воситаларидан тортиб, болалигимиздан бери номи таниш дори-дармонларгача бор экан. Тағин ҳар бир келтирилган дори воситаси таркибини изоҳлай туриб, “Бу восита дори эмас, шунчаки, биологик фаол қўшимчалардан иборат” дейилгани кишини ўйлантиради. Дори воситаси юз фоиз кимёвий модда бўлсагина таъсир кўрсатадими, ажабо? Бунисига ҳам “хўп” дейлик, интернет тармоғидаги “Энг кучли самара берувчи дори воситалари” деган рўйхатда ҳам “Фуфломицин”лар сафидан жой олган дори воситаларини учратиш мумкин. Чалғиб кетдингизми? Ўзимнинг ҳам бошим айланиб кетди, тўғриси.

Айни мавзу атрофида изланиб юрган кезларимда, Фейсбук ижтимоий тармоғидаги гуруҳлардан бирида дори воситалари ҳақида мулоҳаза ўртага ташланди. “Нима деб ўйлайсиз, бугун дорихоналарда сотилаётган дори воситаларининг ҳаммаси фойдалими?” мазмунидаги сўровномада аксарият фойдаланувчилар дори препаратларининг фойдасига ишонмаслиги, аксинча, дори воситалари инсон организмини заифлаштириб, касалликка чалинувчан қилиб қўйиши хусусида мулоҳазалар қолдирган.

Хусусан, Наргиза Авазхонова исмли фойдаланувчи шундай дейди: – Дори воситаларининг турган-битгани зарар. Айниқса, антибиотиклар инсон организмининг кушандаси. Аксарияти жигарни емиради. Жигар шикастланса инсоннинг бутун аъзолари фаолияти издан чиқади-ку!

Энг яхши дори бу – хотиржамлик ва тўғри овқатланиш, – дейди Нурмуҳаммад Одилов исмли фейсбук фойдаланувчиси. – Дорилар фақат ишлаб чиқарувчилар манфаати учун хизмат қилади. Бир аъзога фойда қилса, тўрт аъзога зарар кўрсатади.

Республикамизда дори воситаларини сифатини назорат қилишни давлат тизими ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси сифатсиз ва қалбаки дори воситаларини истеъмолчига етиб боришини олдини олишдан иборат.

Қизиғи шундаки, узоқ давом этган мунозарада фейсбукнинг ўзбек сегменти фойдаланувчиларининг аксари яккаш хулоса атрофида бирлашдилар – реклама қилинаётган ва дорихоналарда сотилаётган дори воситаларининг кўпчилиги самарасиз. Иссиқ жон, касал бўлмасликдан ҳеч ким ҳимояланмаган. Бетоб бўлганда фақат шифобахш гиёҳ ва ўтлар билан даволанишни маъқул кўришини таъкидлайди ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари.

Ҳақли саволлар туғилади: Бугун шифокорлар томонидан беморларга тавсия қилинаётган ва дорихоналарда сотилаётган дори воситаларининг самарадорлиги қай даражада? “Фуфломицинлар” атамасига замонавий фармацевтика қандай қарайди? Дорихона сотувчиси шифокор тавсия қилган дори воситаси ўрнига ўзбошимчалик билан бошқа дори воситасини харидорга сотишга ҳаққи борми? Ушбу саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази” Ахборот – таҳлил бўлими бошлиғи Муҳаббатхон Ибрагимова шундай жавоб беради:

“Ўзбекистон Республикаси дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунига кўра, дори воситалар ва тиббий буюмлар лаборатория ва клиник синовлардан ўтказилиб, сифати кафолатланганлигидан сўнггина улар белгиланган тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қайд этилиб, давлат реестирига киритилади. Шундан сўнг, ишлаб чиқариш, сотиш, тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилади. Шунинг билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги “Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиботини соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 318-сонли қарорига мувофиқ, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва чет элдан келтирилаётган ҳар бир дори воситасининг мувофиқлик сертификатлари мавжуд бўлган, ҳамда сақлаш, ташиш меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида амалга оширилган дори воситаларигина тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат берилади. Дорихоналар орқали қўллаш учун яроқсиз (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган) дори воситаларини сотувга чиқарилганлиги тўғрисида аниқ асослантирилган маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, бундай дори воситаларини муомалага чиқарган айбдор шахсларга жазо чоралари белгиланганлиги кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни яхшилаш тўғрисида”ги қарори билан “Чекланган нарх бўйича реализация қилинадиган ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалар ва тиббий буюмлар рўйхати” тасдиқланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қуйдаги рўйхатлар тасдиқланган:

*Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 19 октябрдаги 113-сонли буйруғи билан, Адлия вазирлигида 2017 йил 8 ноябрда 2946-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Шифокор рецептисиз сотиладиган дори воситаларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги рўйхат”;
*Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 11 январдаги 28-сон буйруғи билан “Асосий дори воситалари рўйхати”;
*Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 21 ноябрдаги 71-сонли “Барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати”.

Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, даволаш-профилактика муассасалари, дорихоналар ҳамда дори воситаларини ишлаб чиқарувчи, реализация қилувчи ва қўлловчи ташкилотлар дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган барча ҳолатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситаларининг қўлланилиши чоғида аниқланган ножўя реакцияларга баҳо беради, баҳолаш жараёнида ножўя реакциянинг клиник кўринишлари ва дори воситасининг қўлланилиши ўртасидаги сабаб-оқибат боғланишлари, шунингдек кутилаётган фойданинг дори воситалари қўлланилишининг эҳтимол тутилган хавфига нисбати аниқланади.

Кутилаётган фойданинг дори воситалари қўлланилишининг эҳтимол тутилган хавфига нисбатининг ўзгаришига таъсир этувчи фактлар аниқланган тақдирда ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг вакиллари салбий оқибатларни бартараф этишга, одамнинг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказилишининг олдини олишга, бундай дори воситаларининг қўлланилишидан муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларни кўриши шарт.

Дори воситаси қўлланилганда дори воситасининг хавфсизлиги ва самарадорлигига доир белгиланган талабларга унинг номувофиқлиги тўғрисидаги далиллар аниқланган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай дори воситасини муомаладан чиқариш ёки унинг қўлланилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади. “Фуфломицинлар рўйхати” деган тушунча мавжуд эмас.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 191-сонли Даволаш-профилактика муассасаларида шифокор томонидан тавсия этиладиган дори воситалари дорихоналарда мавжуд бўлмаган ҳолларда беморларга уларнинг ўрнини босувчи, таъсир этувчи моддаси бир хил бўлган бошқа аналогларга алмаштирилиши мумкинлиги белгиланган.

“Фуфломицинлар” яъни самарадорлиги бўлмаган дори воситалари рўйхати ҳақида мутахассислардан тайинли жавоб олишнинг имкони бўлмади. Шифокорлар ва провизор-сотувчилар билан мулоқотда бўлганимизда интернет тармоғида “Фуфломицинлар” деган рўйхатга кўзи тушмаганини ва бундай сўзни биздан эшитаётганини таъкидлаб, ортиқча изоҳга ўрин қолдирмадилар.

Тиббиёт фанлари доктори Дилдора Ҳайдарова: – Бундай рўйхат ҳақида эшитмаган эканман. Ҳар бир инсон организми индивидуал бўлади. Яъни бир инсонга ижобий таъсир этган дори воситаси бошқа кишига таъсир қилмаслиги ёки акс таъсир кўрсатиши мумкин. Дори воситалари ҳақида гап кетганда фойдали ё фойдасиз деб кескин ҳукм беришнинг иложи йўқ.

Дилором Саъдуллаева, психолог: – Инсонни руҳият бошқаради. Ўзини руҳан қўллаб-қувватлаган, дарддан фориғ бўлишига қатъий ишонган беморнинг соғайишига дори воситалари шунчаки сабаб бўлар эҳтимол. Элдан ошириб бир сўз айтиш мушкул – “Ихлос – халос”. Асл саломатликнинг кучи руҳият ва фикрда. Буюк табиб ибн Сино руҳиятни даволамай туриб жисм дардини даволаш мушкуллигини таъкидлайди. “Ихлос билан ичсанг ариқдаги сув ҳам шифо” деган гап ҳам бежиз эмас.

Ниҳоят...
Дори воситаларидан фойдаланмаслик ва уларнинг қай бири фойдали ё фойдасиз эканини мулоҳаза қилиб бош қотирмасликнинг ягона йўли – касал бўлмаслик. “Касал бўлмасликнинг иложи йўқ-да” деб, сўзимизни бўлмай туринг. Иложи бор. Қалб хотиржамлиги, шукроналик, севиш, севилиш, соғлом турмуш тарзи, ҳаракатчанлик, тўғри овқатланиш, табассум ва яхши нарсаларни ўйлаш – бетоб бўлмасликнинг кафолати. Муҳими ўзингизни яхши кўринг, қадрланг ва узоқ умр кўринг.
Умида АДИЗОВА тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Реклама қилинаётган дориларнинг таъсирига ишонасизми?