
Самарқанд шаҳрида кеча, 7 ноябрь куни кечқурун фожиали ҳолат юз берди — ёш қизалоқ қудуққа тушиб кетди, деб маълум қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, соат 22:48 да шаҳарнинг “Абу Райҳон Беруний” кўчасида жойлашган қудуққа бола тушиб кетгани ҳақида тезкор мурожаат келиб тушган. Бу хабарни олган заҳотиёқ, ФВВнинг қутқарув отрядлари воқеа жойига йўл олган.
Ҳодиса жойига етган қутқарувчилар махсус жиҳозлар ва хавфсизлик воситалари ёрдамида қудуққа тушиб, қизалоқни эҳтиёткорлик билан чиқаришган. Қизалоқ соғ-саломат ҳолда ота-онаси қўлига топширилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини эҳтиёткорликка чақирди. Хусусан, болаларни уй атрофидаги очиқ ёки таъмирланмаган қудуқлардан, чуқур жойлардан йироқда ушлаб туриш тавсия қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Бахмал туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган — қутқарувчилар ҳожатхона тешигига тушиб кетган болани ҳаётини асраб қолишган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!