11:57 / 25.02.2019
6 403

Энди Ўзбекистонда «тиббиёт посбонлари» пайдо бўлади

Энди Ўзбекистонда «тиббиёт посбонлари» пайдо бўлади
Қарийб бир ойдан буён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи жойларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ўрганишлар жараёнида соҳада учраётган кўплаб муаммолар ҳам аниқланиб, уларни тизимли равишда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, ана шундай масалалардан бири чекка, шифохоналардан олисда жойлашган аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти билан боғлиқ.

Таҳлиллар бундай аҳоли пунктларида фуқаролар оддийгина масалалар — шифокорнинг бир оғиз маслаҳатию арзимас ёрдами билан ўз ечимини топадиган ҳолатларда ҳам ҳуда-беҳуда “Тез ёрдам”ни чақиришини кўрсатмоқда.

Ана шуни эътиборга олган ҳолда, аҳоли билан мулоқотлар чоғида келиб тушаётган таклифлар асосида парламент қуйи палатаси депутатлар аниқланган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган кўплаб ташаббуслар қаторида ушбу масаланинг ечимини топишда амалий ишга қўл урдилар.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини, жисмоний фаоллигини ошириш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббий профилактика ўтказиш сифатини яхшилаш, фуқароларнинг санитария-гигиеник маданиятини юксалтириш борасида юртдошларимизнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, Хатирчи туманида “тиббиёт посбонлари” фаолияти тажриба тариқасида йўлга қўйилмоқда.

Маълумки, ҳозирда қарийб барча қишлоқ ёки маҳаллада пенсиядаги, кўп йиллик тажрибага эга шифокорлар яшайди. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй азалдан уларга мурожаат этиб келади.

Ишлаб чиқилган тегишли низомга кўра, энди “тиббиёт посбонлари”, яъни пенсиядаги олий маълумотли шифокорлар, шунингдек, тиббиёт муассасаларида ишлаб турган шифокорлар бўш вақтида ўзлари яшайдиган ҳудудларда аҳолига уларнинг мурожаатлари асосида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, тиббий профилактика ўтказадиган бўлмоқда. Албатта, бу ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Бунда туман тиббиёт бирлашмаси тегишли қишлоқ оилавий поликлиникалари (ҚОП), қишлоқ врачлик пунктларининг (ҚВП) тавсиясига кўра, ҳудудда яшайдиган “тиббиёт посбонлари” рўйхатини Халқ депутатлари туман Кенгашига тасдиқлаш учун киритади. “Тиббиёт посбонлари” ҳақидаги маълумотлар аҳолига таништириш учун тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларга ва таълим муассасаларига юборилади. Улар истиқомат қиладиган хонадонлар эшигига эса «Ушбу хонадонда шифокор истиқомат қилади» деган маълумот ёзиб қўйилади. Уларга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тегишли гувоҳнома берилиши ҳам мумкин.

“Тиббиёт посбонлари” тегишли ҚОП, ҚВП томонидан зарур тиббий жиҳозлар, жумладан, тонометр, фонендоскоп, термометр ва дори воситалари жамланган сумка, мурожаат қилувчиларни қайд этиш дафтари билан таъминланади.

“Тиббиёт посбонлари” ўзи яшайдиган ҳудуддаги аҳолининг мурожаатига асосан, уларга маслаҳатлар беради. Зарурат туғилса, биринчи тиббий ёрдам кўрсатади. Мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, уни кўрикдан ўтказиб, муайян тиббиёт муассасасига юбориши ёки мутахассисга учрашиши тўғрисида тавсия беради. Зарур ҳолларда эса, тегишли тиббиёт муассасаларига олиб боришда ҳамроҳлик қилади. Беморнинг соғлиғига оид маълумотларни кейинчалик тиббий хизмат кўрсатиш учун ҚОП ёки ҚВПларга етказади. Маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва шу ҳудуддаги бошқа ташкилотларда аҳолининг соғлом турмуш тарзини, жисмоний фаоллигини ошириш, аҳолининг тиббий, санитария-гигиеник маданиятини юксалтиришга оид тушунтириш ишларини олиб боради.

Албатта, ҳудуд аҳолисига биринчи тиббий ёрдам беришда фаоллик кўрсатган, аҳолининг ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлган “тиббиёт посбонлари”ни рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилади.

“Тиббиёт посбонлари”нинг пайдо бўлиши аҳоли томонидан “Тез ёрдам” чақиришлар сонини камайтиришга ёрдам беради. Қишлоқ врачлик пунктлари устидан шифокорлик назоратини амалга оширишга ҳам кўмаклашади. Энг муҳими, чекка-чекка, тиббиёт муассасаларидан олис ҳудудларда яшовчи аҳолига ўз вақтида, ишончли ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини оширади.

Хатирчи тумани тажрибаси ўзини оқласа, ушбу ташаббусни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш кўзда тутилмоқда, дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди Ўзбекистонда «тиббиёт посбонлари» пайдо бўлади