Самарқандда жаҳон миқёсидаги нуфузли тадбир — UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилиши муносабати билан шаҳарга кириш йўллари вақтинчалик ёпилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги расмий хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 30-октябридан 14-ноябрига қадар Самарқанд вилояти орқали транзит тарзда ҳаракатланувчи автотранспорт воситалари учун айланма йўллар ташкил этилади. Бу даврда шаҳар марказига кириш вақтинчалик чекланади.
Ҳаракатни енгиллаштириш ва ҳайдовчилар учун қулайлик яратиш мақсадида махсус флаерлар тайёрланган бўлиб, улардаги QR-код орқали айланма йўллар ҳақидаги барча маълумотни мобил илова орқали кўриш мумкин бўлади.
Ички ишлар вазирлиги шундай деб мурожаат қилган:
“Мазкур кунларда Самарқанд шаҳрига ташриф буюришни режалаштираётган бўлсангиз, имконият бўлса, сафарни бошқа кунларга кўчиришингизни сўраймиз. Бу чоралар йирик халқаро анжуманни хавфсиз ва муваффақиятли ўтказиш учун амалга оширилмоқда”.
Эслатиб ўтамиз, UNESCO — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маориф, фан ва маданият бўйича ихтисослашган тузилмаси бўлиб, сессиянинг асосий мавзулари жаҳон миқёсидаги долзарб масалаларни қамраб олади. Улар орасида маданий меросни муҳофаза қилиш, сунъий интеллект этикаси, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш, шунингдек, аёлларнинг фан соҳасидаги ўрни каби мавзулар бор.
Анжуман Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасида ўтказилади ва у 1985 йилдан бери биринчи марта ташкилот бош қароргоҳи жойлашган Париждан ташқарида ўтказилаётган сессия ҳисобланади.
Тадбир давомида Самарқанд жаҳон эътиборида бўлиши кутилмоқда. Мутасаддилар шаҳарда хавфсизлик ва транспорт назоратини кучайтириш чораларини кўрмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!