09:15 / 05.04.2019
3 159

Президент видеоселектори: Пойтахтнинг 7 та туманида бош солиқчилар ишдан олинди

Президент видеоселектори: Пойтахтнинг 7 та туманида бош солиқчилар ишдан олинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Биринчи чоракда мамлакатимиз бўйича бюджет тушумлари тўлиқ бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп ижро этилган. Чорак якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадлари режага нисбатан 1 триллион 253 миллиард сўм ортиғи билан бажарилиб, ҳудудлар ихтиёрида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолди.

«Маҳаллий бюджетда қанча кўп даромад бўлса, долзарб бўлган ижтимоий масалаларни шунча тезкорлик билан ҳал қилиш мумкин. Қўшимча маблағлар, жумладан, «Бешта ташаббус», «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ичимлик суви», «Ҳар бир оила тадбиркор» каби давлат дастурларини жойларда тизимли амалга ошириш, халқнинг даромадини кўпайтириш ва ҳаётини яхшилаш учун зарур бўлади», дея давлат раҳбари сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев ушбу вазифани ҳамма раҳбар ҳам бирдек англаб етмаётганини кескин танқид қилган. Жумладан, бюджетга жами тушумлар прогнози 9та туман ва шаҳарда бажарилмаган.

Айниқса, Тошкент шаҳрининг ўн бир туманидан 7тасида жами тушум прогнози бажарилмаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод этилди (Учтепа, Миробод, Бектемир, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур ва Сергели туманлари - таҳр.).

Шаҳар ҳокимлиги ва солиқ идоралари раҳбарларини бюджетга тушумларни таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Бундай ҳолатлар бошқа вилоятларда ҳам қайд этилган. Шу сабабли Давлат солиқ қўмитасига маҳаллий бюджетга тушум прогнози бажарилмаган бир қатор туман ва шаҳар солиқ идоралар раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини танқидий кўриб чиқиш топширилди.

Маълумки, Ўзбекистон солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий мақсади солиқ юкини тенг тақсимлашдан иборат.
Президентимиз таъкидлаганидек, солиқ ислоҳотларини самарали амалга ошириш учун ҳукумат олдида жуда кўп вазифалар турибди.
Жумладан, жорий йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони қарийб 5 бараварга ошган.

Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари самарали ташкил этилмагани сабабли ушбу тизимга янги ўтган 26 мингта корхонадан 9 мингтаси тегишли солиқ ҳисоботларини топшира олмаган.

Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат солиқ қўмитасига бир ой муддатда халқаро экспертлар билан бирга Ўзбекистонда солиқ ислоҳотларини амалга оширишда вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Бюджет тушумларини таъминлашдаги асосий тўсиқлардан бири иқтисодиётда норасмий фаолиятнинг сақланиб қолинаётганидир.
Президент бу борадаги ишлар натижалари мутлақо қониқарли эмаслигини таъкидлаган. Шу сабабли бу борада қабул қилинган дастурий чораларни жонлантириш топширилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент видеоселектори: Пойтахтнинг 7 та туманида бош солиқчилар ишдан олинди