21:52 / 07.04.2019
2 846

Канбожжа фан мафияси – 1 (сатирик ҳаётий ҳикоя)

Канбожжа фан мафияси – 1 (сатирик ҳаётий ҳикоя)
Темир панжара ўрнатилган дарчадан тушган қуёш нури икки кишилик тор камерани оз бўлса-да ёритиб турарди. Бетон полга тушган сояга термилиб ўтирган йигитнинг хаёлини тарақлаб очилган темир эшик овози бузди. Қамоқхона назоратчиси камерага ёши эллик билан олтмишнинг ўртасида бўлган бир кишини олиб кирди. Йигит бу янги хонадошига илк бора қараркан, танасида қандайдир совуқлик сезди. Хонадошининг юзи тунд, нигоҳлари сўлғин, киприкларини тез-тез юмишидан унинг бирмунча асабий ҳолатда эканлигини англаш қийин эмасди. Янги меҳмон икки кун сукут сақлади, ҳатто зарурат юзасидан бўлса-да гапирмади, имо-ишора билан мақсадини тушунтириб қўяқоларди. Йигит бир муддатга у соқов бўлса керак, деб ҳам ўйлаб қолди.

Учинчи куни кутилмаганда меҳмоннинг ўзи биринчи бўлиб гап бошлаб қолди:
- Хафа бўлмайсан ука, танимаган, билмаган одам билан бирдан чиқишиб кетмайман. Энди буёғига анча вақт бирга ўтирамиз чоғи. Сенга қанча йил беришган, қайси статья билан кесишди?
- Хайриятей! Сизни соқов бўлса керак, деб ўйлашни бошловдим. Менга 7 йил беришди, бир арбобни хумордан чиққунча дўппослаганим учун.
- Ия, жа апасни болаякансану. Эҳтиёт бўлиб гаплашаман шекилли, сен билан. Майли чиқишиб кетамиз, ҳар ҳолда мени бу ерда дўппосламасанг керак.
Шу тахлитда гаплари қовушиб кетган бу икки маҳбуснинг ўзаро суҳбатлари жуда қизиқ, муҳими ҳаётий туркум ҳикояларга асос бўладиган сюжетларга бой бўлди.

Биринчи ҳикоя: “Фан”га кириш
Биласанми, мен ўзига тўқ оиланинг фарзанди бўлганман. Онам боғча мудири, отам прокурор эди. Университетга опкириб қўйишган, амаллаб битирволса прокурор қиламан, деб ўйлаганди отам. Лекин университетда домлаларнинг топиши ҳам ёмонмасакан. Ўзим жуда тупой бўлмаганман, ҳар ҳолда бирор нарсани ёдлаб олсам, унча-мунчасига гап бермасдим. Хуллас, диплом ишини эл қатори ёзиб беришди. Лекин ҳимояда шунақа сайрабманки, диплом раҳбарим ҳимоядан кейин чақириб алоҳида суҳбат қилди. Университетда қолишим, илмий иш ёқлаб унга шогирд бўлиб юришимни таклиф қилди. Бошида ассистент бўлиб ишлаб юрдим. Дарс бериш менга семичка чақишдек гап бўлиб қолди. Жуда гапим тугаб қолса, бир баҳона топиб талабаларга жавоб бервораман. Биров бир нарса деёлмайди, устознинг факультетда гапи гап.

Қолаверса, факультетдаги аксарият амалдагилар, ҳатто университетдагилар ҳам домланинг “маҳсулоти” эди. Қитай тилини яхши билишим устозга жуда маъқул келди, тез орада унинг ўнг қўлига айландим. Энди дарсам ўтмайман. Ишим домла берган қитай тилидаги диплом ишларни канбожжа тилига ўгириш. Бора-бора тажрибам ортиб, илмий ишларниям таржимасига уста бўлиб кетдим. Устоз ўзимгаям битта яхши диссертацияни атаб қўйибди. Таржимани тугатиб, диссертациянинг ҳар бир бобидан устоз кўрсатмасига асосан илмий мақола тайёрлайман. Устоз бундай мақолаларни ўзининг гапи ўтадиган журналларда керакли одамларнинг номидан чиқарворади. Менга ҳам шу усулдан фойдаланди.

4 йил деганда биринчи илмий даражани олволдим. Буёғига энди салкам ас бўлиб қолгандим. Устоз мавзуни беради, мен эса қитай тилидаги тайёр диссертацияларни топаман. Базамиз анча кенгайиб қолди. Диплом ишларидан келадиган чойчақаларни ўзимга ўхшаган 2 та шогирдга ажратганман, диссертацияларга ҳали улар ёшлик қилади. Хуллас, йиллар ўтгани сайин илм соҳасида, тўғрироғи таржима соҳасида анча етукликка эришдим. Устозим энди иккинчи илмий даражани олишга тайёрлигимни айтганда, келажакдаги имкониятларни тасаввуримга келтириб бир ғаройиб ҳаяжонга тушганим ҳалиям эсимда.

Диплом ишларида иш осон, талаба бир қисмни ёдлаб олиб 5 минут гапиришга яраса бўлди, ҳимояда бари ўзимизникилар ўтиради. Лекин илмий даража олиш учун ёзиладиган диссертация иши сал мураккаброқ, шунга яраша ставкасиям анча. Бошида 5 минг кўкига ёзардим. Вақт ўтиб илмий даража олиш талаблари ортган сари бизнинг ставкаям ортиб борди. Пулни лекин олдиндан оламиз. Мақолалар чиқиб бўлгунича муддат ўтиши керак. Ўртача муддатни 3 йил деб оламиз. БАК деган ташкилот бор, илмий даражаларни назорат қилади, “Бош аттестация комитети” дейилади. Бекорга отини бак қўйишмаган: ичини тўлдириб қуймасанг – мошинанг юрмайди. Ўша ерда одаминг бўлиши жуда муҳим шарт.

Уларнинг диплом беришидамас гап. Асосий гап улар диссертацияни дастлаб кўчирмакашликка текширадиган бўлими, кейин аноним тақризчиларга жўнатиш ваколати борлигида. Билдингки, кўчирмакашликка яхшилаб текширса, қитай тилидаги манбани топиб олишади. Демак, улар билан келишишинг керак. Таваккал қилиб бўлмайди. Аноним тақризчиларни ҳам ўзингга керакли одамларга жўнатишларини таъминлаш учунам келишасан. Хуллас, олган 5 минг кўкини мингдан ортиқроғи ўша чиқимларга кетарди. Тўғри, бошида бу пул катта эмасга ўхшаб кўринди, лекин бирданига 5-6 та, кези келганда 10талаб ишларни бирданига бошлаганим учун яхшигина пул йиғволардим. Бу ишлар ҳар доим ҳам силлиқ кетмасди, вақти-вақти билан тизимда ислоҳот қиламиз деб қолишарди. Шунда пайтавамизга қурт тушарди.

Уйқунг кепқопти-ку, майли давомини эртага айтаман.
Канбожжа тилидан таржимон Қанди Дод ўгирди
(давоми бор)

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Канбожжа фан мафияси – 1 (сатирик ҳаётий ҳикоя)