09:26 / 31.05.2019
3 924

Суриядан қайтганлар: «Бизни қутқариб олиш осон бўлмади...»

Суриядан қайтганлар: «Бизни қутқариб олиш осон бўлмади...»
30 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан 156 нафар ватандошимиз Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан Ўзбекистонга қайтарилди. Улар Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди.

Республика махсус хизматлари томонидан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилган «Меҳр» номли мазкур амалиёт доирасида ватанга қайтарилганларнинг асосий қисмини аёллар ва ёш болалар ташкил қилади. Жумладан, улардан 48 нафари аёллар ва 107 нафари эса ёш болалардир.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, ушбу гуманитар амалиёт инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этган ҳолда, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг меъёр ва тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилди. «Бу хорижий жангари-террористлар билан алоқадор ҳамда терроризм қурбонлари бўлиши мумкин бўлган аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш муҳимлиги БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2396-резолюцияси билан ҳам тасдиқланган», дейилади баёнотда.

Тошкент халқаро аэропортидаги кутиб олиш тадбирида қатнашган Kun.uz мухбири тадбир жараёнларини ёритиши билан бирга экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ғоялари қурбони бўлган турмуш ўртоқлари ёки бошқа яқинлари таъсирида ўйламай қадам босган аёллар ва уларнинг болаларидан бир нечтаси билан суҳбатлашди.

«Дадам урушда ўлди, энди мактабда ўқимоқчиман»
(Биринчи суҳбатдош Зарина, 11 ёшда)
Самолётдан тушиб келаётган бу қизалоқни суҳбатга тортар эканмиз, унинг кўзларидаги мунг ва ўзи айтиб берган тақдирини эшитиб даҳшатга тушдик.

«У ёққа (Сурияга – таҳр.) 3 йил аввал дадам, онам билан кетганмиз. Бу ерга (Ўзбекистонга – таҳр.) онам билан қайтдик. Дадам урушда ўлдилар. Сурияда мактаблар йўқ эди, энди мен ҳам мактабда ўқимоқчиман».

«Бизни курдлардан қутқариб олиш осон бўлмади...»
(Иккинчи суҳбатдош Фотима Нишонова, 65 ёшда)
Заринани кузатиб қўяр эканмиз, қўли боғлиқ ҳолда самолётдан тушиб келаётган кекса ёшли аёл эътиборимизни тортди.

«Исмим Фотима, ёшим олтмиш бешда. Бундан беш йил аввал қизим ва уч набирам билан ўша давлатдаги танишларимизнинг уй бепул, сизларга кўп пул беради, деган ваъдаларига ишониб Сурияга кетдик. Кўп вақт ўтмай бизни чақирган йигитларнинг ўзлари ҳам урушда ўлиб кетишди. Қайтишга эса йўл тополмадик», дейди суҳбатдошимиз.

Қўлингизга нима бўлди, дея берилган саволга эса, икки йил аввал портлаган бомбадан қўли қаттиқ жароҳатлангани, тиббий воситалар йўқлиги туфайли вақтида даволай олмай, ҳозирги пайтда қўлини ишлатолмай қолганини айтди.

«Бизни қутқариб олган инсонларнинг барчасидан Аллоҳ ўзи рози бўлсин.

Энг охирида бизни курдлар қўлидан қутқариб олиш ҳам осон бўлмади, лекин мана шу йигитларимиз қатъий туриб бизни олиб кела олишди. Бир бор адашдик, бизни кечиришларини сўрайман», дея кўзига ёш олди Фотима опа.

«Бизни олиб келишаётганда бошқалар ҳавас қилиб қолишди»
(Учинчи суҳбатдош Шаҳризода Файзуллаева, 40 ёшда)
Навбатдаги суҳбатдошимизнинг тақдиридаги бу каби ўзгаришларга оиладаги оддий келишмовчилик ва оилабоши - эркак кишининг ўйламасдан айтган сўзи (талоқ – таҳр.) сабаб бўлган.

«Турмуш ўртоғимнинг шу сўзидан кейин уни қайтиб олиш мумкинми, йўқми билиш мақсадида интернет сайтларига кира бошладим.

Интернет сайтлардан саволимга жавоб излаб, Сурияда яшаётган ўзбек миллатига мансуб бир киши билан танишиб қолдим. У Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган, шу соҳада кўп йиллар ишлаган киши экан. Менинг диний масаладаги саволларимга ҳам жавоб берарди, ҳатто менга талоқ масаласида фатво берди, афсуски, бу маълумотларнинг кўпи ёлғон эканлигини кеч билдим.

У доим бу ерда кучли диний билим оласан, кўп пул ҳам топасан дерди. Шу ваъдаларга ишониб, гулдай қизимни ташлаб Туркия Республикаси орқали Сурияга кетдим.

Интернет орқали танишган ўша инсон мени Туркия чегарасида кутиб олди ва Суриянинг Раққа шаҳрига олиб кетди.
Суриядаги ҳаёт ҳақиқатда оғир эди. Аёлларга ёнида эркак киши бўлмаса кўчага чиқиш мумкин эмас.

Фикримча, инсон кўриши мумкин бўлган энг ноҳақ ҳаёт тарзи айнан ўша уруш кетаётган мамлакатда эди.
Сурияга бориб қолган инсонларнинг аксарияти тез ишонувчан, оми одамлар бўлган. Менга алам қиларди, наҳотки, мен ҳам улар қаторидаман.

Сурияга борганимнинг биринчи йилида қайтишимга ишонардим, лекин охирги икки йилда у ерда шунчалик кўп урушлар бўлди, қаттиқ очарчилик бўлди ва шунчалик кўп одам ўлдики, энди Ўзбекистонга қайта олишимдан умид уздим, менинг ҳам ўлигим ўша ёқларда хор бўлиб қолиб кетади деб ўйлардим. Ўлимни кутиб яшардим, шундан бошқа умид йўқ эди менда.

Ёнимдаги кўпчилик ёш қизлар, болалар фақат урушни, бузилган, вайрон бўлган хароба биноларни кўришган ва чодирларда яшашган.

Самолётда учиб келар эканмиз, улар Ўзбекистондаги баланд бинолар, яшил табиатни кўришди. Мен уларга энди шу ерда, бахтли яшашларини, ўқиб, илм билан шуғулланишларини айтиб далда бердим.

Биз ҳозир қайтиб келган жойларда ҳамон французлар, инглизлар, малайзияликлар, умуман, жуда кўп миллат кишилари яшашади. Яқинда бизни ушлаб турган курд аскарлари бизни ватанимизга олиб кетиш учун ёрдам келаётгани ҳақида айтишди.

Буни эшитган бошқа миллатдагилар бизга шунчалик ҳавас қилишдики, мен ўша пайтда илк бор ўзбек эканлигимдан, бизни яхши кўрувчи инсонлар, миллатдошларим борлигидан фахрланиб кетдим, кўп йиғладим», дейди Шаҳризода Файзуллаева.

Биз имкониятдан фойдаланиб, ватанига қайтган яна бир нечта аёллар ва болалар билан ҳам суҳбатлашдик. Ва шуни тушундикки, суҳбатдошларимиздан ақлини таниб улгургани борки, улар ватанга қайтганидан хурсанд, адашиш ортидан бориб қолган бегона юртда уларни қолдириб қўймаган мамлакат Президентидан миннатдор.

«Меҳр» амалиёти давомида Ўзбекистонга қайтарилган ватандошларимиз ҳаво кемасидан тушишлари билан уларга замонавий автобуслар ҳозирланди.

Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга эндиликда ҳукумат томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Kun.uz мухбирига айтишича, ватанига қайтарилган кўпчилик аёллар ва болалар фуқароликка эга эмас, шу боисдан уларга тезкорлик билан фуқаролик бериш чоралари кўрилади. Аёлларга тегишли тартибда нафақа ажратилади, болалар эса соғломлаштириш учун вақтинчалик болалар боғчаси ва махсус мактабларга жалб этилади.

«Аёлларнинг доимий иш билан банд бўлишини таъминлаш мақсадида, тадбиркорлик учун кредит маблағлари ажратилади», дейди Абдуҳакимов.

Хабардаги айрим шахсларнинг маълумотлари ўзгартирилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Суриядан қайтганлар: «Бизни қутқариб олиш осон бўлмади...»